Чиқирчи. Аҳоли сифатсиз сув қувурлари ёрилишидан азоб чекмоқда

Чиқирчи Янгиариқ туман марказидан анча йироқда – Қорақум этакларида жойлашган қишлоқ. Бу ерда тоза ичимлик сувининг қатраси тиллога тенг. Аҳоли талаби инобатга олиниб, икки йил муқаддам ҳудудга 15 км узунликда сув қувурлари ётқизилган эди.
- Бу сув қувурлар шу даражада сифатсиз эканки, босимга чидамасдан ёрилиб ётибди, - дейди Эгам ота Бекжонов. – Олдинлари темир қувурлар фақат қиш пайти музлаб қолгани сабаб ёрилар эди. Янгилари эса қишин-ёзин ёрилавераркан.
- Баъзан ичимлик суви 15-20 кунлаб тармоқдан узиб қўйилади. Сабабини ҳеч ким билмайди. Тўловлар эса ҳамиша ўз вақтида тўлаб борилади. Ёзда ҳаво Урганчда +45 даражага кўтарилса, саҳрога туташ ҳудуд саналган Чиқирчида +50-55 даражага етади. Ана шундай пайтда сувсиз қолиб кетишни тасаввур қилинг, - дейди Реймажон Мадримова.
Туман кенгаши депутати Р.Маткаримов қишлоқдаги сифатсиз қувурлар ва ичимлик суви таъминотидаги узилишлар борасида тегишли мутасаддиларга бир неча марта мурожаат қилганини таъкидлайди. Аммо натижасиз...
- Мана, сиз кўриб турган кўчалар сув билан тўлиб-тошмоқда, - дея арзи ҳол қилади Ўғилжон Қурбонов. – Бу ердан кўплаб ёшуллилар машинани ғизиллатиб ўтишади. Мавжуд муаммо устида бош қотириш мутасаддиларнинг хаёлига ҳам келмаётган кўринади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter