«Давлат ўзи бермаган ҳаётни олишга ҳаққи йўқ» — депутат ўлим жазоси тикланишига қарши чиқди
«Миллий тикланиш» партияси лидери Алишер Қодиров кеча, 10 июл куни Тошкент шаҳри Яшнобод туманида содир бўлган ваҳший қотиллик «иши»га ўз муносабатини билдириб, бу турдаги жиноятни содир этганларнинг «яшамаслиги керак»лигини таъкидлаганди.
Бегуноҳ гўдакнинг умрига зомин бўлган кимсаларнинг яшашга ҳаққи йўқ, дея билдирилган иддао «ўлим жазосини тиклаш керак» дегандек гап. Бир қарашда адолатли ва мақбул ечимдек кўринадиган ушбу таклифга мутлақо қўшилмайман, дея муносабат билдирди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Одилжон Тожиев.
Депутат бунинг сабабини қуйидагича изоҳлади:
Биринчидан, ўлим жазоси эҳтимолий нохолис ўтказилган тергов ёки нотўғри чиқарилган ҳукм таъсирида жазоланган бегуноҳ инсоннинг ҳаёти бутунлай йўқотилишига олиб келиши мумкин.
Тарих тирик гувоҳ. Суд қарори қанчалик адолатли кўринмасин, йиллар ўтиб жиноятчи аслида умуман бошқа шахс бўлганлиги аниқланган кейслар жуда кўп. Мисол учун каннибал Чикатило. Унинг қотиллиги деб бошқа инсон ўлим жазосига ҳукм қилинган.
Иккинчидан, ўлим жазоси жиноятчилик даражасига таъсир кўрсатмайди.
Жиноятлардан тийиб турадиган самарали воситалардан бири жазонинг шафқатсизлигида эмас, муқаррарлигида намоён бўлади.
Қолаверса, ўзга бир инсоннинг умрига нуқта қўйишга сабабчи бўлган қотилга ўлим жазосини берсак, ўша ваҳший кимсадан фарқимиз қолмайди.
Давлат ўзи бермаган ҳаётни олишга ҳаққи йўқ, деб ўйлайман. Яшаш бу табиий ҳуқуқ!
Ўлим жазосини тиклаш керак деганларга Конституция китобини совға қилиш керак, қайд этади Одилжон Тожиев.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter