Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Давлат хизматлари соҳасида қандай қонун бузилишларга йўл қўйилган? Уларнинг сабаблари нимада?

Давлат хизматлари соҳасида қандай қонун бузилишларга йўл қўйилган? Уларнинг сабаблари нимада?

Фото: Давлат хизматлари агентлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Давлат хизматлари агентлиги томонидан ўтказилган семинарда айнан шу масалаларга эътибор қаратилди.

Давлат раҳбари томонидан куни кеча кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида бизнес юритиш, лицензия ва рухсатномаларни олиш бўйича киритилган янгиликлар амалиётда ҳали тўлиқ ишга тушиб кетмаётгани танқид қилинди.

Бугунги кунда Давлат хизматлари ягона реестрига киритилган 693 та хизмат туридан атиги 103 таси, яъни 15 фоизигина Давлат хизматлари марказлари орқали ҳамда электрон тарзда кўрсатилади. Табиийки, бу жараён тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган шахсларга қийинчилик туғдиради.

ДХА директори ўринбосари Н. Муҳаммадиев таъкидлаганидек, ушбу вазифаларни амалга оширишда Агентлик ҳамда давлат органлари доимий равишда яқиндан ҳамкорликни амалга ошириши зарурдир. Давлат органларидаги мавжуд маълумотлар базаларини электрон кўринишга ўтказмай туриб эса, Президент томонидан белгиланган топшириқларни бажариш қийин.

Давлат хизматлари агентлигининг асосий вазифалари этиб жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, шунингдек тегишли ахборот тизимларини жорий этиш бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини назорат қилиш белгиланган.

Бу ишларни амалга ошириш учун Агентликка давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органлари фаолиятини қонун ҳужжатлари ва маъмурий регламентлар талабларига риоя этилишини текшириш, уларнинг раҳбарларига аниқланган қонунбузилишлар бўйича кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш, давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилишига йўл қўймаслик ҳақида мансабдор шахсларни ёзма равишда огоҳлантириш ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун ваколатли идорларнинг мансабдор шахсларига нисбатан маъмурий жазо кўллаш ҳуқуқи берилди.

Шунингдек, айбдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортишнинг ҳуқуқий асосида сифатида ўтган 2018 йил 23 июлдаги Ўзбекистон Республикаси Қонунига асосан Давлат хизматлари агентлигига маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва жарима тариқасидаги маъмурий жазо чораларини қўллаш ваколати берилди.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 215-5 ва 245-5-моддалари билан тўлдирилди.

Афсуски, ўтказилган ўрганишлар ва текширишлар давомида давлат хизматларини кўрсатувчи ваколатли идоралар томонидан 2018 ва 2019 йилнинг биринчи ярим йиллик давомида жами 223 мингдан ортиқ қонун бузилиши ҳолатлари аниқланди.

Улар бўйича киритилган таъсир чоралари натижасида мингдан ортиқ шахслар интизомий жавобгарликка тортилди шундан, 100 га яқини эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, 2 900 дан ортиқ шахсларга маъмурий жазо чоралари қўлланилди.

Юқоридаги рақамлардан кўриниб турибдики, давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида ваколатли идоралар томонидан ўзларига юклатилган вазифаларга масъулиятсизлик билан ёндашилаяпти.

Масалан, 2018 йил давомида Давлат хизматлари агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан 71 674 та муддати бузилган, 2 744 та ҳолатда ортиқча ҳужжат талаб қилиб олган, 6 200 та ҳолатда тўғридан-тўғри давлат хизматлари кўрсатилган, 496 таси асоссиз рад этилган, 7 531 таси бошқа қонун бузилишлар аниқланган.

Агар ушбу қонун бузилишларни ҳудудлар бўйича таҳлил қиладиган бўлсак, энг кўп қонун бузилиш Сурхондарё вилоятига тўғри келган, яъни вилоятда 16 311 та, Тошкент вилоятида 11 354, Самарқанд вилоятида 8 439 та, Тошкент шаҳрида 8 300 та ва ҳ.к.

Асосий урғу давлат хизматлари кўрсатиш жараёнини электронлаштириш ва идораларнинг маьлумотлар базаларини рақамлаштирилиши жараёнини тезлаштиришга қаратилди.

Семинар давомида Агентлик масъул ходимлари томонидан мазкур камчикларни бартараф этиш учун бир қатор таклифлар киритилди.

Тадбир иштирокчиларига Давлат хизматлари агентлиги томонидан тайёрланган махсус амалий-услубий қўлланма тарқатилди.

Давлат хизматлари агентлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг