Депутатлар илк марта «Менинг фикрим» орқали келиб тушган петицияни кўриб чиқди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси «Mening fikrim» веб-портали орқали келиб тушган жамоавий мурожаатни биринчи марта кўриб чиқди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Матбуот хизматига таяниб «xs.uz» хабар берди.
Хабарда айтилишича, порталда жорий йилнинг июнь ойида фуқаро Н.Макаренко томонидан «Қишлоқ ва шаҳар ҳудудларида дарахтларни муҳофаза қилиш тизимини ислоҳ этиш тўғрисида»ги электрон жамоавий мурожаати жойлаштирилган бўлиб, у Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан тасдиқланган Низом талаблари асосида 10 минг овоз тўплагандан сўнг, кўриб чиқиш учун Қонунчилик палатасига киритилди.
Мазкур мурожаатда қишлоқ ва шаҳарларда дарахтларни ноқонуний кесишнинг олдини олиш, кесишга рухсатномалар бериш тартибини такомиллаштириш, дарахтларни ноқонуний кесганлик учун жавобгарликни кучайтириш, соҳага инновацион технологияларни жорий этиш, агротехник тадбирларни ўтказиш билан боғлиқ таклифлар билдирилган.
Маълумотларга қараганда, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ихтисослашган инспекцияси томонидан биргина Тошкент шаҳри бўйича 2018 йил олти ойи давомида 95 нафар шахсга нисбатан дарахтларни ноқонуний кесганлик учун 17 миллион сўмдан ортиқ жарималар солинган, 62 та ҳолат юзасидан 10 миллион сўмдан зиёд жарималар ундирилган, 86ҳолат бўйича 930 миллион сўмдан кўпроқ ўсимлик дунёсига етказилган зарар аниқланган.
Мазкур жамоавий мурожаат белгиланган тартибда Экоҳаракат депутатлари гуруҳи, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалари қўмитаси томонидан мутасадди вазирлик, идоралар вакиллари ҳамда экспертларни жалб этган ҳолда ўрганиб чиқилди.
«Mening fikrim» веб-порталида кўтарилган ушбу масала илк бор мамлакатимиз парламенти — Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2018 йил 27 июль куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлиси кун тартибига ҳам киритилиб, депутатлар томонидан атрофлича муҳокама этилди.
Жамоавий мурожаатни кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси унда кўтарилган масалаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган тегишли қарор қабул қилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter