Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ДХХ Фарғонада гиёҳванд моддалар савдосига қарши тадбирлар ўтказди

ДХХ Фарғонада гиёҳванд моддалар савдосига қарши тадбирлар ўтказди

Иллюстратив фото.

ДХХ ходимлари томонидан Фарғона водийсида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида гиёҳванд моддаларнинг мамлакатимизга олиб кирилиши ва реализация қилиниши билан боғлиқ бир нечта ҳолатларга чек қўйилди.

Хусусан, Андижон вилояти Хўжаобод туманида яшовчи М.Мамиров ва Ж.Шокировлар келаётган  автомашина Андижон тумани ҳудудида тўхтатилиб, текширилганда, унинг салон қисмида 997 гр. “гашиш” моддаси борлиги аниқланди. Терговга қадар текширув жараёнида маълум бўлишича, Мамиров ва Шокировлар маҳаллий фуқаро М.Сулаймонов ҳамда Хўжаобод туманида истиқомат қилувчи Қирғизистон Республикаси фуқароси О.Шерматовлар билан ўзаро жиноий тил бириктириб, қўшни давлатдан контрабанда йўли билан олиб ўтилган ушбу гиёҳванд моддаларни сотиш орқали мўмай даромад топишни режалаштиришган.

Андижон вилояти Марҳамат тумани Дўстлик МФЙ ҳудудидан ўтувчи “ўзбек-қирғиз” давлат чегараси бўйлаб ҳаракатланган фуқаро Хакимова ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан тўхтатилиб, текширилганда, унинг ёнида 1 кг 905 гр. “гашиш” гиёҳванд моддаси борлиги аниқланди ва процессуал тарзда расмийлаштириб олинди.

Бу каби ҳолат Наманган вилоятида ҳам қайд этилди. Жумладан, ДХХ ходимлари ўтказган тезкор тадбирда “Чуст-Наманган” йўналиши бўйича ҳаракатланиб келаётган “Жентра” русумли автомобиль тўхтатилди. Наманган шаҳрида яшовчи, муқаддам судланган У.Халилов бошқарувидаги ушбу автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг салон қисмида 1 кг 994 гр. “гашиш” моддаси борлиги маълум бўлди.

Фарғона вилоятида кузатилган ҳолатда эса Водил қишлоғида яшовчи, муқаддам судланган Н.Хакимов жиноий шериклари бўлган Марғилон шаҳрида яшовчи Р.Абдуллаев ва Т.Ориповлар берган 5 минг АҚШ долларига айланма йўллар орқали Қирғизистоннинг Қадамжой районига бориб, “Қаҳрамон” исмли шахсдан 987 гр. “гашиш” моддасини сотиб олади. Сўнгра ноқонуний равишда давлат чегарасини кесиб ўтиб, Фарғона шаҳрида оғуни Абдуллаев ва Ориповларга берган вақтида, уларнинг барчаси ДХХ ходимлари томонидан қўлга олинди. Бундан ташқари, уларнинг ёнидан топилган 32 млн 360 минг сўм ҳам ўрнатилган тартибда олиб қўйилди.

Ўтказилган тезкор тадбирлар давомида жами 7 кг 781 гр. “гашиш” гиёҳванд моддаси мусодара қилинди. Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят Кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари доирасида ушбу ишларга алоқадор бошқа шахсларни ҳам аниқлаш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг