Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ЕИ Марказий Осиё транспорт тизимига 1,5 миллиард евро кўмак ажратади

ЕИ Марказий Осиё транспорт тизимига 1,5 миллиард евро кўмак ажратади

Валдис Домбровскис, Тереза Червинская ва Жамшид Хўжаев.

Фото: ЕИ делегацияси

Европа Иттифоқи Марказий Осиёда барқарор транспортни қарийб 1,5 миллиард евро миқдоридаги биргаликда молиялаштириш орқали қўллаб-қувватлайди. Бугун, 29 январь куни Брюссель шаҳрида бўлиб ўтган Европа Иттифоқи – Марказий Осиё транспорт алоқалари бўйича инвесторлар форуми доирасида ушбу келишувга эришилган.

Умумий қиймати 1,47 миллиард евролик англашув меморандумлари Европа инвестиция банки (EIB Global) ва Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ҳукуматлари ҳамда Қозоғистон тараққиёт банки томонидан имзоланган. Маросимда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев ҳам қатнашган.

Шу тариқа ЕИ Марказий Осиёда транспорт секторини модернизация қилишга кўмаклашади. Лойиҳаларни молиялаштириш қўшимча капитални сафарбар қилиши ва барқарор транспорт лойиҳаларига 3 миллиард евро кўмак жалб этиши кутилмоқда.  Европа инвестиция банки, шунингдек, минтақадаги лойиҳаларни молиялаштириш бўйича узоқ муддатли глобал тажрибаси билан ўртоқлашади. Сўнгги ўн йиллар мобайнида ушбу банк дунё бўйлаб транспорт йўналишида 136,5 миллиард евролик лойиҳаларни молиялаштирган.

«Бугун имзоланган англашув меморандумлари ЕИ учун ҳам, Марказий Осиё учун ҳам имкониятлар тақдим этади. Биз савдо алоқаларимизни ҳар икки минтақа учун манфаатли шаклда мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқдамиз. Бугун халқаро ҳамкорлар 10 миллиард евро миқдорида мажбурият олдилар. Бу эса савдо муносабатларини ривожлантириш, тижорий алмашув ва барқарор транспорт лойиҳаларини кучайтириш ҳамда ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга хизмат қилади», – деди Европа комиссияси ижрочи вице-президенти Валдис Домбровскис.

Европа инвестиция банки вице-президенти Тереза Червинская банк сармояларии нафақат иқтисодий ўсишга, балки ижтимоий тенгликка ҳам хизмат қилишини урғулаган.

Марказий Осиёда барқарор транспортни қўллаб-қувватлаш ЕИ томонидан 2021 йил 1 декабрда қабул қилинган «Глобал дарвоза» (Global Gateway) деб номланган янги стратегия мақсадларига мос келади. Мазкур ташаббус доирасида дунё бўйлаб рақамлаштириш, иқлим, энергетика, транспорт, таълим, соғлиқни сақлаш каби соҳаларда йирик лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган.

2023 йил 2 июнь куни Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида ўтказилган Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи етакчиларининг иккинчи учрашувида ҳам «Глобал дарвоза» стратегияси доирасидаги дастурларнинг аҳамияти алоҳида қайд этилган.

Европа инвестиция банки ЕИнинг кредит муассасаси бўлиб, Брюссель илгари сурган сиёсий стратенияларга уйғун лойиҳаларни молиялаштиради. EIB Global эса мазкур банкнинг ихтисослашган бўлинмасидир. 2027 йилга қадар банк «Глобал дарвоза» доирасида камида 100 миллиард евролик сармоя киритишни мақсад қилган. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг