Экология учун зарарсиз: Ўзбекистонга илк бор чиқинди ташийдиган электромобил олиб келинди
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ташаббуси билан энди юртимизда чиқинди ташишда электрда юришга мўлжалланган техника воситасидан фойдаланилади. Электромобил «Eko House» чиқинди кластери томонидан Хитойдан келтирилди.
«Бугунги кунда экология, хусусан, чиқинди соҳасида янги технологиялар жорий қилинмоқда, — деди Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов. — Хитойнинг «Chengdu Shiny Technology Co Ltd» компанияси билан ҳамкорликда олиб келинган электротехника воситаси, аввало, атмосферага заҳарли ташламалар чиқармаслиги билан аҳамиятли. Яъни бу машина экологияга зарар етказмайди».
Хитой компанияси мутахассиси Вей Го хоним ушбу электромобил атмосферага зарарсиз эканлигини, Ўзбекистон ҳам айнан шу жиҳатга эътибор қаратганини таъкидлади.
«Электромобил Хитойнинг Ченжу шаҳрида ишлаб чиқарилган. Экологик жиҳатдан зарарсиз. Ўзбекистон билан ўзаро ҳамкорликдан мамнунмиз ва келажакда чиқинди ташийдиган электромобилларни Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни режалаштирганмиз», — деди Вей Го.
Электромобил дастлаб Жиззах вилоятида синовдан ўтказилади. Эътиборли томони, у тор кўчаларда ҳам юришга мўлжалланган.
«Машина тўлиқ қувватда 300 километр масофани босиб ўтади. Бу эса кун давомида аҳоли яшаш пунктларидан чиқиндиларни олиб, махсус полигонларга ташиш имконини беради. Шунингдек, 3 тоннагача юкни бемалол кўтара олади», — деди «Eko House» чиқинди кластери раҳбари Жаҳонгир Худойбердиев.
Маълумот учун, 2023 йилда Экология вазирлиги ташаббуси билан аҳоли яшаш пунктларидан чиқиндиларни олиб кетишнинг сигнал усули ўрнига мусиқали усул жорий қилинган эди. Аҳоли чиқинди йиғадиган махсус техника воситаларининг баланд сигналидан норози бўлгани инобатга олиниб, ушбу тадбир амалга оширилганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter