Фарғонада ўқувчилар Ўзбекистон Қаҳрамони ҳақидаги фильм асосида иншо ёздилар
Фарғона вилоятидаги 960 та мактабда 8–11-синфлар ўқувчилари Ўзбекистон Қаҳрамони Лола Муротова ҳақидаги ҳужжатли фильм асосида «Менинг киноқаҳрамоним» мавзусида иншо ёздилар. Танловда 176 414 нафар мактаб ўқувчиси иштирок этди.
Ўқувчилар ўз иншоларида томоша қилган фильмлари ҳақидаги таассуротларини баён этдилар, бош қаҳрамон, унинг феъл-атвори хусусиятлари ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашдилар. Энг яхши ижодий иш муаллифлари совғалар ва дипломлар билан тақдирланишади.
Иншолар танлови таниқли киноижодкорлар ва маданият арбоблари иштирокидаги маданий-маърифий тадбирлар доирасида ўтказилди. Ташкилотчилар – Ўзбекистон Кинематография агентлиги, Халқ таълими вазирлиги ва Ёшлар ишлари агентлиги.
«Мактаб ўқувчилари ўртасида маҳаллий фильмлар бўйича иншолар танловини ўтказиш – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббусидир. Бу тадбирни биз илк бор Қашқадарёда ўтказган бўлсак, ҳозир Фарғона вилоятида давом эттирмоқдамиз. Бу гал танлов ташкилотчилари бир овоздан Ўзбекистон Қаҳрамони, Фарғона вилоятидаги фермер хўжалиги раҳбари Лола Муротова ҳақидаги ҳужжатли фильмни томоша қилиш ва ижодий иш учун танлашга қарор қилишди. Маълумки, Лола Муротова 2022 йилнинг 30 май куни, 64 ёшида оламдан ўтди», — деди Ўзбекистон Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Aбдухолиқов.
Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги «Нурли обод» фермер хўжалиги раҳбари ҳақидаги фильм Кинематография агентлиги ҳамда Ҳужжатли ва хроникал фильмлар студияси томонидан 2020 йилда суратга олинган эди. Фильм Лола Муротованинг Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ва фермерлик ҳаракатини ривожлантиришга, ўзи яшаётган ҳудуддаги ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш жараёнларига қўшган улкан ҳиссаси, кўп йиллик фидокорона ва ҳалол меҳнати ҳақида ҳикоя қилади.
Фильм сценарийси муаллифи Зебохон Қобилова, режиссёр Дониёр Шокиров, оператор Саид Далилхон Саид Тургутхонов, оператор ёрдамчиси Равшан Ниёзов, овоз режиссёри Жамшид Изомов, фильм директори Гулнора Aбдураҳимова.
Яқин кунларда Лола Муротова ҳақидаги ҳужжатли фильм юртимиз телеканалларида намойиш этилиши режалаштирилган.
Қайд этиш жоизки, таниқли киноижодкорлар, маданият арбоблари иштирокидаги ана шундай маданий-маърифий тадбирлар май ойи ўрталарида Қашқадарёда якунига етган эди. Мазкур ҳудудда иншолар танлови вилоятдаги 1204 умумтаълим мактабларида 169 518 нафар ўқувчи ўртасида ўтказилди. Ўқувчилар «Муҳаббат баҳори» фильмини томоша қилиб, мазкур фильм асосида иншо ёзишди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter