ФВВ ис гази бўйича мурожаат эълон қилди
Аҳолини ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича ФВВ мурожаати эълон қилинди.
Ис гази инсон ҳаёти учун ўта хавфли бўлиб, ўлимга олиб келиши мумкин. Бундай бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида, ФВВ бошқарма бошлиғи Одил Қўлдошев риоя этилиши лозим бўлган асосий қоидаларни баён қилди.
Ҳаво ҳароратининг пасайиши билан хонадонларда иситиш мосламаларидан фойдаланиш бошланмоқда. Бироқ айрим фуқаролар томонидан хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслик, қўлбола ёки ностандарт иситиш қурилмаларидан фойдаланиш, газ ускуналарини малакасиз усталарга ўрнатиш каби ҳолатлар инсон ҳаёти ва саломатлиги учун жиддий хавф туғдирмоқда.
Айниқса, техник талабларга жавоб бермайдиган қозон ва бошқа иситиш мосламаларини ўрнатиш, дудбуронларнинг нотўғри уланиши, шамоллатиш каналларининг талаб даражасида ишламаслиги ҳамда қурилмалардаги ҳимоя тизимларининг носозлиги ис газидан заҳарланиш ва бошқа бахтсиз ҳодисаларга сабаб бўлиши мумкин. Ис газининг рангсиз ва ҳидсиз эканлиги эса уни ўз вақтида сезишни қийинлаштиради.
Ис газидан заҳарланиш ҳолатлари юзага келмаслиги учун:
Фақат хавфсизлик талабларига жавоб берадиган иситиш мосламаларидан фойдаланинг. Қўлбола, ностандарт ва носоз қурилмаларни ишлатманг.
Газ ускуналарини малакали мутахассисларга ўрнатинг ва текширтиринг. Уларнинг техник ҳолати, ҳимоя тизимлари ва хавфсиз ишлашини мавсум бошланишидан олдин текширтиринг.
Дудбурон ва мўрконларнинг созлигини таъминланг. Уларнинг тўғри уланганини текширинг, қурум ва бошқа тўсиқлардан мунтазам тозалаб туринг. Иситиш ва газ ускуналарини тузатишда малакали мутахассислар хизматидан фойдаланинг, кўча усталари хизматидан фойдаланманг.
Шамоллатиш тизимларига эътиборли бўлинг. Ҳаво алмашинуви учун мўлжалланган каналларни беркитманг ва уларнинг созлигини назорат қилинг.
Газ плитаси орқали хоналарни иситманг. Газ ускуналаридан фақат белгиланган мақсадда ва фойдаланиш қоидаларига мувофиқ фойдаланинг.
Иситиш мосламаларини назоратсиз қолдирманг. Қурилмаларнинг ишлашида носозлик ёки газ ҳиди сезилса, хавфсизлик чораларини кўринг ва тегишли хизматларга мурожаат қилинг.
Иситиш жиҳозларини тунги вақтда ўчириб қўйиш, хоналарни тез-тез шамоллатиш хавфсизлик кафолатидир.
Ис газидан заҳарланишнинг дастлабки белгилари бош оғриғи, бош айланиши, кўнгил айниши ва ҳолсизлик бўлиши мумкин. Бундай аломатлар кузатилганда, дарҳол тоза ҳавога чиқинг, бошқаларни ҳам хавфли ҳудуддан олиб чиқинг ва тез тиббий ёрдамга мурожаат қилинг.
Унутманг, ис гази билан боғлиқ хавфни ўз вақтида сезиш ҳар доим ҳам мумкин эмас. Шу боис хавфсизлик чораларини олдиндан кўриш, газ ускуналари ва иситиш тизимларини соз ҳолатда сақлаш ҳаётий аҳамиятга эга.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter