Ҳаётий ҳикоялар: «самосуд» қилинган аёл
Турмуш қурганимизга ўн тўрт-ўн беш йил бўлди. Мен ота-онамнинг хоҳиши билан Наби акага турмушга чиққан эдим.
Ҳозир икки нафар фарзандимиз бор. Қайнота-қайнонам билан уч-тўрт йил яшаб, пойтахтга кўчиб келдик. Мен тиббиёт коллежини тугатдим. Эрим савдо соҳасида ўқиди. Кейин бозордаги дўконда савдо қила бошлади. Бозорга ҳар ердан келган аёллар ва эркаклар бола-чақасини ташлаб, пул топиш учун келиб ишлашарди. Турмуш ўртоғим ҳам ишлаб юриб... бир аёлга илакишиб қолибди. Мен дастлаб унча сезмадим, бориб-бориб эса...
Эркак киши бирор аёлга илакишса, унинг юриш-туриши ўзгараркан. Эрим уйга кеч келадиган, ҳатто ишда қолдим, деб баҳона қиладиган одат чиқарди. Бошида бу ҳақда чуқурроқ ўйлаб ҳам кўрмабман.
Бир куни, денг, эрим уйимизга бир аёлни бошлаб келди. Ўртоғимнинг хотини, соғлиғи ёмон, укол қилиб қўй, деди. Исмини, Насиба, деб таништирди.
Мен, ўртоғининг хотини экан, деб яхши кутиб олиб, дастурхон ёздим, укол ҳам қилиб қўйдим. Аммо унинг нимасидир менга ўтиришмади. Кўнглим ғаш бўлиб, ғалати ҳисни туйдим. Бўғзимга нимадир тиқилди. Мен руҳият ҳақида кўп ўқиганман ва эшитганман. Бу аёлни кўриб, худди шу ҳақда ўйладим. Енгилтак деган хулосага келдим. У ташқи томондан чиройли кийинишга ҳаракат қилган, аммо «ичи қалтироқ» эди. Яъни, мен Насибанинг гўё ботинини кўриб турардим. Гарчанд эрим уни, «ўртоғимнинг хотини», деган бўлсаям, бу аёл субқоёқ бўлса керак, деган фикр туғилди менда...
Насиба уйимизга тез-тез келадиган бўлди...
Бир куни биз билан турадиган қайинсинглим ўқишдан чиқиб, дугонаси ҳамроҳлигида уйга қайтаётган экан. Тилла сотадиган дўконда акасини кўриб қолибди. Дугонасига уни таништирмоқчи бўлибди. Узоқдан кўрсатиб, «Ана, акам», деса, ёнига Насиба келиб, эримни қўлтиқлаб олганмиш. «Вой, бу келинойингми?» деб сўрабди дугонаси пичинг қилиб. Қайинсинглим нима днйишни билмай қолибди. Дугонаси мени танир эди-да!.. «Э, Гулчеҳра келинойинг бошқами?» деб роса кулибди кейин.
Шу куни қайинсинглим хўмрайиб келди. Менга ҳеч нима демади. Ўзим ҳам сўрамабман. Бу гаплар ўтганини билмаганман-да! Қолаверса, ўша куни катта қизимнинг туғилган куни эди. Пишир-куйдир билан билан банд эдим. Насиба ҳақида эса нотўғри ўйлаганимдан пушаймон эдим, холос. У ҳам Худонинг бандаси, нега ёмон кўрдим, деб ўзимни ўзим айблардим. Бизнинг уйга укол учун келиб турибди, шунга ҳам ота гўри қозиқхонами?
Худди ичимдагини билгандай, эшик қўнғироғи жиринглаб, остонада Насиба пайдо бўлди. Қизимга совға олиб келибди. Қимматгина! Мен аввалги ўйларимдан кўра ҳозир кўпроқ бу совғадан ҳайрон эдим: Насиба тилла зирак олиб келган эди! Қизим азбаройи қувонганидан уни дарҳол қулоқларига тақиб олди. Меҳмонни дастурхоннинг тўрига ўтқаздик.
Орадан ярим соатлардан кейин эрим ҳам келди. У қизимизга тилла занжир олиб келибди. Қизим янада қувонди. Эрим Насиба билан худди бир-бирини узоқ вақт кўрмаган одамлардек қуюқ сўрашди. Ўртоғини кўрмаганига анча бўлганини айтди. Шунда нохос қайинсинглимга кўзим тушди: у эрим билан Насибага қовоғини уйиб қараб турарди. Ҳайрон бўлдим.
Ўша куни қайинсинглимнинг безовталиги сира қолмади. Насибага тикилиб, ўзича нималардир деб пичирлайди. Охири чидай олмай, уни четга имладим. Нега меҳмонга ёвқараш қилаётгани сабабини сўрадим. Ана шунда у менга ҳаммасини айтиб берди. Бу гапларга ишонгим келмасди. Ҳеч нима бўлмагандек Насибани кузатдим. Эримга ҳам лом-мим демадим...
Эртаси куни Насиба уколга келганида у билан якка-ёлғиз гаплашиб олдим. Аввалига у айбига иқрор бўлмади. Кейин рўйи-рост гапириб, Наби акам билан пул учун юрганини айтди. Агар мени ташлаб кетса, эрингизни тинч қўймайман, деди. Насиба билан қанча тортишмай, унга бас келолмаслигимни билдим. Аламим келарди. Худдики Насиба эримни тортиб олаётгандек, йиғлагим келарди. Уни уйдан ҳайдаб чиқардим.
Кечқурун эрим билан гаплашдим. У кўзларини олиб қочди. Бақирди-чақирди. Кейин эса... мен ва иккита боламдан кечса ҳам, Насибадан воз кечмаслигини дангал айтди. Шу зайлда турмушимда тинчлик йўқолди.
Мен энди эримнинг ортидан кузатишга мажбур эдим. У қаерга борса, олисдан пойлайдиган бўлдим. Баъзида Насиба буни сезар, атайин эримнинг бўйнига осилиб, тиржайиб турарди.
Нима қилиш керак? Бунақада эрим унга уйланиб олишдан ҳам қайтмайди, ахир! Бир куни эрим йўқлигида азбаройи аламим тўлиб-тошиб, кўчада Насибага ёпиша кетдим. Менда бунча куч қаердан пайдо бўлганига ҳозиргача ҳайронман. Сира аямадим. Бу мен томондан қилинган ўзига хос «самосуд» эди...
Насиба мени судга бермоқчи бўлди. Эрим унинг ёнини олди. «Ўзинг айбдорсан, хотин», – деди менга қараб. Насибанинг пўписасидан эмас, балки эримнинг бундай муносабатидан жиғибийроним чиқарди. Ажрашай, десам, икки боламни ўйлайман.
Кимдир маслаҳат берибдими, Насиба шифохонага ётиб олди. Экспертиза учун керак эмиш! «Яхшиси, бориб ундан хабар ол, зора айбингни кечирса», – дейди эрим. Бу гапдан янада юрак-бағрим қон бўлди. Бир мартаям бормадим. Ахир, айбим нима? Аксинча, Насиба айбдор-ку! Бировнинг рўзғорини, гулдек оиласини бузмоқчи бўлди-ку, ахир! Нега эрим шуни тушунмайди? Наҳотки, у ўша енгилтак Насибани шунчалик яхши кўриб қолган бўлса?
– Пешонамдан кўраман, – дедим эримга. – Майли, қаматса, қаматсин, лекин ҳеч қачон унга бориб ялинмайман! Тақдирда нима битилган бўлса, кўрамиз!..
Шундай кунларнинг бирида эрим бирдан шаштидан тушиб қолди. Ҳатто мендан кечирим сўради. Лол бўлиб қолдим. Тавба, нимадир бўлганми, қизиқ?!. Ҳар куни Насибани гапирарди, энди эса исмини тилига ҳам олмай қуйди. Менга ва болаларимизга меҳрибон, бир пайтлардагидек ширинсухан эди.
Мен фарзандларимиз ҳаққи эримни кечирдим. Ҳаётда шунақаси ҳам бўлиб туради. Одам кимнингдир алдов-макрига тушиб, тўғри йўлдан адашади. Айниқса, у ёстиқдошинг бўлса, кечиришинг керак. Афсуски, бундай пайтларда эрини кечиролмай, оиласини бузаётган аёллар ҳам бор.
Аммо менга бир савол сира тинчлик бермасди: Насибага нима бўлди экан? Ё бошқа бирорта эркакни топиб олганмикан?..
Сабабини кейин... Насиба ҳузуримга зор-зор йиғлаб келганидан сўнг билдим. Шифохонага ётганида уни умумий тиббий назоратдан ўтказишибди. Ана шунда Насибанинг оғир дардга мубтало бўлгани аён бўлибди. Бу гапни эшитиб, қўрқиб кетдим. Эримни судрагудек қилиб шифохонага югурдим...
Ҳаммаси яхши: биз соғ-саломат эканмиз. Насиба эса ортимиздан қолмай, тавба қилар, йиғлаб-сиқтарди.
Зулайҳо Насимжонова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter