Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳеч кимдан қарзи йўқ кўча супурувчиси билан суҳбат

Ҳеч кимдан қарзи йўқ кўча супурувчиси билан суҳбат

Биз ҳар тонг ишга, ўқишга ёки кундалик юмуш билан кўчага шошар эканмиз, қишнинг қаҳратон совуғи-ю, ёзнинг жазирама иссиғида ҳам кўча-кўйни супураётган, ариқларни чиқиндилардан тозалаётган фаррошларга эъти­бор беравермаймиз. Агар улар давлатимиз томонидан бериладиган байрамларда барча фуқаролар қатори 3-4 кун дам олса борми, нима бўлишини тасаввур қилаверинг: гўзал кўчаларимиздан файз кетади-қолади!

Ҳидоят Усмонова ана шундай фидойи касб эгаларидан. Яқинда у юксак мукофотга муносиб кўрилди. Опахон 19 йилдирки, Сергели тумани ободонлаштириш бошқармасида ишлайди. Унинг турмуш ўртоғи Юнусали аканинг касби сартарош. Иккаласи ҳалол меҳнати билан тўрт нафар фарзандни камолга етказишди. Зулфия ва Зуҳра қизлари оилали бўлиб, ўзларидан тиниб кетишди. Кенжа қизини узатиб, кейин фақат ўғлини уйлантирса бас: келиннинг қўлидан чой ичиб, невараларини боқиб, уйда ўтиради. Шундай дейди-ю, яна қадрдон ишидан айрилишни истамайди.

У режадаги ишларини тугатай деб қолганида узоқдан бригадир Меҳри Оқсоқолованинг ҳовлиқиб келаётганига кўзи тушди. У нуқул «Таб­риклайман, опажон, сизни президентимиз мукофотлабдилар», дерди. Бу гапга бир ишониб, бир ишонмай турганида ҳокимиятга чақиришди, у ерда ҳам Меҳрихоннинг гапини айтишди: «...бўлинг, ҳо бўлинг, бўлинг, ҳо бўлинг». Шу билан на ўзига қарай олди, на уст-бошига. Олдинроқ эшитганида бош­­қа аёлларга ўхшаб, сартарошхонага кириб, янги кўйлаклар сотиб олиб, чиройли бўлиб борарди-я, эсиз!

Шаҳар ҳокимиятига боргач, катта залга киритишди: у ердагиларни кўриб Ҳидоят опанинг оёғига титроқ кирди, қўллари қалтиради, ичида олов ёнаётгандай ҳис қилди ўзини. Ҳеч қачон бунақа салобатли одамлар орасида ўтирмаганигами, ҳаяжонини боса олмади. Шаҳар ҳокими иккита одамни кетма-кет саҳнага чақириб тақдирлади. Учинчи бўлиб диктор йигит кутилмаганда унинг исм-фамилиясини ўқиса денг, қулоқларига ишонмади, аммо «Усмонова Ҳидоят Нурмоновна, Тошкент шаҳридан!» деди-ку!

Саҳна томон борар экан, зинадан қандай кўтарилди, қандай қилиб ҳоким буванинг ёнига келди – ўзи ҳам билмайди. Шаҳар ҳокими унинг кўксига нимадир қадар экан, «Дўстлик» ордени муборак бўлсин! Ғайратингиз, шижоатингиз, меҳнатингиз учун раҳмат сизга, онахон!» деди ёки қулоғига шундай эшитилдими, аниқ била олмади, чунки қулоқлари қизигандан-қизир, кўзлари тинимсиз қарсак чалаётган одамларни кўрарди, холос. Жойи­­га қандай келиб ўтирди, эслай олмайди. Ёдида қолгани шуки, тақдирлаш якунлангач, қўлига мик­рофон тутган мухбир қизга «менга бир пиёла сув беринг­лар, юрагим ёниб кетяпти, ҳозир ҳушимдан кетаман», дегани бўлди.

Кўксида «Дўстлик» орденини ялтиратиб, бир даста гул билан Сергели туманининг «Хонободтепа» маҳалласидаги мўъжазгина ҳовлисига яқинлашганида фарзандлари, қўни-қўшнилари уйи олдида кутиб олиб, қутлашганида яна кўнг­­ли тўлиб кетди: «Булар қаердан эшитишди экан, телефони йўқлиги учун хабар ҳам беролмаган эди, ҳамкасблари қўнғироқ қилишган бўлишса керак». Онахон кўксидаги орденини қадоқ қўллари билан беозоргина сийпалар экан, кўз қароғидаги қувонч ёшлари ёноғини куйдираётганини сезди. Лабидан фақат бир жумла учар эди: «Президентимиз мени танир экан, меҳнатимни қадрлар экан...» Бу гапни у эҳтимол ичида ҳам юз бор такрорлагандир.

Биз Ҳидоят опани излаб, Сергели даҳасининг 7-мавзесига борар эканмиз, уни ўз ишини чаққонлик билан бажараётганида учратдик. У билан суҳбатлашиш илинжида дам олиш хонаси томон юрдик. Аслида бу икки хонани ўртадаги стол ва 4-5 та ҳаминқадар аҳволдаги ўриндиқларни эътиборга олмаса, дам олиш хонаси, деб ҳам бўлмайди.

– Оилада 12 нафар фарзанднинг тўнғичи эдим, – деб бошлади Ҳидоят Усмонова. – Отам заводда ишчи бўлиб ишлар, онам олти нафар ўғил ва олти нафар қизнинг тарбияси билан машғул эди. Бир отамнинг маоши билан 12 болани камолга етказишнинг ўзи бўладими?! Бу фақат айтишга осон. Ўқишни орзу қилганман, ҳеч бўлмаса тикувчи бўлишни хоҳлардим. Аммо пилла қурти боққанмиз, деҳқончилик қилганмиз, шароитимиз оғир бўлгани учун 17 ёшимда мени узатиб юборишган.

Келин бўлиб тушган оиламда ҳам саккиз фарзанд бўлиб, уларнинг иккинчиси менинг турмуш ўртоғим эди. Қўлида сартарошлик касби бўлиб, шу билан фарзандларимизни улғайтирдик, уй-жой қилдик. У пайтларда катта-катта иссиқхоналар бўларди, шуларда мева-сабзавот етиштирардик. Кейинчалик имкониятим, эҳтиёжимни эътиборга олиб, ҳозирги ишимда ишлай бошладим. Шунгаям сал кам 20 йил бўлибди. Ҳозир ўғлим Ҳасан ҳам ўзим билан бирга ишлайди.

Ишингизга таниш-билишлар, дўст-ёрларнинг муносабати қандай?

– Маҳалламда ҳам, ишхонамда ҳам мени ҳурмат қилишларини ҳис қиламан. Ҳеч кимдан қарзим йўқ, ўзганинг молига кўз олайтирмасам, бировнинг дилини оғритмасам – ҳаётда энг асосийси шу, деб ўйлайман.

Тўғри, қишда қўлларимиз ёрилиб, ёзда супурги тутавериб шилиниб кетади. Аммо бу ишни ҳам кимдир қилиши керак-ку. Инсоннинг нима иш қилиши эмас, вазифасини виждонан, астойдил бажариши муҳим. Бу оғир меҳнатни бажариш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Ишга келиб 2-3 кун, ҳатто ярим кунда қочиб кетганлар қанча!

Мен ишдан ёки одамларнинг фик­ридан эмас, кўпроқ баъзи йўловчиларимизнинг меҳнатимизни ҳурмат қилмаганидан дилим оғрийди. Боягина бекатни тозалаган жойимга автобусда ўтирган йўловчи бир ҳовуч писта пўчоғини ташласа, денг. «Ахлат қутисига ташласангиз бўлмайдими?» десам, юзини тескари буриб олди. Бувисидай одамман, майли, ёшимни ҳурмат қилмаса ҳам меҳнатимни ҳурмат қилса бўларди. Бундайлар кўп. Баъзида ҳозиргина супурган жойингизга ахлат улоқтирб: «Нима бўпти ташласам? Сизнинг ишингиз тозалаш!» дейдиган ёшлар ҳам бор. Тўғри, бу менинг ишим, аммо шундай чиройли, гўзал шаҳримизнинг озодалигини сақлаш фақат биз, фаррош­ларнинг эмас, ҳар биримизнинг вазифамиз эмасми?! Шу юртда яшаётган ҳар бир фуқаро, йўловчи йўлда юриш маданиятини билиши керак. Уларнинг юқоридаги каби хатти-ҳаракати фақат менга эмас, юртига ва ён атрофидаги юртдош­ларига ҳам беписандлик билан қилган муносабатидир. Биз 1 миллион 700 минг сўм ойлик учун ишлаймиз, бир пас тин оламиз-да, яна иссиқни иссиқ демай, совуқни совуқ демай меҳнат қиламиз. Бировнинг меҳнатини қадрлаш керак.

– Қандай вақтда ишингиздан кўнглингиз тўлади?

– Ҳар куни ишимни якунлаганимда, бирон қоғозми, хас-чўпми қолмадимикан, деган ўйда ортимга қарайман, ишларимни кўздан кечираман. Ана шунда кўзим қувнайди: бир-биридан чиройли кийинган каттаю кичик юраётган йўлаклар уларга ярашади, оёқларига ҳеч нарса илашмайди, топ-тоза! Ўзимни шундай енгил ҳис қиламанки, ўз ишимдан завқланаман. Бундан ташқари ёнимдан ўтиб кетаётган баъзи одамлар, дўкон сотувчилари, автобус ҳайдовчилари «Раҳмат, холажон, барака топинг», дейишади, ўшанда ҳам кўнглим тоғдай кўтарилади.

– Юртбошимизнинг эътиборига тушиш, «Дўстлик» ордени соҳиби бўлиш ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Бу сизнинг ҳалол меҳнатингизга берилган баҳо! Хизматингиз юртимиз учун нечоғлик қадрли эканининг яққол намунаси. Шундай эмасми?

– Албатта! Мен мукофотни олганимдан бери осмонларда учиб юрибман, ишонаверинг. Баъзи ёшлар беписанд­лик қилса ҳам, майли, юртбошим менинг меҳнатимга катта баҳо бергани учун яна ҳам куч-ғайратга тўлиб, янада жон-жаҳдим билан юртимизнинг тозалиги учун хизмат қиламан. Шундай тинч, обод юрт раҳбарининг назарига тушганим учун кеча-кундуз тинмай меҳнат қилсам арзийди! Билсангиз эди, бу орденнинг қадри мен учун қанчалик улуғлигини! Каттагина маб­лағ ҳам беришди, уни қизимнинг тўйига сарфлайман…

Онахоннинг кўзларига қувонч ёшлари қалқади. Супурги тутавериб, қадоқ бўлиб кетган қўллари билан меҳнати, тинимсиз ҳаракати туфайли ёшига нисбатан анча ёш кўринадиган онахон ёноқларидаги кўз ёшини артади. Гўзал ҳолат: кўзида ёш, юзида табассум…

Бу манзарани кузатиб, унинг ёнида ўтириб, ҳисларини юрагимдан ўтказар эканман, кўнглимдан бир сўз кечади: бу мукофотнинг салмоғи барча учун жуда катта, аммо ҳеч кимники Ҳидоят опаникича бўлмаса керак! Шу лаҳзаларда олдимдаги кичик жуссали аёл Ватани учун жонини фидо қилишга тайёр миллий қаҳрамон эди! Фаррош опанинг давлатимиз юксак мукофоти билан тақдирланиши юртбошимизнинг, ҳукуматимизнинг аёл меҳнатига эътибор ва эъти­рофининг юксак кўринишидир.

Саодат Матёқуб қизи суҳбатлашди
(«Adolat» газетасидан)

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг