Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳокимлар устидан Бош вазирга парламент сўрови юборилди

Ҳокимлар устидан Бош вазирга парламент сўрови юборилди

Иллюстратив фото

Ялпи мажлис кун тартибига киритилган Ҳокимлар томонидан қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилмасдан қарорлар қабул қилиш ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар берди.

Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ҳокимларнинг қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ қарорлар қабул қилиниши ҳолати ўрганилди. Таҳлилларга кўра, биргина 2019 йилнинг ўзида ҳокимларнинг 3400 дан ортиқ қарорлари ҳақиқий эмас, деб топилган.

Маъмурий судлар томонидан бу борада 2019 йилда жами 2 992 та иш кўрилган бўлиб, уларнинг 1 255 таси (42%) қаноатлантирилган. 2020 йилнинг январь-февраль ойларида эса 552 та иш кўрилган ва уларнинг 248 таси ёки 45 фоизи қаноатлантирилган.

Келтирилган рақамлар шуни кўрсатиб турибдики, мурожаатлар сони 10 фоизга, уларни қаноатлантириш эса, яъни ҳокимларнинг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш 3 фоизга кўпайиб, бундай мурожаатларни қарийб 50 фоизи қаноатлантирилган.

Бу борада фуқаролар норози бўлиб мурожаат қилиш сони ва ҳокимларнинг қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилмасдан қарорлар қабул қилиши ҳолатлари кўпайиб борган.

Туман, шаҳар ҳокимлари ваколатга эга бўлмаса-да, қонунга зид равишда бино-иншоотларни балансга олиш тўғрисида, ер участкасини ажратиш ваколати уларга берилмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосланган ҳолда ажратилаётган ер майдонини тўлақонли ўрганилишини таъминламасдан ер ажратиш юзасидан қарорлар қабул қилган.

Шунингдек, қонун ҳужжатларига кўра ер участкалари қонунга зид равишда олиб қўйилганлиги муносабати билан мулкдорларга зарар етказилганлиги учун мансабдор шахсларга нисбатан жавобгарлик масалалари қатъий белгиланмаган, энг муҳими, бунга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органлари томонидан ўз вақтида муносиб эътибор берилмаган.

Мулкдорларнинг мулки мусодара қилиниши ҳақида огоҳлантиришнинг олти ойлик муддатига риоя қилмаслик, мулкчилик объекти учун компенсация маблағларини тўламай ёки қиймати бўйича тенг мол-мулкни тақдим этмай мажбуран чиқариб юбориш одатий ҳолга айланган.

Маҳаллий ҳокимият органлари вакилларининг мулк эгаларига кўп ҳолатда қўпол муносабатда бўлиши аҳолининг ижтимоий кайфиятига путур етказувчи омил бўлмоқда.

Шунга асосан, мазкур масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига парламент сўрови юбориш бўйича Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг