ИИБ бошлиғи «учар»ларга қарши жиддий кураш бошланишини айтди
Бухоро вилоят ИИБда журналист ва блогерлар иштирокидаги матбуот анжуманида вилоятда содир этилаётган жиноятлар сони ўтган йилнинг мос даврига қадар камайган бўлишига қарамай, ашаддий тез ҳайдовчилар нисбатан ошиб бораётгани маълум қилинди.
Таъкидланишича, 9 ойи мобайнида Бухорода жами 3 477 та жиноятлар қайд этилган. Шундан вояга етмаганлар томонидан 145 та, аёллар томонидан 500 та ва ёшлар томонидан ёшлар томонидан 1 094 та жиноят содир этилган.
Бундан ташқари, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган 1 756 нафар хотин-қизларга ҳимоя ордерлари берилиб, 776 та оила яраштирилган. 914 та оилаларда низолар бартараф этилган. Берилган ҳимоя ордерлари қоидаларига риоя қилмаган 222 нафар фуқаролар МЖтКнинг 2061-моддасига асосан, маъмурий жавобгарликка тортилган.
«Жиноятлар кейинги пайтларда йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига амал қилмаслик ҳолатлари туфайли юзага келмоқда. Унинг оқибатлари таъбни хира қилмай қўймайди. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан йўл-транспорт ҳодисалари сони 19 тага, ўлим билан боғлиқ ҳодиса эса 9 тага камайган бўлишига қарамай, битта ўлим билан содир этилган йўл транспорт ҳодисаси ҳам биз учун кўп», — деди вилоят ИИБ бошқармаси бошлиғи Миржамол Миралимов.
Бухоро ИИБ ЙҲХХ матбуот хизмати раҳбари Улуғбек Шукурлаевнинг маълум қилишича, Бухорода тунги вақтда 79 та йўл-транспорт ҳодисалари содир этилган бўлиб, шундан 24 та ўлим ҳолати қайд этилган. 55 нафар фуқаролар ҳар хил турдаги тан жароҳати олишган. Шунингдек, 23 та йўл-транспорт ҳодисалари қарама-қарши йўналишига чиқиб кетиш, 76 та ҳолатда тезликка риоя этилмаслиги оқибатидаги тўқнашувлар келиб чиққан. 88 та йўл-транспорт ҳодисаларида пиёдалар, 34 та ҳодисада эса велосипедчилар уриб кетилган.
Ҳодисалар кўпроқ халқаро аҳамиятдаги автомобиль йўлларида ҳамда шаҳар марказий кўчаларида юзага келаётгани таъкидланди. Йўл транспорт ҳодисаларининг 138 таси пиёдалар ҳамда велосипед ҳайдовчиларини уриб юбориш билан боғлиқ. Бу ҳолатда 27 нафар фуқаролар вафот этган бўлса, 113 нафари тан жароҳати олган.
«Бундай ҳолатларни ашаддий тез ҳайдовчилар, йўл ҳаракати қоидаларини билиб-билмай автомашина бошқараётганлар юзага келтиришмоқда. Худди шунингдек, пиёдаларнинг ўзлари ҳам йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишлари талаб этилади. Албатта, бу соҳада содир этилаётган жиноятларнинг олдини олиш борасида вилоятда қатор амаллар бажарилмоқда. Айниқса, ашаддий тез ҳайдовчилар билан қатъий, жуда қатъий иш олиб борилади. Ҳозирда улар билан профиклактик тадбирлар йўлга қўйилганки, уларнинг ҳатти-ҳаракатлари маҳалла-кўй олдида кўриб чиқилмоқда»,—деди Миржамол Миралимов.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter