«Ипотека-банк» тизимда «Коррупциясиз соҳа» лойиҳасини амалга оширмоқда (фото)
Маълумки, 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни, деб белгиланган. Республикамиз бўйлаб «Коррупция – ривожланишимизга тўсиқ» мавзуида тадбирлар ўтказилмоқда.
Шунга ҳамоҳанг 1 декабрь куни «Ипотека-банк» акциядорлик тижорат ипотека банки Бош офис ва барча филиаллари иштирокида «Банк молия соҳасида коррупцияга қарши курашишнинг долзарб муаммолари» мавзуида давра суҳбати ташкил этилди. Унда банкнинг барча ҳудудий филиаллари ходимлари ZOOM платформаси орқали қатнашдилар.
Тадбирда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Тошкент давлат юридик университети вакиллари ўз маърузалари билан иштирок этишди.
«Коррупция чуқур илдиз отган иллат ҳисобланади. Бу иллат бугун ёки кеча пайдо бўлган эмас. Азалдан бундай ҳолатлар учраб келган. Афсуслар бўлсинки, бугунги кунда ҳам ҳар бир соҳада коррупция, порахўрлик каби жиноятларни учратиш мумкин. Бу ишларга барҳам бериш учун, аввало, ҳар бир оилада бунинг илдизи йўқ қилиниши керак, деб ҳисоблайман. Бу каби ишлар жиноят эканлиги ҳақида ҳар биримизда тушунча пайдо бўлиши керак. Ҳар ким бу каби ҳолатлардан ўзини сақлай олса, порахўрлик аталмиш жиноятлар учрамайди», – дейди Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси, политолог Қудрат Ибрагимов.
Семинар очиқ мулоқот тарзда ўтказилиб, жамиятимизда ураб турган коррупцион ҳолатлар танқид остига олинди ва шу каби ҳолатларга йўл қўймаслик, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришда Ўзбекистон Республикаси Қонун ва қонун ости ҳужжатлари, уларнинг мазмун-моҳияти, замонавий аксилкоррупцион тизимларни жорий этиш ҳамда «Комплаенс-назорат» тизими тўғрисида ўзаро фикрлар алмашилди.
Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъул ходими Акмал Юнусов, аҳоли орасида, хусусан мансабдорлар, ҳокимият вакиллари, орасида коррупцион ҳолатларни аниқлаш бўйича доимий тезкор тадбирлар олиб борилаётганлигини таъкидлаб ўтди.
«Очиғини тан олиб айтиш керак, банк соҳаси коррупцияга мойил соҳалардан бири ҳисобланади. Коррупцияга қарши кураш агентлиги бу битта ташкилот ёки идора эмас, унинг ичига барча орган тизимлари киради. Шунингдек, бу каби ҳолатларни тезкор аниқлаш мақсадида бизда очиқ ахборот базаси яратилган. Исталган киши кириб маълум бир идора ёки ташкилотнинг жамғармаси ёки ушбу бюджетдан пул ажратиб нимадир харид қилгани ҳақида билиши мумкин. Шу билан бир қаторда, бизга аноним равишда юборилган мурожаатларни ҳам изчил ўрганиш ишлари олиб борилади. 2021 йил 6 ойи давомида давлат органлари ва ташкилотлари кесимида ўтказилган таҳлил давомида аниқланишича, 107 та Соғлиқни сақлаш вазирлиги, 74 та Халқ таълими вазирлиги, 69 та давлат улуши бўлган давлат ташкилотлари, 66 та банк, 64 та Мактабгача таълим вазирлиги, 55 та Транспорт вазирлиги, 32 та Энергетика вазирлиги, 26 та Сув хўжалиги вазирлиги, 26 та Меҳнат вазирлиги ва шу каби бир қатор идораларда коррупцион жиноятлар аниқланган. Бундан кўриниб турибдики, мамлакатимизда ушбу иллатга қарши самарали ишлар олиб борилмоқда», – дея такидлади у.
Шунингдек, тадбир давомида «Ипотека-банк» акциядорлик-тижорат банки раҳбарияти томонидан тизимда «Коррупциясиз соҳа» лойиҳасини амалга ошириш бўйича Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Марказий банк билан ҳамкорликда йўл харитаси ишлаб чиқилганлигини ва ушбу йўналишга масъул бўлган коррупция ва фирибгарликка қарши курашиш мақсадида Комплаенс назорати бўлими ташкил этилганлиги таъкидлаб ўтилди.
«Коррупцион ҳолат биз меҳнат қилаётган банкда учрамади. Бу банкимизнинг энг катта ютуғи деб айта оламан», деди «Ипотека-банк» АТИБ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Фаррух Ботиров.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter