Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ислом дунёси даниялик экстремистнинг қилмишини кескин қоралади

Ислом дунёси даниялик экстремистнинг қилмишини кескин қоралади

Фитнакор ҳаракат маҳаллий полиция ҳимоясида амалга оширилган.

Фото: AP

Даниянинг ўнг қанот экстремистик партияси раҳбари Расмус Палудан 21 январь куни Швеция пойтахти Стокҳолмда мусулмонларнинг муқаддас китоби Қуръони карим нусхасини омма олдида намойишкорона ёқди. На халқаро ҳуқуқ, на инсонийлик меъёрларига тўғри келадиган бу хатти-ҳаракат ислом дунёсини дарғазаб қилди.

«Қайта-қайта огоҳлантирганимизга қарамай, Швецияда муқаддас китобимиз бўлмиш Қуръонга пасткашларча ҳужум уюштирилганини кескин қоралаймиз», – деб баёнот берди Туркия ташқи ишлар вазирлиги. 

Расмий Анқара ушбу хатти-ҳаракатни нафратга асосланган жиноят деб атаб, Швеция ҳукуматининг аксилисломий акцияга рухсат берганини танқид қилган.

«Исломофобия руҳидаги ушбу маънисиз ва провокацион ҳаракат дунёдаги 1,5 миллиард мусулмоннинг ҳис-туйғуларини таҳқирлади», – дейилади Покистон ТИВ баёнотида.

Расмий Исломободга кўра, муқаддас китобнинг омма кўз ўнгида ёқиб юборилишини сўз ёки фикр эркинлиги билан хаспўшлаб бўлмайди. Негаки, халқаро ҳуқуқ меъёрлари инсонлар ўртасида нифоқ, нафрат уруғини сочиш, шахсларнинг  диний туйғуларини поймол этишни ман этади.

Саудия Арабистони ҳам Расмус Палуданнинг хурмача қилиғини қатъий равишда қоралаган.

«Подшоҳлик мулоқот, бағрикенглик, тотувлик каби қадриятларни муҳофаза этиш, нафрат ва экстремизмдан воз кечиш борасидаги позициясида қатъийдир», – дейилади Саудия расмий муносабатида.

Ислом ҳамкорлик ташкилоти Швецияда рўй берган нафратга лойиқ хатти-ҳаракат Европада исломофобия, ирқчилик ва айирмачилик хавотирли даражага чиққанидан далолат беришини таъкидлаб, Стокҳолм ҳукуматидан айбдорларни жазолашни талаб қилган.

Шунингдек, БАА, Иордания, Кувайт, Қатар, Миср, Эрон ташқи сиёсат маҳкамалари ҳам диний эътиқодга қарши қаратилган акцияни қоралаган.

Аввал хабар берганимиздек, Қуръони каримни ёқиш акцияси ўтказилишига Швеция маъмурияти расман рухсат берган, ўнг қанот айирмачисининг хавфсизлиги маҳаллий полиция томонидан таъминланган.

Ирқчилик ва айирмачилик руҳидаги чиқишлари билан отнинг қашқасидек таниқли бўлган Расмус Палудан аввал ҳам бир неча бор Қуръони каримни намойишкорона таҳқирлаган.

Эркинликни суиистеъмол қилган бу шахс 2020 йили Дания ҳуқуқ идоралари томонидан ирқчиликда айбланиб қамоққа олинган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг