Ислом Каримовнинг саволи: «Сен нимага ўйин қиласан?»
1993 йилнинг март ойи.
Мен президент девонида бош консультант бўлиб ишлар эдим.
Бир куни пешинга яқин президентнинг ташкилий масалалар ва кадрлар бўйича давлат маслаҳатчиси чақираётганини айтишди. Бешинчи қаватга – давлат маслаҳатчиси қабулхонасига бордим. Ёрдамчиси ҳозир деб ичкарига кириб кетди ва зум ўтмай қайтиб чиқди-да, киринг, деди.
Узун, кенг ва салобатли хонада Мавлон Умрзоқов билан Вазирлар Маҳкамаси раисининг биринчи ўринбосари Исмоил Жўрабеков ўтирган экан. Қисқа салом-аликдан кейин давлат маслаҳатчиси менга юзланди.
– Ишингизни ўзгартирсак, нима дейсиз? – деди.
Дабдурустдан берилган бу саволга нима дейишни билмай қолдим. Аммо савол берилдими унга жавоб бериш шарт.
– Қаерга? Нима ишга? – дея олдим.
– ЎзТАГга, – деди М.Умрзоқов, – Муроднинг ўрнига.
Президентнинг 1992 йил 5 февралдаги фармони билан Ўзбекистон Телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига (ЎзА) айлантирилган, ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўст Президент девонидан шу агентликка бош директор қилиб юборилган эди. Ўн беш кунча олдин у Президентнинг матбуот котиби этиб тайинланган эди.
Мен бир М.Умрзоқовга, бир И.Жўрабековга қарадим. Аммо ҳар иккаласининг юз ифодасидан бирон маъно англай олмадим.
– Нима дейсиз? – деди И.Жўрабеков саволга ўрин қолдирмайдиган қилиб.
Гап оҳангидан сездимки, масала жиддий, эътирозга ўрин йўқ.
– Оғир жой, – дедим. – Кўп иш қилиш керак. Ёрдам зарур бўлади.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида ўн йил масъул котиб бўлиб ишлаганим туфайли бу ташкилотни унча-мунча билардим.
Гапни яна И.Жўрабеков давом эттирди:
– Ёрдам берамиз... Сиз ҳам Мавлонжонга ёрдам берасиз, – деди.
«Хўп» дедим, аммо президентнинг давлат маслаҳатчисига мен нима ёрдам беришим мумкинлигига ақлим етмади.
М.Умрзоқов кўрсаткич бармоғи билан юқорига ишора қилди.
– Келишилган, – деди.
Юқорида – олтинчи қаватда президент ўтирар, давлат маслаҳатчиси ҳозир шуни назарда тутаётган эди. Бу гапдан кейин ўйладим: «Ҳамонки президент билан келишилган бўлса, бу суҳбатга не ҳожат бор?.. Йўли шундай бўлса керак-да, расмиятчилик учун».
– У ҳолда келишдик бўлмаса, – деди давлат маслаҳатчиси суҳбат тугади, деган оҳангда. – Эртага эрталаб соат ўнда шу ерда бўлинг, Президентга кирасиз.
Бу гапдан юрагим шувиллаб кетди. У киши билан келишилган бўлса, булар суҳбатлашди, президентга кириш шартмикин, деган хаёлга бордим. Бироқ дилимдагини тилимга чиқармадим.
Эртаси куни айтилган вақтда яна шу ерда бўлдим. Давлат маслаҳатчисининг ёрдамчиси коридордаги креслони кўрсатди.
– Шу ерда ўтириб туринг. Ўзимиз айтамиз.
Айтганини қилиб ўтирдим: бир соат, икки соат... Ҳеч ким сўрамайди. Ўтган-кетган саломлашади, танишлар «Ҳа, тинчликми, бу ерда ўтирибсиз?» дейди. Ҳамма биладики, бу маслаҳатчининг ҳузурига чорланган одам ё бир лавозимга тайинланади, ёки ишдан олинади, жуда бўлмаганда бошқа ишга ўтказилади. Сўраганларга «билмадим, чақиришипти» дейман, холос.
Бундай пайтда вақтнинг ўтиши бирам қийин кечадики... Дамба-дам соатга қарайман. Соат милларининг юриши ҳам секинлашгандай. Ичимни ит тирнайди. «Тезроқ чақира қолсайди, тезроқ бир ёқли бўлсайди». Миямда минг хил фикр ғужғон ўйнайди. «Президент нимани сўраши мумкин?» Ҳеч ким олдиндан айта олмайди. Икки-уч марта суҳбатда бўлганман. Ҳеч хаёлга келмаган, етти ухлаб тушингга кирмаган нарсаларни сўрайди. У киши билан суҳбатлашиш оғир, жуда оғир. Салобати босади, босганда ҳам одамни эзиб, янчиб ташлайди. Бир қарашлари борки, унча-мунча одам дош беролмайди, ҳар қандай дадил, тажрибали киши ҳам айтадиган гапини йўқотиб қўяди.
Шуларни ўйлаганим сари юрагим сиқилади. Ўзимни чалғитмоқчи бўламан. «Эй, қўйсанг-чи, нимани ўйлайсан? Бўлса бўлди, бўлмаса йўқ-да. Нима, сен шу лавозимга учиб ётибсанми? Ўзлари айтишди-ку, Худога шукур, ишинг бор, индамай ишлайверасан... Ишлаб бўпсан! Худо кўрсатмасин, агар суҳбатдан ўтолмасанг бу ердан ҳам кетасан. Ҳа, бу аниқ. Қанчасини кўрганмиз, янги лавозимга тавсия бўлиб, суҳбатга киргач, суҳбатдан ўтолмай ишлаб турган вазифасидан ҳам айрилган. «Манови қовоқ каллани шунча пайтдан бери бу лавозимда нега олиб ўтирибсанлар? Буям етмагандай янги лавозимга тавсия қиласанлар. Йўқот буни!» Тавсия қилган мутасаддилар ана шундай дашном эшитган.
Турли хаёллар билан кунни кеч қилдик. Рамазон ойи, рўза тутган эдим. Оғиз очар пайт ҳам бўлди. Ҳеч ким ҳеч нима демайди. Ҳар замонда юрак ютиб ёрдамчидан сўрайман. «Билмадим, ака, биз сўрай олмаймиз, ўзлари айтишади. Кутинг» дейди, холос.
Қорин очлиги, ташвишли кутиш ўз таъсирини кўрсата бошлади. Бетоқатланиб, у ёқдан-бу ёққа асабий юра бошладим.
Бир маҳал қоғоз папкаларини қўлтиқлаб давлат маслаҳатчиси чиқди хонасидан.
– Юринг, тезроқ, – деди менга.
Илдам қадамлар билан зинадан олтинчи қаватга кўтарилди. Мен орқасидан эргашдим.
Қабулхонага киришимиз билан президентнинг ёрдамчиси Георгий Алексеевич Крайнов ичкарига таклиф қилди.
Президентнинг чап томонидаги икки-уч стул пастда давлат маслаҳатчиси ўтирди. Менга унинг рўпарасида, аммо президентга яқинроқ стулга ўтиришимни айтишди.
Одатда юқори лавозимдагилар, хусусан, президент бўлажак вазир ёки ҳоким билан суҳбатлашганда глобал масалалар ҳақида гапиради, деб ўйлаймиз. Инсоннинг асл қиёфаси, ички дунёсини билиш учун йирик муаммолар ҳақидаги фикрлари етарли эмаслигига кўпинча аҳамият бермаймиз. Ваҳоланки, сиртдан майда-чуйда бўлиб кўринган масалалар, маиший муаммолар баъзан инсоннинг кимлигини аён қилиб қўяди.
Шу маънода Ислом Каримов кўпинча суҳбатни оддий масалалардан бошлар эди.
– Отинг нимага Маматқул? – деди менга.
Кутилмаган саволми?
– Энди, Ислом ака (мен у кишига доим шундай мурожаат қилардим), қишлоқчилик, бунинг устига 40-йиллар, одамларда диний савод ҳам бўлмаган. Аслида Мамат эмас, Муҳаммад бўлиши керак. Ундан кейин банда Муҳаммаднинг қули бўлмайди, Аллоҳнинг қули, Муҳаммад пайғамбарнинг уммати бўлади...
Маънодор бир қаради-да, навбатдаги саволни ташлади:
– Отангнинг оти нега бунақа?
Бу саволга нима жавоб бериш мумкин? Таваккал дедиму миямга келган фикрни айтдим.
– Билмадим... Отам туғилганда мен бу дунёда бўлмаганман.
Зимдан давлат маслаҳатчисига қарадим. Унинг авзойи ўзгарди. «Нотўғри гапирибман, шекилли», деб ўйладим. Президент боягидай маънодор қаради. Юзида озгина жилмайиш кўрингандай бўлди. Тикилиб қарашга журъат этолмадим.
Аста-секин саволлар жиддийлаша бошлади.
Демократия деб ўзини ҳақиқатчи, ватанпарвар қилиб кўрсатадиганлар кўпайган, турли оқимлар ҳар томонга тортаётган пайтлар эди. Бундай ҳолат ёзувчилар ўртасида ҳам анча кучайган эди. Шу боис бўлса керак, турли шоир ва ёзувчилар ҳақида фикрларимни сўрай бошлади. Қайси шоир ёки ёзувчи ҳақида қандай фикрда бўлсам шундайлигича айтдим. Зеро, президент қайси адиб тўғрисида қанақа фикрда экани менга қоронғи эди. Шу боис фикрим у кишига ёқадими-йўқми ўйламай кўнглимдагини гапиравердим. Жаҳли чиқа бошлади.
– Нега кимни сўрасам ундан ўзингни олиб қочасан? Ахир ҳамманг бир тоифадаги одамлар-ку. Нима, сен уларни танимайсанми?
Масаланинг энг нозик жойи келганди назаримда. давлат раҳбаридан ҳеч нарсани яширишнинг иложи йўқ эди. Қолаверса, у кишининг қўлида барча маълумотлар борлигига аминман.
– Нега танимас эканман, танийман, – дедим. – Ҳаммасини танийман. Кўплари билан нон-туз бўлганман. Аммо бу дегани у билан ҳамтовоқ, ҳамфикр, маслакдош дегани эмас-ку.
Яна зимдан давлат маслаҳатчисига қарадим. Мақсад – унинг юз ифодасидан гапим тўғри ёки нотўғри эканини билиш. Афсуски, бу ниятимга эриша олмадим. Сабаби – унга диққат билан қарай олмасдим, боз устига у мендан анча нарида ўтирганди. «Бизни бекорга бир-биримиздан узоқроқ ўтқизмаган экан-да», деган фикр ўтди хаёлимдан.
Кутилмаганда суҳбат йўналиши ўзгарди.
– Сен ҳозир бу ерда ишлайсан, Президент ҳимоясидасан. Бошқа ишга борсанг, ўзингни қандай ҳимоя қиласан?
Мана, одамни синаш йўли.
– Мен қаерда, қайси лавозимда ишламайин, Ўзбекистонда бўлсам, доимо президент ҳимоясида бўламан. Чунки мен Ўзбекистон Республикаси фуқаросиман, – дедим.
– Ҳуқуқингни яхши биласан-а?..
– Бурчимни ҳам...
Хуллас, суҳбат тобора жиддийлашиб, президентнинг кайфияти бузила бошлади (ҳар қалай менга шундай туюлди). Мен ўзимча ўйлардим: «Бўлди, ҳаммаси тамом. Ҳозир «тур, йўқол», дейди. Умрзоқовни ҳам сўкади». Шу ўйлар билан столга термилиб ўтирардим.
– Менга қара, – деди қатъий оҳангда. – Сен нимага боядан бери ўйин қиласан?
Билардимки, президентга суҳбатдошининг гаплари ёқмаса шундай дейди, яъни, ўйин қиляпсан, ўйинчисан, дерди. Аллоҳ менга қаердан бундай журъат берди, жасорат берди ўшанда, ҳозиргача ўзим ҳам ҳайронман.
Ялт этиб у кишига қарадим ва кўзига тикилдим. Еб қўйгудай бўлиб қараб турибди. Юқорида айтдим, бу қарашга унча-мунча одам дош беролмайди. Бир зум индамай термилиб турдим. Шу фурсат ичида минг хил фикр ўтди миямдан. «Бўлгани бўлди, дилингдагини айт» деган нидо келди ичимдан.
– Ислом ака, – дедим кўзига тик қараган ҳолда. – Сиз шу юртнинг раҳбарисиз, президентсиз. Истасангиз мени вазир қилиб қўясиз, истасангиз кўча супуртирасиз. Бу сизнинг ваколатингизда... Аммо... менинг шаънимга тегишга, мен айтмаган гапни айтдинг дейишга, мен қилмаган ишни қилдинг, дейишга ҳаққингиз йўқ!.. Мен ҳеч қачон ариқнинг бу қирғоғидан у қирғоғига сакрамаганман... Доимо ўзим танлаган қирғоқда юрганман, бундан кейин ҳам шундай бўлади!
Оғир сукунат чўкди. Эҳтимол бу сукунат бир дақиқа, нари борса икки дақиқа давом этгандир. Лекин мен учун соатлаб чўзилгандай бўлди. Бутун вужудим қизиб, юзларим ловуллаб ёна бошлади гўё. Бошимни эгиб ўтирибман.
Президент ўрнидан турди. Мен ҳам, давлат маслаҳатчиси ҳам. Мен нима қилишни билмай гангиб турибман. Столни айланиб ўтиб, мен томонга юрди. Мен ҳам. У киши қўлини узатди. Мен ҳам. Қўлимни қаттиқ қисди.
- Бўпти, ука, ишларингга омад тилайман.
Қабулхонага чиқдим. Георгий Алексеевич жилмайиб турибди.
– Хўш, нима бўлди? – деди.
– Нима бўларди, расво бўлди, – дедим. Кўзим сув тўла графинга тушди. Рўза эканим эсимга келди. – Қуйинг.
Крайнов икки юз граммлик қиррали стаканни тўлдириб сув қуйди. Бир кўтаришда ичдим.
Крайнов менга таскин берган бўлди:
– Парво қилма, ҳаммаси яхши бўлади... Биласан-ку, президент ҳамма билан шунақа жиддий гаплашади.
Эртаси куни ишга келишим билан давлат маслаҳатчиси чақираётганини айтишди. Ўша таниш хонага чиқдим. Ёрдамчиси яхши кайфиятда сўрашди (раҳбарнинг кайфиятини ёрдамчининг кайфиятидан билиш мумкин, агар у ҳақиқий ёрдамчи бўлса). Раҳбаридан сўрамасдан ичкарига таклиф қилди.
– Кираверинг, сизни кутяптилар, – деди.
Давлат маслаҳатчиси мамнун ҳолда қарши олди. Салом-аликдан кейин олдимга бир қоғоз қўйди. Кўз югуртирдим. Президент фармойиши эди. У мени Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори этиб тайинлаш ҳақида эди. Давлат маслаҳатчисига юзландим. У киши жилмайиб турарди. Нима дейишни билмасдим.
– Кеча охирги гапингиз зўр бўлди, – деди М.Умрзоқов. – Чиқиб кетганингиздан кейин «Қатъиятли, ўз фикри, ўз сўзи бор йигит экан», деди ва фармойишга имзо чекди... Табриклайман! Омадингизни берсин.
Давлат маслаҳатчиси ўзига ярашган табассум билан мени кузатди.
Маматқул Ҳазратқулов
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter