Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Истиқлол марши» муаллифининг китоби ўзбек тилида чоп этилди

«Истиқлол марши» муаллифининг китоби ўзбек тилида чоп этилди

Туркия Республикаси давлат мадҳияси – «Истиқлол марши» матни муаллифи, атоқли шоир Меҳмет Акиф Эрсўй қаламига мансуб  «Сафаҳот» номли китоб ўзбек тилида чоп этилди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида бўлиб ўтган китоб тақдимотида Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TİKA) раҳбари Серкан Каялар бошчилигидаги делегация вакиллари ҳам қатнашди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Ғайрат Мажид кейинги йилларда туркий халқлар ўртасида адабиёт соҳасида ҳам ҳамкорлик кенгайиб бораётганини таъкидлади.

TİKA раҳбари Серкан Каялар икки қардош миллатнинг адабий робиталари кўп асрлик тарихга эга экани, янги чоп этилган «Сафаҳот» тўплами бу алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини қайд этди. 

Тўплам атоқли ўзбек шоири Миразиз Аъзам томонидан таржима қилинган. Китобга Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон сўзбоши ёзган.

«Сафаҳот» сўзи ўзбек тилида «Саҳифа» деган маънони билдиради. Бу китоб тўлиқ таржимада чоп этилмасдан аввал ҳам туркча номида ўзбек шеърхонлари орасида машҳур эди. Таржимон шуни инобатга олган ҳолда унинг номини ўзбек тилига таржима этмай, аслиятдагидек қолдирган», – дейилади Ёзувчилар уюшмаси хабарида.

Тўпламга Меҳмет Акиф Эрсўй томонидан 1911-1933 йилларда ёзилган «Сафаҳот», «Сулаймония минбарида», «Ҳақ ваҳийси», «Фотиҳ минбарида», «Хотиралар», «Осма» ва «Соялар» каби етти асар киритилган.

Меҳмет Акиф Эрсўйнинг (1873–1936) отаси Меҳмет Тоҳир асли албан миллатига мансуб мударрис, онаси эса бухоролик ўзбекларнинг қизи Омина Шариф хоним эди. Шоир «Истиқлол марши»ни ёзиш билан турк халқининг синаёзган ғурурини яна тиклаб, кўп миллионли миллатни ягона байроқ остида бирлаштиришга хизмат қилган эди. Аввалроқ мадҳиянинг ёзилиш тарихи ва Эрсўйнинг фавқулодда ватанпарварлиги, мукофотдан ҳам воз кечгани ҳақида ҳикоя қилган эдик.

Тошкентда аввал ҳам туркий дунёнинг Истиқлол шоирлари, жумладан, Меҳмет Акиф Эрсўйнинг хотираси эҳтиром билан ёдга олинганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг