Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

IUCN'нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси расман ўз ишини бошлади

IUCN'нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси расман ўз ишини бошлади

Ар-Риёд шаҳрида Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчихонаси кўмагида бўлиб ўтаётган COP16 конференцияси доирасида мезбон давлат шартномасини имзолаш ва Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқининг (IUCN) Тошкент шаҳрида ваколатхонасини ташкил этиш маросими бўлиб ўтди. Ҳужжатни Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ва IUCN бош директори Гретел Агилар имзолади.

«IUCN билан ҳамкорлигимиз қўшма лойиҳа ва тадбирлар орқали ривожланиб бораётганидан мамнунмиз. Тошкентда офиснинг ташкил этилиши ҳамкорлик учун янги имкониятлар яратишига ишонаман, — деди Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов. — Экологик муаммолар чегара билмайди, бу эса кучларни бирлаштириш ва трансчегаравий ҳамкорлик муҳим эканлигини англатади. IUCN'нинг Тошкентдаги ваколатхонаси нафақат Ўзбекистонга, балки бутун Марказий Осиё минтақасига хизмат қилиб, табиатни муҳофаза қилиш ва барқарор ривожланиш соҳасида минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришидан мамнунмиз».

Битим IUCNнинг Ўзбекистондаги фаолияти учун ҳуқуқий асос бўлиб, узоқ йиллик ҳамкорликдаги муҳим босқични белгилаб беради. Республика Иттифоққа 2021 йилда аъзо бўлди. Ҳужжат давлат органлари билан янада самарали ҳамкорликни таъминлайди ҳамда IUCN'нинг Ўзбекистон ва минтақани тизимли ва самарали ривожлантиришга қўшаётган ҳиссасини қўллаб-қувватлайди.

«Биз Ўзбекистон билан ҳамкорлигимизни мустаҳкамлайдиган ҳамда мамлакатда ва бутун Марказий Осиёда атроф-муҳит ва иқлим бўйича қўшма ташаббусларга асос соладиган ушбу муҳим воқеадан мамнунмиз, – деди IUCN Бош директори Гретел Агилар. – Вазирлик ва бошқа ҳамкорлар билан табиатни муҳофаза қилиш, экотизимни тиклаш ва иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш бўйича яқиндан ҳамкорлик қилишни орзиқиб кутамиз. IUCN бизга минтақанинг ноёб биологик хилма-хиллик ва қимматли табиий ресурсларни муҳофаза қилиш бўйича саъй-ҳаракатларига янада салмоқли ҳисса қўшиш имкониятини тақдим этгани учун Ўзбекистонга самимий миннатдорлик билдиради».

IUCN ва Экология вазирлиги ўртасидаги ҳамкорлик самарали саъй-ҳаракатларга йўл очади. Ҳамкорлик лойиҳалари қаторига IUCN, Глобал экологик фонд (GEF) ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) билан ҳамкорликда бошланган IUCN Минтақавий ягона соғлиқни сақлаш ташаббуси ҳамда Ландшафтлар ва ерларни тиклаш лойиҳаси киради.

Яқин келажакда GEF ва БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда ташкил этилган Ўзбекистонда табиатни муҳофаза қилиш ва алоҳида қимматли ландшафтларни тиклашни комплекс бошқариш лойиҳасини ишга тушириш орқали ҳамкорликни кенгайтириш режалаштирилган.

Ушбу лойиҳалар долзарб экологик муаммоларни ҳал қилади ва инсоният ва табиат манфаати учун инновацион, кенг кўламли ечимларни рўёбга чиқаради.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг