Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Июн ойида қандай об-ҳаво кутилади? Мутахассислар изоҳи

Июн ойида қандай об-ҳаво кутилади? Мутахассислар изоҳи

Фото: Xabar.uz

Бу йил ёз қуруқ ва бироз иссиқ об-ҳаво билан бошланади. 1-7 июн кунлари республика бўйича асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво кузатилади. Ҳаво ҳарорати аста-секин 35-38 даражагача, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда 40 даражагача кўтарилади.

Кейинчалик ой охиригача ҳарорат 33-38 даражадан 25-30 даражагача ўзгариб туриши кутилмоқда. Республиканинг шимолий, жанубий ва чўл ҳудудларида энг иссиқ кунларда ҳарорат 39-41 даражагача кўтарилади.

Биринчи ўн кунлик охирида, иккинчи ва учинчи ўн кунликларда айрим кунларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши эҳтимоли бор.

Бу йил иссиқ кунлар апрел ойида ҳам кузатилганлиги сабабли, ушбу йилнинг ёз фасли қандай бўлади, деган савол кўпчиликни қизиқтириб келмоқда. Жуда иссиқ бўладими? Бу саволга жавоб бериш жуда мураккабдир. Сайёрамизда содир бўлаётган глобал исиш ҳақиқатан ҳам ёзнинг жуда иссиқ бўлиш хавфини оширадиган омиллардан биридир.

Шу билан бирга, глобал исиш йиллараро юқори ўзгарувчанлик фонида содир бўлмоқда. Бу ҳар бир кейинги ёз фасли аввалгисига қараганда илиқроқ бўлади дегани эмас.

Бундан ташқари, 2025 йил бошида океаннинг исишига олиб келадиган Эл-Нино ҳодисаси якунланди ва океан нейтрал ҳолатга қайтди.

Бироқ, кучли Эл-Нинодан кейин океан юзаси ҳарорати анча юқори бўлиб қолмоқда, бу эса атмосфера ҳолатига таъсир қилади: океанлардан узатиладиган иссиқлик ҳаво ҳароратининг ошишига сабаб бўлади.

Бироқ, бу иссиқлик бутун дунё бўйлаб қандай тақсимланишини айтиш мумкин эмас.

Ўзбекистонда ёз асосан қуруқ ва иссиқ бўлади – бу бизнинг Ўрта Осиё иқлимимизнинг ўзига хос хусусиятларидан биридир. Бундан ташқари, сўнгги 50 йил ичида ёз фаслларининг ўртача ҳарорати кўтарилиши барқарор тенденсияси кузатилиб келинмоқда.

Ўзгидрометнинг жаҳон прогнозлаш марказлари ҳисоб-китобларига асосланган дастлабки баҳосига кўра, бу йилги ёз фаслининг ўртача ҳарорати меъёрдан бироз юқори бўлиши кутилмоқда.

Ёзги мавсум давомида, албатта, экстремал қийматларга яқин бўлган ҳаво ҳарорати билан жуда иссиқ об-ҳаво даврлари ҳам қайд этилади. Аммо ёз учун нисбатан қулай ҳарорат фонида иссиқнинг пасайиш даврлари ҳам кузатилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг