Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Изламасин оналарини жанггоҳларда гўдаклар зинҳор — Хайрулла Ҳамидов янги йилга атаб шеър ёзди

Изламасин оналарини жанггоҳларда гўдаклар зинҳор — Хайрулла Ҳамидов янги йилга атаб шеър ёзди

Бугун 2019 йил якунланмоқда. Шоир Хайрулла Ҳамидов янги йил кириб келадиган кеча олдидан шеър ёзди.

Шоир ушбу шеърида урушлардан азоб тортаётган диёрларни қаламга олган.

ЯНГИ ЙИЛДА...
Янги йилда уруш бўлмасин,
Шомни вайрон этмасин жанглар,
Гурсиллаган танклар зарбидан
Ўрламасин фалакка чанглар.

Янги йилда тугасин бор ғам,
Шўрликлар ҳам яшасин энди.
Фарқи йўқдир, икки томон ҳам
Қуролини ташласин энди.

Янги йилнинг ҳар бир фаслини
Тарих бизга атасин баҳор,
Изламасин оналарини
Жанггоҳларда гўдаклар зинҳор.

Янги йилда ўйин қилмасин
Кучсизларни кучли жаноблар,
Ҳар бир ёвуз ишига ўксиб,
Корчалонлар берсин жавоблар.

Янги йилда афғон тоғларин
Бобурларнинг қучсин мероси,
Боғдоддан то Дамашқ боғларин
Босиб кетсин булбул овози.

Янги йилда қора қитъага
Ёруғ кунлар келсин ниҳоят,
Босиб кетди БМТни ҳам
Урушлардан ортган шикоят.

Янги йилда Фаластинда ҳам
Сокин ухлай олсин болалар.
Юракларни тешиб ташлади
Ундан оққан сўнгсиз жолалар.

Янги йилда тинчлик деган сўз
Халққа айлантирсин оммани...
Шундагина янги йил билан
Табриклашим мумкин ҳаммани.

Хайрулла Ҳамидов

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг