Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Жамшид Қўчқоров: «Карантин чекловлари май ойида ҳам давом этиши мумкин»

Жамшид Қўчқоров: «Карантин чекловлари май ойида ҳам давом этиши мумкин»

Фото:«Xabar.uz»

Марказий банки бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдан ташқари йиғилиши якунлари ва унда қабул қилинган қарор юзасидан онлайн брифинг бўлиб ўтмоқда.

Унда Бош вазир ўринбосари, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров пандемия туфайли юзага келган вазият юзасидан ўз мулоҳазаларини билдирган:

«Жаҳон иқтисодиёти юзага келган вазият анча мураккаб. Куни кеча Халқаро валюта жамғармаси прогнозларини эълон қилди. Унга кўра, жаҳон иқтисодиёти йил якунлари билан 3 фоизга қисқаради. Яъни – 3 фоиз. Агар карантин каби чекловлар иккинчи ярим йилликда давом этадиган бўлса, қўшимча равишда яна қисқаришлар бўлиши мумкин.

Энди Ўзбекистон ҳақида айтадиган бўлсак, ўтган ҳафта Жаҳон банки ўз прогнозларини эълон қилди. Юртимиз иқтисодиёти режадаги 5,5 фоиз ўрнига 1,6-1,8 фоиз атрофида ўсиши кутилмоқда.

Пандемия оқибатлари бутун дунёни қамраб олди. У олдин бўлган инқрозлардан мисол учун 2008 йилги ёки 2017 йилдагидан кескин фарқ қилади.

Бу талаб инқирози эмас, балки таклиф инқирози ҳам. Шунингдек, у қайси бир банк ёки бирор бир давлатнинг айби билан вужудга келгани йўқ. Табиий форс-мажор бўлмоқда.

Бу инқироз Ўзбекистон иқтисодиётига таъсир қилади. Чунки, биз кейинги уч йилда жаҳон иқтисодиётига ўз интеграциямизни кучайтирдик ва уларнинг ажралмас қисмига айландик. Экспорт ва импортимиз кўпайди. Бу бозор иқтисодиёти учун табиий ҳол, албатта.

Иккинчи чорак бўйича тезкор маълумотларга кўра, ялпи ички маҳсулот 4,1-4,4 фоиз атрофида ўсиши кутилмоқда. Биринчи чоракда 5,3 фоиз ўсишга эришган эдик. Энди саноатда ўсиш 4 фоизни, экспорт қарийб 11 фоизга қисқарди ва импорт 10 фоизга камайди.

Олдимизда турган муаммолардан бири иккинчи чорак биз учун ўта мураккаб бўлиши кутилмоқда. Юртимизда ялпи ички маҳсулотнинг 32-33 фоизи хизмат сервиси билан боғлиқ. Карантинда эса сервис соҳаси чекланди».

Қўчқоровнинг таъкидлашича, карантин билан боғлиқ чекловлар апрель ойига тўғри келди ва май ойида ҳам давом этиш эҳтимоли мавжуд.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг