Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Жарима солувчи мол бозори (нохуш манзара)

Жарима солувчи мол бозори (нохуш манзара)

Фото: «Vodiy Media»

Самарқанд вилоятидаги Пастдарғом мол бозори. Бозорга яқинлашган сайин юк машиналари ва енгил автомобилларнинг тирбандлиги кўнглингизни хира қила бошлайди, улардан амаллаб ўтиб олиб... тиқилинч пиёдалар оқимига юзма-юз келасиз.

Мол бозорига элтувчи йўлдан кетаркансиз, ҳар икки тарафда арпа-буғдой уюмлари, тарози-ю челак, ора-орада қозиқ, арқон, кетмону ўроқ сотиладиган ёйма расталари, юк ташувчи мотоцикллар, кўчма ветаптекалару, кираверишда «доллар, рубль» деб турган азаматлар ёнидан зўрға ўтасиз. Йўл-йулакай «пўшт-пўшт» деган овоздан сергакланиб, ўзингизни вақтида четга ололмасангиз, тажовузкор буқа билан тўқнашишингиз ҳам ҳеч гапмас. Мана шу тиқилинчдан зўрға ўтиб, ичкарига кирасиз.

Катта стадиондек бозор, ёритиш воситалари камлигидан деярли нимқоронғи, юриш йўлаклари пландаям бўлмаган, одамлар қандай йўл топиб юришади, ҳайрон қоласиз. Тирбанд ҳолатда кимдир қўй, кимдир молнинг арқонидан тутиб мижоз кутади. Молбозорнинг тупроқ майдони бир кун олдинги ёмғирдан шилта лойга айланган. Бу ерга камида этик кийиб кемаганингизга афсусланасиз. Ҳар дақиқа ҳушёрлик керак, бирор буқа ёки сигир туртиб-нетиб қолмас дейсиз-да.

Ҳа энди молбозор бўлса, бу ерга соябон тутган олифталар келмайдику дерсиз, лекин этиксиз юриб бўлмайдиган, шилта лой ва мол тезаги аралашиб кетган шу абгор жойга бир туфлаб кўрингчи!..

Ҳар қанақанги кузатув мосламасидан кўзи ўткир нозир шу заҳотиёқ ёнингизда пайдо бўлади.

Энг қизиғи ана шунда бошланади: «жамоат жойида тартибни буздингиз, жарима тўланг!» Табиийки, «қандай жарима, нима қилдим», деб ҳайрон бўласиз. Ҳа, бу мол бозорида оддий туфлаш баъзида нос туфлаш деб эътироф этилади ва жаримага тортиласиз.

Буни ўқиб, «ана қонунлар ишлаётган эканку», дерсиз. Эҳтимол. Лекин бунинг бошқа тарафиям бор. Ўша жамоат жойи деб эътироф этиладиган тумандаги баъзи жойларда — шаҳарлараро ва халқаро йўналишли таксилар ва транспорт бекатлари ҳамда автотранспорт воситаларини вақтинчалик сақлаш жойларида, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг биноларида, соғлиқни сақлаш тизими муассасалари ва ташкилотлари, таълим муассасалари, жисмоний тарбия, соғломлаштириш ва спорт иншоотлари, кўп хонадонли уйларнинг йўлаклари, шунингдек уйлар олди ҳудудларида жойлашган болалар ва спорт майдончалари; хиёбонлар, боғлар, кўчалар ва бошқа жойларда бирор инсон туфлагани учун жарима тўлаганини кўрмайсиз. Савол туғилади, нега айнан мол бозори энг кўп жарима ундириладиган жой? Нима, бошқа жойларда ҳамма ҳуқуқий маданияти шаклланганлар юрадими?

Табийки, бунинг биринчи сабаби — мол бозорига одамлар пулсиз келмайди. Кейин бу жойга  келадиганлар орасида нос ёки сигарет чекишга мойиллар кўп.

Лекин, қизиғи, бозорнинг бирор жойида чекиш тақиқланади, деган огоҳлантириш ёзувига кўзингиз тушмайди. Тағин ҳар қадамда сигарет, нос, писта сотувчилар бу ўлгурларни кўз-кўз қилиб, «олинг, олинг» деб туришади.

Бозор ғала-ғовури эрта тонгдан мияни чарчатганда, билмай қолса керакда шу савилни чекканини. Шахсан мен, чекмаганим учун, унинг хуморию, ўзга жиҳатларини билмайман. Бу билан чекувчиларнинг ёнини олиш ёки уларга мойил фикрларни билдириш ниятим ҳам йўқ, шунчаки, салла деса каллани мўлжал қилувчиларнинг хатти-ҳаракатларига бир назар ташламоқчиман.

Ахир ўша бозор ким учун? Аҳоли учунку, унга кириб чиққан ҳар бир харидор мол учун 32 минг сўм, қўй учун 16 минг сўмдан патта пули тўлаётган бўлса, нега уларга бозорда тайинли шарт-шароит яратилмайди? Нега ўша лой билан тезак аралашмасига беихтиёр туфлаганлар ёки бирор қоғоз бўлаги ташлаганлар жаримага тортилаверадию, бозорни тартибга келтириб қўймаганлар жавобгарликни бўйнига олмайди?

Бозор маъмурияти олдин харидорлар ва сотувчилар учун етарли шароитни яратиб берса, бозорда  ҳеч бўлмаса ҳафтада бир марта тозалик ишлари амалга оширилса, машиналар учун тураржойлар қилинса, унга асфальт ёки бетон ётқизилса, йўлаклар қилинса, ана ундан кейин олавермайди туфлаганлардан жаримасини!

Ҳа-я, бозордан чиқишда қўл юваман десангиз, бирор мослама ёки водопровод кранини тополмайсиз. Азонлаб бозорга келувчиларда кўп йиллик анъана бор. Яъни мол сотган ёки олган одам ҳамроҳларига, даллолга, «ҳақ беради», зиёфат қилиб беради. Бозор ташқарисидаги «кафелар» эса хизматингизга мунтазир. Бу кафе деганимизнинг атрофида устунлар бўлиб, уларга «ҳақ берувчилар» баъзан молларини боғлаб, ўзлари деярли ёнгинасида овқатланишади. Кафедаги тутун, Темур бобомизнинг ҳарбий «тревога» сигнал тепаликларидан-да юксакларга бўралайди.

Шунда ногаҳон оёғингиз бир майин нарсага тегиб кетса, ҳайрон қолманг, бу ўша сиз таомланаётган қўйнинг териси, ичида ичак-чавоқлари...

Сал нарироқда сизга бир жуфт кўзини тикиб, бирон илинжда, гоҳ мўлтираб, гоҳ олайиб мушук ва итлар қараб туради.

Бу ерга асосан санитария сўзини ёқтирмайдиганлар ва иммун тизими метин мижозлар ташриф айласа керак, деб ўйлаб қоласиз. Энди барча ишлар тугаб, бозор ёнидаги «стоянка» ўрнидаги бир толнинг тагига қўйган машинангизга яқинлашсангиз, сизни машина тагида ётган кутилмаган меҳмонлар — ҳайбатли итлар қаршилайди. Кутилмаган меҳмон аслида сизсиз... Албатта-да, туман ободонлаштириш бошқармасининг дайди итларни тутиш бригадаси бу ерларга умуман келмас экан, итлар ўша манзилнинг доимий соҳиблари, биз эса кутилмаган меҳмонлар бўлиб қолаверамиз.

Бу ерда ана шундай манзара. 

Шуҳрат Нормуродов

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг