Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ЖССТ икки хавфли инфекция кескин кўпайганидан хавотир билдирди

ЖССТ икки хавфли инфекция кескин кўпайганидан хавотир билдирди

Денге ва чикунгунья безгаклари — вирусли инфекциялар турига мансуб. Асосан тропик ва субтропик минтақаларда учрайди. Уларни ташувчи воситалар чивинлар ҳисобланади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти экспертлари кейинги йилларда ушбу хасталикларга чалиниш кўрсаткичи сезиларли даражада ошиб бораётганидан хавотир билдирмоқда.

Уларнинг қайд этишича, вируслар кенг тарқалишига глобал исиш ва ёғингарчиликлар миқдори ортиши сабаб бўлмоқда. Бундай муҳитда чивинлар янада тезроқ кўпаяди. Қолаверса, иқлим ўзгаришлари туфайли вирус ташувчи ҳашаротлар бошқа минтақаларга учиб бориши кузатиляпти.

ЖССТ таҳлилига кўра, дунё бўйича денге безгагига чалиниш ҳолати кейинги 19 йилда ўн баробар, яъни 505 мингтадан 5,2 миллионтага кўпайган.

Хусусан, ўтган йили биргина Лотин Америкасида бу вирусни юқтирган 2,8 миллион бемордан 1280 нафари ҳаётдан кўз юмгани ачинарли. Ўсиш тенденцияси 2023 йилда ҳам давом этмоқда.

Бу борада Боливия, Парагвай ва Перуда вазият анча ташвишланарли. Қолаверса, 2010 йилдан бери Европа минтақасида денге безгаги билан касалланиш ҳолатлари қайд қилиняпти. Осиёда ҳам шундай тенденция мавжуд.

Суданда эса ўтган йил июль ойидан бери 8239 бемор касалликка чалиниб, улардан 45 нафари вафот этди.

Шунингдек, ҳозир Парагвай, Аргентина ва Боливияда чикунгунья безгаги эпидемия даражасига чиққан. Бразилияда ҳам вазият яхши эмас.

Ушбу касалликдан оғир асоратлар ва ўлим ҳолатлари кам учрайди. Хасталик туфайли ҳаётдан кўз юмаётганларнинг қарийб 70 фоизи қандли диабет, гипертонияга чалинган ва иммунитети заиф 60 ёшдан ошган аҳоли қатламидир.

20 фоиз ўлим ҳолатлари эса инфекцияни юқтирган чақалоқлар туғилиши чоғида содир бўляпти.

ЖССТ бундай вирусларга қарши энг тўғри чора чивинлар чақишидан ҳимояланиш, деб ҳисоблайди. Бунда танани тўлиқ беркитувчи очиқ рангли узун кийимлар, ҳашаротларга қарши тўрлар, кремлар ва ва бошқа воситалар тавсия қилинади.

Ўз навбатида, олимлар ушбу инфекцияларга қарши вакциналар ишлаб чиқариш ҳаракатида.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг