Журналистикага оид 10 жилдлик қўлланма нашрдан чиқарилди
Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида журналистика соҳасига оид 10 жилдлик қўлланма тақдимоти бўлиб ўтди.
250 босма табоқдан иборат ушбу китоблар олий таълим муассасаларига ўқув қўлланма сифатида жорий этилади.
— Мазкур қўлланмани тайёрлаш ишлари беш ой олдин бошланган эди, — деди Агентлик директорининг биринчи ўринбосари Дилшод Саиджанов. — Ўша пайтда раҳбаримиз Комил Алламжонов ҳамда директор ўринбосари Саида Мирзиёева ушбу масалага катта эътибор қаратиб, қўллаб-қувватлаган эдилар. Деярли ҳар ҳафта нашриёт раҳбарлари, қўлланма учун масъул шахсларга уни сифатли қилиб тайёрлаш юзасидан топшириқлар берилган эди. Мана, қисқа вақт ичида катта меҳнат эвазига 10 жилдлик қўлланма тайёр бўлди.
Тадбирда сўзга чиққан депутат ва журналист Хуршид Дўстмуҳаммедовнинг айтишича, «аввал мамлакатимизда журналистика соҳасига доир 10 жилдлик китобнинг нашр этилиши афсона, фантастика» бўлганлигини айтди.
— Шу пайтгача бизга журналистикага оид етарли қўлланмалар йўқлиги сабабли талабалардан кўп эътирозлар тушарди. Ушбу тўплам бу муаммоларга барҳам беради. Хорижлик ҳамкасбларимиз «бу кутилмаган ҳолат» дея барчамизни табрикладилар – дейди ЎзДЖТУ «Халқаро журналистика» факултети декани Амрилло Каримов.
Қўлланманинг ҳар бир жилди «Журналистика назарияси, тарихи ва тараққиёти», «Журналистика ҳуқуқи ва этикаси», «Медиалингвистика ва таҳрир», «Медиа-маркетинг ва менежмент», «Босма оммавий ахборот воситаларида жанрлар ва маҳорат масалалари», «Аудиовизуал журналистика», «Онлайн журналистика ва медиада янги трендлар», «Замонавий медиа муҳитда PR-хизматлар», «Ихтисослашган журналистика», «Журналистика социологияси ва психологияси» 1000 нусхада нашрдан чиқарилди.
Китоблар тез фурсатларда барча олий таълим муассасалари кутубхоналарига етказилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter