Кичик тадбиркорларни ҳар қандай текширишга мораторий эълон қилинди
Кичик тадбиркорлик субъектларини ҳар қандай текширишга 3 йилга мораторий эълон қилинди.
«Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги Президент Фармони (ПФ–175-сон, 27.08.2026 й.) қабул қилинди.
Фармонга кўра, кичик тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини ҳар қандай текширишга 3 йил муддатга мораторий эълон қилиниши белгиланди (бундан жиноят иши доирасида, инсон соғлиғига таъсирини ўрганиш ва меҳнат қонунчилигига риоя этилиши, фуқаролар мурожаатлари, ҚҚСни қоплаш (қайтариш) ва тадбиркорлик субъекти тугатилиши муносабати билан ўтказиладиган текширишлар мустасно).
Мораторий амал қилиш даврида:
- кичик тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ноқонуний ҳисобланади ва ушбу ҳуқуқбузарликка йўл қўйган шахслар белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади;
- Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман) томонидан «Самарали назорат» тадбири ўтказилади. Бунда:
- назорат органларининг охирги 3 йиллик текширув материаллари жойига чиққан ҳолда тўлиқ ўрганиб чиқилади;
- ўрганиш якунлари бўйича назорат органлари томонидан йўл қўйилган қонунбузилишлар бўйича ўз ваколатлари доирасида тегишли чоралар кўрилади;
- текширув ўтказиш тартиби бузилган ҳамда ноқонуний текширувлар аниқланган ҳолларда фаолияти текширилган тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш чоралари кўрилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter