Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ким жаҳлдор, ким сабрсизроқ? Ўзбекистонлик олим Япония ва Англияни қиёслади

Ким жаҳлдор, ким сабрсизроқ? Ўзбекистонлик олим Япония ва Англияни қиёслади

«Жамиятдаги ўзаро ишонч, ижтимоий қоидаларга бўлган ҳурматга қараб унинг қай даражада ривожланган, қайсидир маънода улғайган жамият эканини билиш мумкин. Бу ишонч ва ҳурматни эса кичкина, кундалик, бир қарашда арзимагандек туюладиган белгиларга қараб аниқласа бўлади», ؘؘ– деб ёзади Буюк Британиядаги Шарқий Англия университети профессори Шерзод Мўминов.

Нуфузли Кембриж университетида PhD диссертациясини ҳимоя қилган юртдошимиз ўзи яшаб кўрган икки давлат – Япония ҳамда Англиядаги вазиятни муқояса этади.

«Япон жамияти ҳақида, у ерда одамлар қоидаларга ҳаддан ташқари жиддий ёндашади, ҳамма нарса китобидек бўлиши керак, деган фикр кенг тарқалган. Сиз ҳам эшитгандирсиз. Кўп айтиладиган мисол: японлар машина умуман йўқ кўчада ҳам пиёдалар учун светофор яшил бўлмагунча кутиб туришади. Ростан ҳам шундай. Токиода бир кун сайр қилсангиз, бир неча бор бунга гувоҳ бўласиз. Бу мисолни чет элликлар, жумладан, баъзи ватандошларимиз ҳам японларнинг устидан кулишда ишлатишади, чунки японларнинг «робот»лигига исботдек туюлади. Тан оламан, ўзим ҳам бошида ҳайрон қолардим, бир жойга шошиб турганимда узоқ куттирадиган светофорларда ҳамма қимирламай кутиб туриши бироз ғашимни келтирар эди», ؘ– дейди муаллиф.

Қайд этилишича, Токио кўчаларида ахлат қутиси бўлмаса-да, ҳеч ким музқаймоқ ё ширинлик қоғозини кўчага ташламайди, сақич туфламайди. Ҳайдовчилар 99% ҳолларда қоидага риоя қилади, секин ҳайдайди ва ҳеч кимга жаҳл билан сигнал чалмайди. Поездга ҳамма навбат билан чиқади, ҳеч тирсаклаб олдинга ўтишга уринмайди. Шинжуку,  Икебукуро каби дунёнинг энг гавжум поезд бекатларида ҳам миллионлаб одам тўғри томонда юради ва қоидаларга риоя қилади, ҳеч ким ўзини жамиятдан устун қўймайди, шунга кўра тизим юрғизилган соат каби ишлайди.

Тўрт ойлик тадқиқотдан кейин Япониядан Англияга қайтган муаллиф икки жамият орасидаги фарқни яққол ҳис қилганини қайд этади.

«Англияга келиб, биринчи бўлиб сезганим – кўчаларнинг нақадар ифлослиги бўлди. Японияга кетишдан олдин шунча йил яшаб, бунга аҳамият бермаганимга хайрон қолдим. Кейинги бир ҳафта ичида бошқа фарқлар ҳам кўзга ташлана борди: ҳайдовчиларнинг майда қоида бузишлари, хизмат кўрсатиш соҳаси ишчиларининг қўполлиги ва ҳоказо. Аммо энг кўп сезганим – мен бўлмаган тўрт ойгина муддат ичида одамлар янада жаҳлдор ва сабрсизроқ бўлгандек, ҳатто безбетлашгандек, бир-бирига олдингидек ишонмайдиган, кундалик вазиятларда бошқаларга меҳр-оқибати камайгандек туюлди», – дея кузатувлари билан бўлишади олим.

Инглиз жамиятидаги асабийликка энергия инқирози, Брексит, коронавирус пандемияси сабаб бўлиши мумкинлиги айтилган.

«Юқорида ёзганим ижтимоий ишонч ва қоидаларга ҳурмат аслида ўзбек тилидаги меҳр-оқибатга яқин тушунча. Битта фарқ бор: атрофдагиларга меҳрли бўлиш ёки бўлмаслик аслида танловдир. Аммо қоидаларга риоя қилиш ва бошқа фуқароларга ишонч билан ёндашиш – жамиятда тартибнинг муҳим шарти. Меҳрибон бўлмасдан ҳам ҳурмат қилиш мумкин, чунки қоидаларга ҳамма амал қилса, охир-оқибат бундан ҳамма фойда кўради. Онда-сонда машинаси йўқ кўчада светофор кутиб қолса-да», – дея хулоса қилади профессор Ш.Мўминов.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг