Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Китоб мамлакатнинг экспорт салоҳиятини оширишга таъсир кўрсатади

Китоб мамлакатнинг экспорт салоҳиятини оширишга таъсир кўрсатади

фото: https://www.istockphoto.com

Жанубий Корея тажрибасига эътибор қаратсак, бутун дунёни маҳв этаётган K-culture (Жанубий Кореянинг маданий контенти) экспорти 2025 йил якунларига кўра 14.9 миллиард долларни ташкил этди.

Кореянинг 2010 ва 2021 йиллардаги маданий контент динамикасини кўрсатувчи жадваллари орқали ушбу улкан экспорт оқими ичида нашриёт соҳаси ҳам жуда салмоқли улушга эга эканини кўрамиз. Яъни, бир мамлакатнинг иқтисодий ва экспорт салоҳиятини юксалтиришга нафақат автомобиллар ёки технологиялар, балки яхши ёзилган китоблар ҳам беқиёс улуш қўша олади.

Жанубий Корея адабиёт бўйича Нобел мукофотига эга бўлганидан кейин бу кўрсаткич янада ошган бўлса керак. Нашриёт ва китоблар ривожланиши учун энг муҳими сифатдир. Лекин сифатли китобларнинг сони ҳам кўп бўлиши керак. Мисол учун Кореяда биргина расмли китоб жанрида минглаб ёзувчилар ижод қилади. Фантастика, фентези, комикс — ҳар бир жанрда минглаб ижодкорлар асарлар ёзадилар. Ички танловлар улар орасидан яхшиларини аниқлайдилар, бунда жуда катта ижобий маънодаги кураш кетади ва энг зўр асарлар жамият учун ҳар томонлама хизмат қиладиган китоблар бўлади. Шундан сўнг мамлакат ичида катта муваффақият қозонган, нечи юз минглаб адад билан сотилган китоблар жаҳон аренасига чиқади ва дунёни забт этишни бошлайди.

Бизда бугун болалар адабиёти ёзувчиларини санасак, ҳар бир жанрда 3-4 тадан кўп ижодкор топа олмаймиз. Ваҳоланки 38 миллион халқ учун минглаб ёзувчилар бўлиши керак, болалар ёзувчилари эса балки ундан-да кўпроқ. Қачонки болалар ёзувчилари кўпайса, жанрлар хилма хиллиги ошса, китоблар техник жиҳатдан яхшиланса, китоб бозори шаклланади, китобхоннинг диди ривожланади, савияси ошади. Кейин  биз ҳам бемалол жаҳон бозорига чиқа оламиз. Шунда эҳтимол дунё аренасида нафақат корейс контентини кузатамиз, балки рақамли ўйин, кино, сериал, мусиқа ва албатта, китоб шаклидаги ўзбек контентини («Uz-culture» брендини) экспорт қила бошлаймиз.

Динара Мўминова, болалар ёзувчиси

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг