Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Коррупция билан курашувчи виртуал академия ишга туширилади

Коррупция билан курашувчи виртуал академия ишга туширилади

Фото: Shutterstock

Ўзбекистонда давлат хизматчилари (ўқиш улар учун мажбурий бўлади) ва аҳолининг бошқа тоифалари учун мўлжалланган Коррупцияга қарши виртуал академия ишга туширилади. Базавий курсларда ўқиш бепул, махсус курсларда малака ошириш пулли бўлади.

«Аҳоли ва давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимларини узлуксиз ошириш тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори имзоланди.

Қарорга кўра, 2025 йил 1 январдан аҳоли ва давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимларини узлуксиз оширишга қаратилган «Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси» электрон платформаси жорий этилади.

Виртуал академияда ўқув фаолиятини ташкил этиш ва юритиш Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси томонидан амалга оширилади.

Агентлик:

  • ўқитилиши лозим бўлган давлат хизматчилари контингентини шакллантиради ва академия билан келишган ҳолда йиллик ўқитиш режа-графигини тасдиқлайди;
  • ўқув жараёни сифатли ташкил этилишини мониторинг қилиб боради;
  • янги ўқув модулларини жорий этиш бўйича академияга таклифлар киритади;
  • ўқув жараёнига жалб қилинган давлат органлари ва ташкилотлари билан яқиндан ҳамкорлик қилади;
  • академия билан биргаликда ҳар йили Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашига Виртуал академия фаолияти юзасидан ахборот киритади.

Виртуал академияда ўқитиш қуйидаги контингент учун олиб борилади:

  • аҳоли, тадбиркорлик субъектлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа фуқаролик жамияти институтлари вакиллари;
  • таълим ташкилотлари тарбияланувчилари, ўқувчилари ва талабалари;
  • давлат органлари ва ташкилотларининг давлат хизматчилари;
  • давлат иштирокидаги корхоналарнинг ходимлари.

Виртуал академияда ўқитиш базавий (барча фойдаланувчилар учун бепул) ҳамда махсус ўқув курслари (тўлов-шартнома асосида) бўйича йўлга қўйилади.

Давлат хизматчиларига махсус ўқув курсларида малака ошириш мажбурий ҳисобланади, бунда:

  • ишга қабул қилинганидан сўнг уч ой ичида ўқув курсидан ўтади;
  • малака оширишнинг даврийлиги ҳар уч йилда камида бир мартани ташкил этади.

Коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари ва коррупциявий хавф-хатарлар юқори бўлган давлат хизмати лавозимларида фаолият кўрсатувчи хизматчилар учун махсус курслар чуқурлаштирилган ўқув дастурлари асосида олиб борилади.

Махсус ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаганларга сертификат берилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг