Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Марказий Осиёда ягона Сув академияси очилади

Марказий Осиёда ягона Сув академияси очилади

Жорий йил 3 июнь куни Тошкентдаги Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонасида «Ўзсувтаъминот» АЖ ва Жанубий Кореянинг K-Water корпорацияси ўртасида Ўзбекистонда сув таъминоти ва санитария соҳасида салоҳиятни ошириш бўйича ҳамкорлик тўғрисида ўзаро англашув меморандуми имзоланган.

Имзоланган меморандумга кўра, томонлар Ўзбекистонда сув таъминоти ва санитария соҳасида салоҳиятни ошириш бўйича ҳамкорлик қилади. Шунингдек, сув таъминоти ва санитария бўйича тажриба алмашиш ва биргаликда ечимлар топиш учун семинарларни ва экспертлар алмашинуви дастурларини ўтказиш ва уларда иштирок этиш кўзда тутилмоқда.

Аҳамиятли жиҳати, ушбу ҳужжатга асосан томонлар Ўзбекистонда сув таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш соҳасида ўқув марказини ташкил этиш учун зарур бўладиган маълумотларни тўплаш мақсадида биргаликда саъй-ҳаракатларни амалга оширади. K-Water Ўзбекистонда сув таъминоти соҳасидаги мутахассисларнинг малакасини ошириш бўйича ўқув маркази ташкил этилишини қўллаб-қувватлаш учун «Ўзсувтаъминот» билан ҳамкорлик қилади.

Аввалроқ, яъни 2020-2021 йиллар давомида «Ўзсувтаъминот» АЖ мутасаддилари Ўзбекистонда ушбу ўқув марказини ташкил этиш бўйича музокараларни олиб бориш учун Кореяга икки маротаба ташриф буюриб, K-Water академиясининг таълим инфратузилмаси, шу жумладан, ўқув маркази, сув тарқатиш тармоғи маркази, пилот сув тозалаш иншоотининг фаолияти билан танишган эдилар.

Бугунги кунда соҳага жалб қилинаётган хорижий инвестициялар ҳисобидан мамлакатимизда аҳолининг марказлашган ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизматлари билан қамраб олинганлик даражасини тубдан ошириш мақсадида амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида кўплаб инновацион технологиялар, шу жумладан, SCADA ахборот йиғиш ва диспетчерлик назорат тизими, геоахборот тизими, янги биллинг тизими жорий қилинди. Бу эса, ўз навбатида, соҳа мутахассисларида янги технологиялардан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, уларнинг билим ва малакасини оширишни тақозо этмоқда.

Шу боис, «Ўзсувтаъминот» акциядорлик жамияти томонидан тизимда меҳнат қилаётган 22 минг нафардан ортиқ ходимларни ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш мақсадида мунтазам равишда махсус ўқув машғулотлари, семинар ва конференциялар, хорижга стажировкалар ташкил этилмоқда. Жанубий Кореянинг K-Water корпорацияси Жамиятнинг ушбу йўналишдаги асосий ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Мазкур компания билан ҳамкорликда нафақат кадрларни ўқитиш ва уларнинг салоҳиятини ошириш, балки мамлакатимизда эскирган тармоқларни модернизация қилиш, соҳага янги технологик ечимларни, «ақлли» сув ҳисоблагичларини жорий этиш, сув йўқотишларини бошқариш бўйича ҳам бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Маълумот учун: Жанубий Кореянинг K-Water корпорацияси 1967 йилда ташкил этилган бўлиб, сув ресурсларидан комплекс фойдаланиш ҳамда қайта тикланадиган энергия объектларини қуриш, улардан фойдаланиш ва бошқариш соҳасида фаолият юритади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг