Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Меҳнат миграцияси тизимидаги муаммолар қачон барҳам топади?

Меҳнат миграцияси тизимидаги муаммолар қачон барҳам топади?

Фото:«Sputnik»

Меҳнат миграцияси. Очиғи, кейинги пайтда ушбу масалага қараш тубдан ўзгарди. Соҳадаги муаммолар очиқ-ойдин эътироф ҳам этилди, унинг олдини олиш бўйича катта ҳаракатлар бошланди, олисдаги яқинларимиз, ватандошларимизнинг ҳуқуқини тиклаш борасида чоралар кўрилмоқда.

Лекин шунча чоралар кўрилишига қарамасдан, ҳамон катта миқдордаги ноқонуний меҳнат миграцияси мавжуд. Ўтган йил якунларига кўра, иш топиш илинжида 1 миллион 630 мингдан ортиқ фуқароларимиз мамлакатни тарк этган. Улардан бир миллион нафарга яқини, аниқроғи, 944 328 нафари Россия Федерациясига, 626 791 нафари Қозоғистонга, қолганлари Туркия, Жанубий Корея ва бошқа давлатларга чиқиб кетган. Бу ҳақда «Халқ сўзи» сайтида маълумот берилди.

Тан олиш керак, юртдошларимизни чет элда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш кўрсаткичлари жуда ҳам паст, мусофирлик нонини еб, хорижда ишлаб қайтган фуқароларни ўзимизда иш билан таъминлаш масаласи ҳам сустлигича қолмоқда.

Президентимиз томонидан имзоланган «Ўзбекистон Республикасининг ташқи меҳнат миграция тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори соҳада ечимини топмаётган ана шундай оғриқли муаммоларни бартараф қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Қарорга мувофиқ, жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб, чет элда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган фуқароларимизнинг малакаларини, жумладан, касбий ва хорижий тилларни билиш кўникмаларига эгалик даражасини тасдиқлаш ваколатлари берилади.

«Шу кунга қадар аксарият ҳолларда бу йўналишда фуқароларимизнинг малакаси тасдиқланмаган. Шу боис улар чет давлатларга бориб, малака талаб қилмайдиган, деҳқончасига айтганда «қора» ишлар билан шуғулланган. Эндиликда фуқароларимиз хорижга ишлаш учун борадиган бўлса, уларнинг малакасини тасдиқлайдиган янги тартиб жорий қилинмоқда», — дейди Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи Равшан Иброҳимов.

Яна бир янгилик. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ташкил этилади. Жамғарма даромадлари давлат бюджетидан ажратиладиган 200 миллиард сўм миқдоридаги бир марталик беғараз молиявий ёрдам орқали шакллантирилади.

Бу маблағлар хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида зўравонлик, мажбурий меҳнат ва камситишдан жабрланган, меҳнат ҳамда бошқа ҳуқуқлари бузилган, оғир молиявий аҳволга тушган ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз, тирикчилик учун маблағсиз қолган фуқароларни ҳуқуқий ҳамда ижтимоий ҳимоя қилиш, шунингдек, уларга моддий ёрдам кўрсатиш каби мақсадларга сарфланади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг