Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мен ўз халқимни яхши кўраман, менга 4 киши бой бўлгани керак эмас — Президент

Мен ўз халқимни яхши кўраман, менга 4 киши бой бўлгани керак эмас — Президент

Фото: Президент матбуот хизмати.

Президент Шавкат Мирзиёев айни вақтда Фарғона вилоятида бўлиб турибди ва фаоллар йиғилишида иштирок этмоқда. Давлат раҳбари ўз нутқида ишсизлик масаласига тўхталар экан, бу муаммони ҳал қилишда кластерларнинг ўрни катта бўлиши лозимлигини таъкидлаб ўтди.

Давлат раҳбари шунингдек қишлоқ хўжалигида эскича тизимда иш мутлақо самарасиз бўлгани ва бошқа соҳаларга ҳам салбий таъсир кўрсатганини таъкидлаб ўтди.

— Пахта туфайли қанча одам зарар кўрди, қанчаси қамалди? Аввал колхозлар бор эди, улар ҳам нари борса йил охирида битта тешик гилам берарди. Оддий колхозчи тугул хатто колхоз раиси ҳам ойлик олмасди. Зарарни эса ҳисоблаб бўлмасди - ўқувчи ҳам пахтада, шифокор ҳам. Нима учун қолоқ бўлиб қолдик, чунки таълим йўқ эди, — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари ушбу муаммони ҳал қилиш осон бўлмагани ва бунинг учун миллатга бўлган муҳаббатнинг ўрни қанчалик бўлганини айтди.

— Биз мана шу муаммони ҳал қилдик, кластерлар ташкил этдик. Мана энди кластер туфайли болаларимиз мактабда, ўқитувчи дарсда, талабалар аудиторияда. Бу ишни қанча оғир бўлса ҳам бажардик ва бунинг учун фақат битта нарса керак эди - халқни яхши кўриш.

Мен ўз халқимни яхши кўраман, ҳурмат қиламан, севаман. Шунинг учун ҳам шу халқ манфаати учун ишлаяпман. Ўзбек халқи ҳам бой бўлсин, бардавом иқтисодга эга бўлсин. Фақат жон бошига даромадни ошириш билан халқимиз ва давлатимизни кўтара оламиз, — деди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев шу билан биргаликда кластерлар олдига қўйиладиган талаб ҳам ошишини таъкидлади. Президентнинг айтишича, энди ишсизлик масаласида кластерларга алоҳида талаб қўйилади.

— Дўст ачитиб гапиради, дейдилар. Кластерларни ташкил қилишда ўзим тепасида турганман. Энди уларга талабни оширамиз, кластер иш олиб бораётган туманда ишсизлик бўлмаслиги керак. Мен учун 4 киши бой бўлгани керак эмас, халқнинг турмуш даражаси ошсин. Шу сабабли кластерга талаб қўяман, ўзи ишлайдиган ҳудуд ривожланиши учун сармоя тиксин.

Кластер шу ер туфайли бой бўляптими, халқни ҳам ўйлаб қўйсин. Шундай экан, Фарғона тажрибаси сифатида шуни йўлга қўямиз — ишсизлик масаласида кластерларга талаб қўйилади.

Биз бу талабни 5 йил олдин қўймаганмиз, чунки ҳисоб-рақамида ортиқча пули бўлган бирорта ташкилот йўқ эди. Ҳеч бири даромад билан йилни якунлай олмасди. Аммо энди вазият ўзгарди, — деди Шавкат Мирзиёев.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг