Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

“Менинг телевизор устозим” ёки ўзбек халқаро шарҳловчилик мактабининг чинакам дарғаси ҳақида

“Менинг телевизор устозим” ёки ўзбек халқаро шарҳловчилик мактабининг чинакам дарғаси ҳақида

Таниқли халқаро сиёсий шарҳловчи ва машҳур нотиқ Қобилбек Каримбековнинг оҳанрабодек нутқ интонацияси, ширали овози, тингловчига фикрни етказиб бериш борасидаги юксак маҳорати, аудитория билан ишлаш бўйича фақат ўзига хос бўлган техникаси, узоқ йиллик амалий тажрибаси у кишига ана шундай таъриф беришимизга асосий сабабдир.

Дарслар интерактив эди...

Қобилбек ака биз ҳали мактаб парталарида ўқиб юрган кезларимиздаёқ телеканаллар орқали туркум халқаро шарҳлари билан қалбларимизда дунё давлатларига, халқаро муносабатларнинг нозик табиатига ва дипломатия соҳасига нисбатан адоқсиз қизиқиш уруғини экиб-улғайтирган инсон.

Сайёрамизда қалқиб турган энг долзарб муаммоларни якка ҳолдаям, бир неча таниқли шарҳловчилар билан биргаликда ҳам жуда кўришли тарзда олиб борар эдилар. Халқаро шарҳловчилик йўналишининг мустаҳкам устунлари – Эркин Ҳайитбоев, Турсун Қоратоев, Абдуғаффор Қирғизбоев, Насриддин Муҳаммадиев, Аҳмаджон Мелибоевларнинг курраи заминимизда рўй бераётган энг қайноқ мавзулар ҳақидаги сермазмун дастурларидан мутлақ яхши жиҳатларни фаол ўзлаштирган Қобилбек ака ўзбек томошабинининг халқаро ҳаёт борасидаги ритмига янгича шиддат-куч бағишлади.

Радиода Қодир Махсумов, Тельман Йўлдошев, Даврон Зуннуновлар этагидан тутиб, сўзни қўллаш бобида катта тажриба орттиргани боис, у кишининг ҳар бир чиқишлари бизни ўзига мафтун этар эди.

Тили бийрон, юзидан нур ёғилиб турадиган, серҳаракат ва жонсарак муаллиф ҳар кўрсатув якунида тинчлик-осойишталик қадрини қайта-қайта уқтирарди. Ўз кучига ишониш замонавий дунёда ҳар бир давлат учун дастуриламал вазифа бўлиб қолаётганини таъкидларди. Бу ўзгармас ҳақиқат бугунги куннинг ҳам талабидир. Катта ҳажмдаги фактлар баён этиладиган, баҳс ва фикрлар шодасига қуриладиган ҳар бир кўрсатув – мен учун билвосита сабоқ эди.

Шу сабабли, мен Қобилбек Каримбековни ўзим учун “телевизор устозим” дердим.

2000 йилда Миллий университетнинг журналистика факультетида у кишининг бизга дарс бериши ҳақида эшитиб, жуда қувондик. Талабалар учун ана шундай кучли нотиқдан сабоқ олиш фавқулодда хурсандчилик эди. Энди Аҳмаджон Мелибоев, Раҳимбой Жуманиёзов ва Карим Баҳриевлар қатори Қобилбек Каримбеков ҳам дарсларга кира бошлаши барчамизга ажойиб кайфият улашган эди...

У киши дарсларни эркин, интерактив тарзда олиб борарди. Ўнлаб мамлакатларда саёҳатлар қилгани, ҳар бир дарс мавзусини халқаро тажрибалар билан уйғун ҳолда олиб бориши, Ўзбекистоннинг халқаро кун тартибидан келиб чиқиб, ҳар бир воқеанинг юртимизга таъсирини синчиклаб тушунтириб берар эдилар.

Айтиш мумкин бўлмаган, энг қийин муаммоларни ҳам дипломатик силлиқлик, етук сиёсатшунос олимга хос вазминлик билан таърифлаб ўтарди. Сабоқлар сўнгида ҳар бир талаба ўзини қизиқтирган истаган саволни беришига имкон яратилган эди. Жавоблардан Қобилбек ака ҳар бир дарсга пухта тайёргарлик кўришини англардик. Бу ҳақиқий педагогнинг ёндашуви эди.

Шогирдлар даврасида.

“Вақти келса билиб оласан...”!

Бир куни дарсда Марказий Осиё минтақаси давлатлари ўртасидаги яхши қўшничилик, интеграция жараёнлари ҳақида сўз борди. Кўтарилган мавзу ўша даврда реаллик нуқтаи назаридан ниҳоятда ноўнғай эди. Минтақадаги айрим сиёсий етакчиларнинг “ўзим зўр” амбициялари фонида, бир гуруҳ жангариларнинг Тожикистон ва Қирғизистон орқали Ўзбекистон ҳудудига сизиб кириши таъсирида қўшниларнинг бир-биридан дамонгирлиги ошган, дилхиралик кучайиб бораётганди.

Минтақавий интеграцияга узил-кесил нуқта қўйилган, бирдамлик-ҳамжиҳатлик ғояси ўрнига ўзаро айрилиш, совуқ муносабатлар жараёнлари авж олган эди. Жанубдаги қўшнимиз Афғонистон ичида эса радикал кучларнинг жазаваси кучайиб, мамлакатда катта уруш тутуни кўрина бошлаганди.

Шунда мен устозга “Нима учун Афғонистонда ҳокимиятга келган “Толибон” ҳаракати билан алоқаларни бутунлай тўхтатдик. Қўшни мамлакат билан ҳар қандай шароитда ҳам алоқаларни ушлаб туриш Ўзбекистон манфаатларига жавоб берайдими?” деб илмоқли савол бердим.

Устоз бирдан қизишиб кетди. “Сиз қайси қўшни давлат ҳақида гапираяпсиз? Ўзбекистонга қарши минглаб жангари тўдаларга бағридан жой берган кучлар билан дўстона алоқа қилиш мумкинми? Хўш, агар улар билан яхши шериклик олиб борсак, жаҳон ҳамжиятига нима деб жавоб берамиз? Бутун дунёни ўзимизга қарши қўймаймизми? Унутманглар, радикаллашув, экстремизмнинг кучайиши – мусулмон давлатларини емирувчи даҳшатли куч. Ташқаридан бошқариладиган бундай “катта ўйин”га берилмаслик керак”, деб баланд овозда жавоб қайтардилар.

Устознинг важоҳатиданми, ёки овозларини бу қадар кўтариб гапирганларини ҳеч биримиз эшитмаганимизданми хонада оғир сукут чўкди. Бу ҳам етмагандай, ўринларидан шахт билан туриб, олдимга келдилар ва ўтирган жойимда кўзимга тик қарадилар. Худди ёмон бир воқеа бошланаётгандек, ер ёрилса, ерга кириб кетай, дердим. Мен ҳам жуда асабийлашдим.

Сиз дарсдан кейин менга учранг”, дедилару жиддий оҳангда, яна дарсни давом эттирдилар. Танаффус қўнғироғи янграгач, ҳамма курсдошларим чиқиб кетишини кутдим. Катта бир жиноят қилиб қўйган айбдордек, кучли ҳаяжон билан олдиларига бордим.

“Аввалбошида саволингиз провакациондек туйилган эди. Бироқ ўзингизни тутишингиздан билдимки, Сизга қизиқ бўлгани учун ҳам шу саволни бердингиз. Ҳозир мени тузоққа туширмоқчи бўлиб юрган каслар етарли. Лекин бир нарсани билинг. Минг йиллар қўшни бўлган халқларни ҳеч ким, ҳатто у Америка бўладими, бошқасими ҳеч қачон ажрата олмайди. Афғонистонда 7 миллион ўзбек бор. Биз барибир бу давлат билан яхши бўлишимиз керак ва йиллар ўтиб шундай ҳам бўлади. Лекин фақат ҳозир эмас... Вақти келса, билиб оларсиз барчасини... Энди боринг. Сизни баҳоингиз беш. “Зачутка” пайти эслатинг. Шундоқ қўйиб бераман”, деб столда ястаниб ётган машҳур қора папкаларини устига тап-тап этиб, гўштдор кафтларини урдилар-да, мени хонадан кузатиб қўйдилар.

Шунда мен устознинг нега бирдан бу қадар чўчиб кетганини англадим. 1980 йиллардаги собиқ Иттифоқнинг кучли цензураси, радио ва телевидениедаги халқаро кўрсатувларга зуғумлар уни жуда эҳтиёткор-синчков журналистга айлантириб қўйган эди. Шу билан бирга, ҳеч бир савол ёки масалага, ҳатто у оддий талаба томонидан айтилаётган бўлсин, шунчаки енгил қараб ўтиб кетмасликларига амин бўлдим.

Жаҳондаги ҳар бир беқарорлик ўчоғи, ҳар бир уруш олови қаҳрамонимизнинг қалбида аччиқ чандиқ қолдирар экан. Лекин “Вақти келса, билиб оласан”, деганлари чиндан рўй бериб, Афғонистон билан ҳанузгача дипломатик алоқалар ўрнатмаган бўлсак-да, икки томонлама иқтисодий-гуманитар шериклик янги сифат босқичига кўтарилди. Ҳозир бу давлат билан экспорт-импорт бўйича ижобий сальдомиз бир миллиард доллардан ҳам ошиб кетди.  

“Отажоним, шу нарса қолиб кетмасин...”

Яна бир ибратли жиҳат. 2016 йил кузида мен “Дунё мамлакатлари” китобини тайёрлай бошлаганим хабарини эшитиб, Қобилбек ака ниҳоятда қувониб кетдилар.

Устоз ўзи суйган шогирдларини суйиб-ардоқлаб, “Айнанай, отажоним, отагинам”, деб лутф этардилар.

“Отагинам, ўзи бундай китобни биз аллақачон тайёрлашимиз керак эди. Минг афсуски, иш дедик, оила ташвишлари, бундай чоғли ишга қўлимиз тегмади. Лекин таҳрир ҳайъатига албатта қўшинг, мен китобни бир сидра кўздан кечириб, ўз тажрибамдан келиб чиқиб, фойдали маслаҳатларимни беришга тайёрман. Ҳар қайси давлат ҳақида ёзаётганингизда биринчи галда тарихий ҳақиқат позициясида бўлинг, ҳис-ҳаяжонга берилманг. Иккинчидан, фақат Ўзбекистон манфаатлари, миллий манфаатларимиз призмасидан ўтказиб ёзинг. Шунда журналистлар учун ҳам, халқаро муносабатга қизиққан оддий ўқувчилар учун ҳам жуда зарур қўлланма бўлади. Сиз буни уддалайсиз, отажоним”, деб дуо қилдилар.

Ўшанда бундай самимий хайрихоҳлик ва куюнчаклик мени жуда тўлқинлантирганди. Ўз шогирдининг эзгу интилишлари ва режаларига қанот бўлишларини кўриб қувондим. Даврларнинг не-не бўрону шамолларидан ўтиб келаётган устознинг елкасини тутиб, ёшларни ўстиришга кўмак учун тўлиқ тайёрлигидан катта куч-ғайрат олдим.

Қобилбек ака асли тарих бўйича мутахассис бўлганлари боис ўтмишимиз ҳақидаги маълумотларни жуда яхши ёдлаб қолиш салоҳиятлари ҳам бор. Бир гал кўришиб қолганимизда, “Грузия давлати ҳақидаги эътиборга молик маълумотлар қаторига қизиқ бир фактни айтаман, албатта қўшинг”, деб бир воқеани айтиб бергандилар.

1964 йил 18 ноябрда Тошкентдаги “Пахтакор” стадионида футбол бўйича СССР биринчилигининг “олтин баҳси” ўтказилди. Бу Москванинг “Торпедо” ва Тбилисининг “Динамо” жамоалари иштирокида кечган тарихий ўйин эди. Ҳар икки жамоа ҳам чемпионатда 46 очко жамғарган. Бундай ҳолатда қўшимча ўйин талаб этилар эди. Ўшанда толмас грузинлар 4:1 ҳисобида ғалабага эришиб, Иттифоқ чемпиони бўлишган.

Шу баҳсни стадиондан кузатганман. 70 минг томошабин иштирокидаги бунақа шиддатли, бунақа жўшқин ўйинни бошқа кўрмаганман, отажон. Аввалига “Торпедо” майдонда тўлиқ устунликни қўлга олганди.

Грузинлар ютқазиб турган жойида, миллатининг ёрқин характерини, букилмас иродаси ва қатъий шижоатини яққол намойиш этишди. “Динамо” ўз тарихида биринчи бор Иттифоқ чемпиони бўлди ва олтин медални қўлга киритди. Буни албатта қўшинг”, дегандилар. Бу таклиф менга жуда ёқди, киритдим ва Грузия ҳақидаги бўлимнинг қизиқарли бўлишига хизмат қилди, деб ўйлайман.

“Македония эмас, Шимолий Македония ёки Уммонни бир ёқли қилинглар”...

2020 йил қишда устоз билан Ички ишлар вазирлиги ёнидаги майдончада кўришиб қолганимизда салом-аликдан сўнг, гурунгимиз бирдан яна жаҳон давлатлари томонга кўчди: “яқинда Македония номи Шимолий Македония бўлди-ку, Свазиленд номи ҳам Эсватини қилиб ўзгартирилди, албатта бундай ўзгаришларни қайта нашрга киритиш керак”, деб алоҳида таъкидладилар. Албатта бу маслаҳатларини инобатга олмаслик мумкин эмас эди.

Уммонниям бир ёқлик қилинглар. Матбуотда турлича ёзиш урф бўлди. Карвонсароймас-ку бу, отажоним”, дея ҳар ким ўзича ёза бошлаганидан жиддий хафа бўлдилар.

Уммоннинг ёзилиши бўйича жиддий ихтилоф келиб чиқди.

Гап шундаки, 2008 йил 19-26 апрель кунлари Ўмон таълим вазири Яхё бин Сауд ал-Сулаймий ташрифи давомида “Жаҳон” ахборот агентлиги мухбири сифатида интервью олган эдим. Бир неча бор Уммон, деб таъкидлаган сўзларимиз унга ёқмади. Биз “Уммон, яъни денгиз эмасмиз, Ўмонмиз”, дея озроқ жаҳлиям чиқди. Бу ҳолат ўша йили августда юртимизга ташриф билан келган ушбу давлатнинг олий таълим вазири Ровия бинт Сауд ал-Бусайдия хоним билан мулоқотда ҳам кузатилди. У ҳам “Уммон” деган сўзга очиқ норозилигини ҳам билдирди. Агар мақола ёзсак, “Уммон” эмас, “Ўмон” деб ёзишимиз кераклигини эслатиб ўтди.

Бу масала бўйича эътирозлар ҳақидаги гаплар ўша пайтдаги ташқи ишлар вазири Владимир Норовгача чиқди. “Ҳамонки номи тилга олинаётган давлатнинг вазирлари мана бундай талқин қилинглар, деб турган экан, албатта уларнинг эътирозини қабул қилиш керак. Ўмон деб ёзинглар”, дея тасдиқлади. Шундан сўнг биз мақолаларни Ўмон деб ишлатадиган бўлдик ва бу оммалашиб кетди.

Кейин ҳам қаерда кўришиб қолмайлик, кўча кўйдами (у киши пиёда юришни жуда яхши кўрадилар), мажлису турли истиҳомлардами, ҳамиша “жуда яхши китоб ёздингиз, отажон, лекин тўлдирилган нашрини албатта қилинг, тезлаштиринг, таҳрир ҳайъатига мени қўшиш эсингиздан чиқмасин-ааа”, дея ҳазил аралаш бот-бот ундаб-туртки бериб туришлари фахр-ифтихор бағишларди.

Иш жараёнида.

Оила ва жамият мувозанатини тенг ушлаган олим

2017 йилда Тошкентдаги “Китоб олами” мажмуасида бир муддат ишлашимга тўғри келиб қолди. Шунда “Ёшлар” телеканалининг Шоҳсанам исмли мухбири кутубхонада ниҳоятда фаол аъзо эканлигини кузатдим. У китобхонликка бағишланган алоҳида кўрсатувнинг бошловчиси эди. Шу билан бирга, китоб тақдимотларини янгиликлар дастурларида ёритиб борарди.

Журналист қиз бу ерда ўтадиган ҳар бир китоб тақдимотини қолдирмасдан доим келар, муаллифлар билан яхши эфирлар тайёрлар ва бу ерда соатлаб қолиб, мутолаа қилар эди. Бу қизнинг китобхонлиги мени ҳайратга солди.

Кейинроқ билишимча, Шоҳсанам Каримбекова устоз Қобилбек аканинг қизи экан. 2009 йилда Ўзбекистон Миллий университетининг Журналистика факультетини тамомлаган, лекин 2006 йилдан буён Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясида фаолият юритар экан.

Отадаги тўхтовсиз изланиш, ўқиш-ўрганишга рағбат, кутубхоналарда газета-журналларни мунтазам ўқиб боришдек ибратли анъана фарзандига маънавий мерос сифатида кўчиб ўтган эди. Қизларини ана шундай маърифатга ошно қилиб тарбиялаган инсон икки дунё саодатига муяссар бўлиши, шубҳасиз.

Турмуш ўртоқлари Гуландом Каримбекова билан 3 нафар қиз (Гулруҳ, Беҳрўза, Шоҳсанам) ва 2 нафар ўғилни (Шохруҳ, Шоҳжаҳон) камолга етказиб, халқимизга нафи тегадиган фарзандлар этиб камолга етказди.

Қолаверса, Қобилбек ака салкам 50 йиллик фаолияти давомида халқимизнинг сиёсий дунёқарашини, жаҳонни билиш борасидаги тафаккур даражасини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшди. Бир сўз билан айтганда, нафақат мамлакатимиз, балки қўшни давлатлардан Тошкентга келиб ўқиган минглаб талабаларга, турли вазирлик ва идоралардаги кўплаб ходимларга қимматли сабоқлар берган устозимиз журналистика соҳасида, халқаро муносабатларни ёритиш йўлида, том маънода, ўз мактабига асос солди.

Бугун Ўзбекистоннинг кўзга кўринган ва қалами ўткир шарҳловчилари – Собиржон Турдиев, Абдували Соибназаров, Хайрулла Нуриддинов, Анвар Бобоев, Жаҳонгир Наҳанов, Камолиддин Раббимов, Ҳамид Содиқ, Ғулом Самадов каби янги авлод сиёсий шарҳловчиларининг илҳом манбаи бўлгани десак муболаға бўлмайди.

Албатта, қомусий олим бўлган мана шундай ижтимоий фаол, оилапарвар, камтарин, куюнчак ва оқибатли устоз бизнинг бебаҳо бойлигимиздир. Бу ой 70 ёшлик юбилейини нишонлаётган устозга янги куч-ғайрат ва юксак омадлар тилаб қоламиз.

Лазиз Раҳматов,
Сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
“Шуҳрат” медали соҳиби

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг