Метрода китоб мутолааси: Тошкентда янги лойиҳа йўлга қўйилди
Пойтахт метроси йўловчилари китобни жавондан олиб, саёҳат давомида ўқишлари мумкин, уни аввалги жойига ёки худди шундай кутубхона мавжуд бўлган бошқа бекатга қайтаришлари керак бўлади
Тошкент метросида кутубхоналар тармоғи очилди, деб хабар бермоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.
“Турон китоб бекати” деб номланган лойиҳа доирасида маҳаллий ва хорижий муаллифларнинг асарлари жойлаштирилган китоб жавонлари метрополитеннинг қатор бекатларида ўрнатилди.

Ҳозирги кунда "Алишер Навоий" ва "Пахтакор" бекатлари ўртасидаги ўтиш жойида, шунингдек, "Туркистон", "Буюк Ипак йўли", "Беруний", "Чилонзор", "Мингўрик", "Тошкент" ва "Дўстлик" бекатларида кутубхона жавонлари фаолият кўрсатмоқда.
Лойиҳа доирасида келгусида ер ости ва ер усти метросининг барча бекатларида, шу жумладан, бекатлараро ўтиш жойларида ҳам кутубхоналар ташкил этиш режалаштирилган.
Йўловчилар жавондан истаган китобни олиб, саёҳат вақтида ўқишлари мумкин. Китобни аввалги жойига ёки кутубхона жавони мавжуд бўлган исталган станцияга қайтариш талаб этилади.
Лойиҳа “Тошкент метрополитени” ДУК, Республика “Маънавият ва маърифат” маркази ҳамда “Туронбанк” ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter