Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Муфтий ўтказган йиғилишда бир қанча имом-хатиблар ишдан олинди

Муфтий ўтказган йиғилишда бир қанча имом-хатиблар ишдан олинди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари раислигида 28 февраль, сешанба куни республика диний соҳа ходимларининг танқидий-таҳлилий видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда 2022 йил давомида масжидлар имом-хатиблари, имом-ноиблари, мударрислар ва отинойилар томонидан амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, айрим диний соҳа ходимлари томонидан йўл қўйилган хато ва камчиликларни ислоҳ қилиш масалалари кўриб чиқилди, дейилади идора матбуот хизмати хабарида.

Хусусан, меҳнат интизомига риоя этмаган, вазифасига виждонан ёндашмаган, мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини қондиришга жиддий саъй-ҳаракат қилмаган ва диний соҳа ходими мақомига муносиб бўлмаган 1 нафар вилоят бош имом-хатиби ўринбосари, 2 нафар туман бош имоми ва 1 нафар имом-хатиб ишдан олинди ва 4 нафарига ҳайфсан интизомий жазоси берилди. Жумладан:

Сурхондарё вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Абдусалом Фатуллаев, Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани бош имоми ва «Шоҳ Машраб» масжиди имом-хатиби Ҳафизулло Зайниев, Самарқанд вилояти Оқдарё тумани бош имом-хатиби Ҳабибулла Аблоқулов ва Хоразм вилояти Шовот тумани «Хўроз Эшон бобо» масжиди имом-хатиби Давронбек Рўзметов эгаллаб турган вазифаларидан озод этилди.

Шунингдек, Жиззах вилояти бош имом-хатиби Меҳмонали Жабборов, Жиззах шаҳар бош имом-хатиби Фахриддин Шайзақов, Тошкент вилояти «Раҳбар ота Акбар ўғли» масжиди имом-хатиби Муҳаммадий Раҳманов ва Фарғона вилояти Сўх тумани «Офтобрўй» масжиди имом ноиби Илҳомиддин Тоировга ҳайфсан интизомий жазоси берилди. Бундан ташқари, Тошкент шаҳри «ал-Ҳудайбия» масжиди имом ноиби Шуҳрат Зияев меҳнат интизомига риоя этмагани учун чора сифатида бошқа ишга ўтказилди.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг