Муҳаммаджон Обидов «икки ўт орасида»ми?
Фарғоналик журналист Шарифа Мадраҳимова Учкўприк тумани ҳокимлиги вакили ва ИИБ ходимининг босимига учрагани, ҳолат бўйича прокуратура суриштирув бошлаганидан хабардорсиз. Энди суриштирув натижаларини кутиш қолди, холос. Бироқ воқеалар жараёнида «тишга тегадиган» бир ҳолат борки, шу ҳақда икки оғиз сўз айтиш лозимдай.
Шарифа Мадраҳимова туман ИИБ олиб борилиб, «шахсини аниқлаш» пайтида унга Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими томонидан берилган аъзолик гувоҳномасининг ҳақиқий ёки сохталиги текширилади. Шу мақсадда ИИБ ходими Муҳаммаджон Обидов (Журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси) билан боғлангани, устоз журналист эса гўёки «гувоҳнома ҳақиқий эмас, журналистга нима чора лозим бўлса, кўраверинглар», деган мазмунда жавоб берганини Ш. Мадраҳимова (ИИБ ходими гапларига таяниб) кейинроқ маълум қилади.
Масаланинг энг оғриқли нуқтаси шунда, аслида. Айниқса, биз – журналистлар учун. Ҳамкасби босимга учраб, ҳуқуқий ва маънавий ёрдамга муҳтож пайтда, ростдир-ёлғондир, вилоят журналистлари раҳбарига оид бунақа гаплар урчиши, жуда юмшоқ айтанда, уят!
Муҳаммаджон Обидов серғайрат, зукко ва уддабурон раҳбар эканига ҳеч кимда шубҳа йўқ. У киши Журналистлар ижодий уюшмаси вилояти бўлими раислигидан ташқари Фарғона ҳокимининг матбуот котиби, шунингдек, «Фарғона ҳақиқати» газетаси бош муҳаррири ҳамдир. Ҳокимнинг матбуот котиби сифатида вилоятга қўшиб унинг раҳбари имижини кўтаришга астойдил ҳаракат қилаётганини жамоатчилик кўриб-билиб турибди. Бу борада муваффақиятлар ҳам йўқ эмас... Бош муҳаррир сифатида қисқа вақтда вилоят газетасининг шакл-шамойили-ю мазмун-мундарижасида ижобий ўзгаришлар қилгани ҳам бор гап. Фарғона журналистлари раҳбари сифатида ҳам кўп ва хўп ишларни уддалаганки, буларга фақат қойил қолиш мумкин.
Кечаги воқеаларга ҳам Муҳаммаджон Обидов жим турмаслиги табиий эди. Бироз кечикиб бўлса ҳам, ҳолатга муносабат билдирди. Муносабатки, қатор-қатор саволлар туғдиради, денг.
Аввал М.Обидовнинг сўзларига қулоқ тутсак:
«Шарифа Мадраҳимованинг интервьюсини кўрдим. Унга қўйилаётган постларни ҳам ўқиб боряпман. Ҳурматли блогер ва ФБдан фойдаланувчиларга «дебди-дебди» каби «тахмин, фараз журналистикаси»дан масала ўрганиб чиқилгунча тийилиб туришни тавсия қилардим. Масалан, Шарифахон «Обидов ундоқ дебди, бундоқ дебди», дея баёнот беришдан аввал қўнғироқ қилиб (телефон рақамимни билар экан, буни ўзи таъкидлабди) бир оғиз ойдинлик киритиб олса бўлардику. Афтидан карантин туфайли кўпчилик шов-шувларни соғиниб қолган ёки сўраб-суриштирмасдан бир ёқлама хулоса чиқариш одатга айланиб қолаётгандек кўринади. Бир оз сабр қилайликчи, аслида бор гап юзага чиқар.
Ҳозирча шуни айтмоқчиманки, Шарифа Мадраҳимова «Муҳаммаджон Обидов бу ҳужжат ҳақиқий эмас экан дебди» деган гаплари ғирт ёлғон ва туҳматдан иборат!»
Муносабатдаги ўта эҳтиёткорлик, ёпишмаган панд-насиҳат ва «блогер ва ФБдан фойдаланувчиларга» писанда оҳангини илғамаслик мумкин эмас. «Карантин туфайли кўпчилик шов-шувларни соғиниб қолган ёки сўраб-суриштирмасдан бир ёқлама хулоса чиқариш одатга айланиб қолаётгандек» дегани эса анча баҳсли. Зеро, шундоғам шов-шувлар оз эмас, улардан ҳар ким ўзича хулоса чиқариши эса мутлақо табиий!
Бироқ «Шарифахон «Обидов ундоқ дебди, бундоқ дебди», дея баёнот беришдан аввал қўнғироқ қилиб (телефон рақамимни билар экан, буни ўзи таъкидлабди) бир оғиз ойдинлик киритиб олса бўлардику», деган гапига эса катта эътироз бор. Негаки, бунақа ҳолатда Шарифа Мадраҳимова эмас, аксинча, М.Обидов унга қўнғироқ қилиб, вазиятга ойдинлик киритиши ва ёрдамга шошилиши шарт эди! Вилоят журналистлари раҳбари шунақа пайтда ваколати доирасида шошилинч чоралар кўриб, биринчилардан бўлиб баёнот бериши керак эмасми, аслида?! Муҳаммаджон ҳожи ака бўлса, негадир бунга тескари иш тутиб, «Бир оз сабр қилайликчи, аслида бор гап юзага чиқар», дейишдан нарига ўтмаётгани энсани қотиради, холос.
Устоз журналистнинг: «Шарифа Мадраҳимова «Муҳаммаджон Обидов бу ҳужжат ҳақиқий эмас экан дебди» деган гаплари ғирт ёлғон ва туҳматдан иборат» эканини таъкидлагани кўнгилга бироз таскин беради. Ҳар ҳолда, бу гап вилоят журналистлари оқсоқоли ёш салафига кўмак қўлини чўзмаса ҳам, чоҳга итариш учун «ҳашар»га келмабди, деган умид пайдо қилади. Ҳужжат ҳақиқий эмаслиги ҳақидаги «гаплар ғирт ёлғон ва туҳмат» бўлса, шу мазмундаги гапларни Ш.Мадраҳимовага айтгани учун ИИБ ходимини қонун олдида жавобгар қилиб, «мастер-класс» кўрсатса, нур устига аъло нур бўлармиди?!
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter