Мутахассис фавворалар борасида жиддий огоҳлантиришлар тақдим этди
Жазирама забтига олган шу кунларда чўмилиш ҳавзалари жуда гавжум. Ҳатто шаҳару туман марказларида ён-атрофга салқинлик таратиб турган баъзи фавворалар ҳовузларида ҳам болажонларни учратяпмиз.
Аммо шифокорлар бундай ҳавзаларда чўмилиш саломатлик учун зарарли, деган хулосада.
Санитария-эпидемиология қўмитаси бўлим бошлиғи Дилором Турсунова:
— Фавворалар — ҳавони намлантириб туриш ва ён-атрофга эстетик кўрк бағишлаш мақсадида барпо этилади. Улар чўмилиш учун мўлжалланмаган.
Бундай объектлар суви бассейнлар сингари тез-тез алмаштирилмайди ва зарарсизлантирилмайди. Шу боис иссиқда уларда микроорганизмлар тез ва осон кўпаяди.
Оқибатда фавворада чўмилиш ўткир вирусли ичак инфекциялари, гепатит (А,Е), ичбуруғ, ичтерлама, лямблиоз каби хавфли касалликлар келиб чиқишига сабаб бўлади.
Қолаверса, бундай ҳафзаларга турли коммуникация ва ёритиш мосламалари ўрнатилган бўлиши мумкин. Бу эса сув остидаги конструкцияларга қоқилиб, жароҳат олиш хавфини оширади.
Яна бир омил: фонтанлар — қушлар, ит ва мушуклар ҳамда бошқа жониворлар чанқоғини қондириши, чўмилиши, шўнғиши учун очиқ ҳамда қулай манба. Бу эса мазкур ҳавзаларга турли личинкалар тушишига олиб келади.
Агар шундай ифлосланган сувга болалар, айниқса, баданида турли яра ва жароҳатлари бор ўғил-қизлар тушса, тери касалликларини келтириб чиқарувчи стафилококк, стрептококк, энтеравируслар ва бошқа паразит ҳамда микробларни юқтириб олиши осон.
Бундай муҳит бурун, оғиз ва қулоқ шиллиқ қаватлари яллиғланишига ҳам олиб келиши эҳтимоли мавжуд.
Ўз навбатида, ёмғир суви фаввораларга қўшилиши улар таркибида зарарли кимёвий аралашмалар пайдо бўлишига олиб келишини унутмаслик керак.
Айни сабабдан, аввало, тақиқланган, ифлосланган, текширилмаган ва нотаниш сув ҳавзаларига тушмасликни тавсия этамиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter