Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Навоийнинг бойликлари: илм толибларига стипендия, устозларга 200 олтин динор

Навоийнинг бойликлари: илм толибларига стипендия, устозларга 200 олтин динор

Унга замондошларининг кўпчилиги ҳавас қилса, айримлари ҳасад қиларди. Зеро, Алишер Навоий нафақат мутафаккир шоир ва давлат арбоби, балки ўз даврининг энг бадавлат инсонларидан бири ҳам бўлган. Айниқса, қолган умрини ижод ва илмга бағишлаш учун ўз ихтиёри билан вазирлик лавозимидан истеъфога чиққанида, ҳасадгўй инсонлар «Алишербекнинг бойлиги ошиб, давлати ғуруридан нозиклашиб кетди», дея иғвогарона миш-миш ҳам тарқатгандилар.

Темурийлар сулоласига хизмат қилиб, Сабзавор шаҳрига ҳоким бўлган Ғиёсиддиннинг ўртанча ўғли Алишербек отасининг вафотидан сўнг мерос сифатида ўзига тегишли сармояни омилкорлик билан ишлатиб, қисқа фурсат ичида бойиб кетди. У тадбиркорлик йўналишини, асосан, боғ-роғлар яратиш, ундан келадиган даромадга эса маданий-маърифий иншоотлар барпо этишга қаратди. Яъни, қишлоқларни чаманзорга айлантириб, обод манзил барпо қилди, келадиган пулларни эса хайрия ишларига, илмга сарфлади.

Алишер Навоийнинг деҳқончилик қилинадиган кўплаб ери бўлиб, улар Ҳирот атрофларида, Сабзаворда бўлган. Бу ерларда деҳқонлар Алишербек билан келишган ҳолда ишлаб, мунтазам ҳақ олиб туришган.

1481 йилда ёзилган «Вақфия»га кўра, Навоийнинг «Олинжон бўлуки Фаррошон мавзеъида йигирма беш жериб (0,2 гектарга тенг ер ўлчови) боғ, Хўжа Шихоб боғоти ва юз жериб ер, Сабгур бўлукида икки қитъа узум боғи – олти жериб, яна Сифлий маҳалласида неча боғот, жаъми олтмиш жериб, яна мазкур маҳаллада йигирма олти жериб узум боғи. Яна бир қитъа ўн саккиз жериб ер ва дағи ўн икки жериб боғ. Яна қитъа ўн тўққиз жериб. Яна ток била бағот етмиш тўрт жерибким, ундан ўттиз тўрт жериби узум токи, ўзгаси ер бўлгай, яна неча қитъа ер туташ ўн тўрт жериб, Яна бир қитъа ер йигирма тўрт жериб, яна бир қитъа ер бир ярим жериб» ерлари бўлиб, ўша вақтда Навоий ҳазратларига қарашли барча ерлар 500 жерибни ташкил қиларди. Уларнинг деярли ҳаммаси суғориладиган, ҳосилдор ерлар бўлган.

Булардан ташқари, Навоийга қарашли бир қатор савдо расталари ҳам бўлиб, улар асосан, энг гавжум бозорларда жойлашган эди. Ушбу савдо расталарида тошу тарозининг тўғрилиги, харидор ҳақига хиёнат қилмаслик, олиб келинган молга йўл харажатларидан ташқари ортиқча пул қўймасликни ҳам шахсан Навоий ҳазратларининг ўзи назорат қилиб турган.

Мазкур ерлар, боғлар, савдо дўконларидан келадиган даромадни шоир сахийлик билан муҳтож, етим-есир, бева-бечора, илмли инсонларга инъом қиларди. Ҳатто, бир гал дўсти Ҳусайн Бойқаронинг давлат хазинасида харажатлари кўпайиб кетган пайтда, солиқлар халқдан йиғилса, аҳли муслимга жабр бўлур дея, шоир ўз ҳисобидан 25 минг динорни бутун бошли мамлакат аҳли учун тўлаб юборган. Ана шундай серсаховат, бадавлат шоир бобомиз ўзи барпо эттирган Шифоия, Низомия, Хисравия мадрасалари маъмуриятига топшириқ беради. Унга кўра, «Икки олиму мутаққи (тақводор олимлар) мударрис бўлгай. Ҳар бирининг йиллик вазифаси (иш ҳақи) икки юз олтун нақди, йигирма тўрт харвор (бир эшак кўтарарлик юк) ошлик, ярим арпа, ярими буғдой бўлгай. Ҳар халқаи дарсда ўн бир толиби илмким, бориси йигирма икки бўлгай. Олти аъло (аълочи) ҳар бирига ойлик нақди йигирма тўрт олтун, йилда буғдой беш юк, васат (ўрта ўқиғонлар) секиз (талаба) ойлиғ ҳар бирига нақди ўн олтун, буғдой – йиллик тўрт юк, адно (паст ўқигонлар) секиз – талаба ойлик ҳар бирига ўн икки олтун, ошлиғ йилига уч юк» бериларди.

Шунингдек, Навоий мадрасанинг, ҳатто ошпаз ва фаррошига ҳам серсаховатлилик билан маош тўлаб турган: «Табақчи (ошпаз)га йиллик нақди икки юз олтун, буғдой беш юк. Бир фаррош ва икки ходимдин ҳар бирига йилига икки юз олтундин жамъи олти юз олтун, буғдой беш юкдин ўн беш юк» бериб туриларди.

Ушбу мадрасаларда асосий эътибор талабаларнинг илм олишига қаратилиб, ўқитиш жараёнини шахсан Навоийнинг ўзи назорат қилиб борган. Талабаларни мадрасаларда гуруҳларга ажратиб, ҳар бир гуруҳда уларнинг сони 11 нафарни ташкил қиларди. Бу талабаларнинг дарсни яхши ўзлаштириши учун қилинган бўлиб, шундагина ўтилаётган сабоқни мударрис яхши тушунтирган, талабаларнинг ўзлаштиришига ҳам қулай бўлган. Дарсни яхши ўзлаштирилганига қараб, талабалар уч тоифага бўлинган, тоифасига қараб эса нафақа (стипендия) тўланган. Энг илмли толиб шахсан Навоий ҳазратларидан ойига 24 олтин пул ва йилига беш қоп ошлик олган. Ўша вақтда энг семиз қўйни 4-5 олтин динорга бериб, талабанинг бир ойлик нафақасига бешта қўй олиш мумкин эди.

Шоир талабаларга илм берадиган мударрисларни ҳам қадрлаб, уларга йилига 200 олтин динор маош, ҳар ойда 2 қоп буғдой ва арпа, кундалик озиқ-овқат, ҳатто уйидан мадрасагача миниб келадиган оти учун ҳам ем ажраттирган. Баъзи улови йўқ мударрис-устозларни эса қўллаб, от олиб берган.

Табиийки, буларнинг барчасига кетадиган маблағ Навоий ҳазратларининг ерлари, боғу роғлари, савдо расталаридан келадиган даромад ҳисобидан эди.

Рус олими Е.Э.Бертельс 1948 йилда нашр этилган «Навоий» номли асарида, «Алишер Навоий хазинасига унинг ер-мулкларидан ҳар куни 300 дан ортиқ работ, йигирмага яқин кўприк ва 380 жойда хайрия-эҳсон уйлари қурилган, улар орқали минглаб муҳтожларга текин овқат ва кийим-кечак улашиб турилган» (Москва, 1948, 134-бет), деб ёзган эди.

Бертельснинг аниқлашига кўра, ўша вақтда беш динорга бир қоп буғдой олиш мумкин бўлган.

Улуғ шоир масжид ва мадрасалар бунёд этиш, уларни таъминлаш билан кифояланиб қолмай, ҳаёти давомида кўплаб ариқлар, тўғонлар, 9 та ҳаммом, 20 ҳовуз каби 300 дан ортиқ иншоот бунёд қилдирганки, бу ҳар бир даврдаги бойваччаларнинг қўлидан келавермайдиган серсаховатлилик рамзи эди.

Умид Бекмуҳаммад, тадқиқотчи

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг