Нега негатив фикрлар кўп?
Эътибор бераётган бўлсангиз, кейинги пайтда жамиятда негатив фикрлайдиган, ҳар бир жараёнга салбий ёндашадиганлар кўпайиб кетди. Ҳамма эмас, албатта, бироқ оддий аҳоли орасида бу яққол кўзга ташланмоқда. Агар ижтимоий тармоқни кузатсангиз, оҳ-воҳлар, ғийбат, фисқу фужурга дуч келасиз. Бунинг оқибати шунга тақаладики, негатив фикрлаш туппа-тузук инсонларга ҳам «юқади». Ҳар томонлама тўкис яшаётган одамлар-да кўпчилик таъсирида норози, ношукур инсонларга айланиши мумкин. Хўш, бу жараённи руҳшунослар қандай изоҳлайди?
Маҳмуд Йўлдошев, психология фанлари номзоди:
– Инсон борки, у туғилгандан дунёга ва атрофга қараб яшайди ва бу ҳозирги ва, ҳатто бир неча кунлик кайфиятини белгилайди. Воқеа-ҳодисалар инсон кайфиятига ижобий таъсир қилса, у бир неча кун кўтаринки кайфиятда юриши мумкин. Руҳиятига таъсир қилган кучлар салбий бўлса, талай кун тушкун юради. Воқеа-ҳодисаларнинг кўплиги ва турли-туманлигини инобатга олсак, инсон кайфияти ўта ўзгарувчан. Ҳиссиётлироқ одамларнинг, айниқса, ижодкорларнинг кайфияти тез-тез ўзгариб туради.
Одамлар ва жамиятнинг кайфиятини ифодаловчи биргина мисол келтираман. Маълумки, суицид янгилик эмас, бу ҳар қандай жамиятда юз бериб турадиган ҳодиса. Биз тинч ва осойишта умр кечираётган йиллар давомида, ойма-ой, ҳафтама-ҳафта, ҳатто кундан-кунга ва соатма-соат қанча суицид юз беришини аниқ башорат қилишимиз мумкин. Масалан, суициднинг кўпайиши ва камайиши йилнинг ёз, қиш, айниқса, баҳор фасли билан боғлиқлигини олайлик. Баҳорда суицид кўпайса, мамлакатнинг тинч-осойишта даврида камаяди, агар улкан воқеалар рўй бериши кутилаётган бўлса кўпаяди ва ўша катта воқеалар бошланиши билан камаяди.
Жамиятимиз бугун қандай кайфиятда деган савол қўйилар экан, одатда мен саволга савол билан жавоб бераман: жамиятимизни қандай ўзгаришлар кутмоқда, биз нималарни орзу қиляпмизу бу йўлда қандай тўсиқлар бор? Бу тўсиқларни жамиятимиз енгиб ёки қийинчилик билан босиб ўта оладими? Мана шу омилларга қараб, халқимизнинг бугунги умумий кайфиятини ифодалаш, ҳатто келгусида бизни нималар кутишини қисман айтиб бериш ҳам мумкин.
Бугун аҳоли ўртасида кўтаринки кайфиятни сезиш қийинлашиб бормоқда. Ҳатто оғир ўтиб кетган қишдан сўнг фасллар келинчаги яхши белгилар билан кириб келган бўлса-да, одамларнинг умумий кайфиятини унчалик кўтармади. Тушкун кайфият эса ҳеч кимга яхшилик келтирмайди, буни мумкин қадар яхши амаллар билан амалга оширишимиз керак. Тушкун одамнинг, энг аввало, ишида барака бўлмаслиги, соғлиғига салбий таъсир қилишини унумайлик.
Биз ўз олдимизга янги ва оламшумул мақсадлар қўйиб, уларга эришиш устида жонбозлик қиляпмиз. Демак, кайфиятни туширмаслигимиз, имкон топиб ҳар биримизнинг кайфиятимизни кўтарадиган омиллар топишимиз, ёрқин келажакка ишониб олға қадам қўйишимиз зарур.
Бахтинисо Азимбоева, шифокор-руҳшунос:
– Бугун шарҳ ва изоҳларда негативлар кўпайган. Менимча, бугун, биринчидан, негатив информациялар кенг тарқаляпти. Бундай ахборотларнинг руҳий ҳиссий тўлқини одамларга таъсир қилади. Масалан, олдин ТВда қандайдир қайғули нарсаларни кўрсатишмасди. Ҳозир эса интернетда қандайдир хунук, кўрсанг ғашинг келадиган нарсаларни қўйишяпти. Одамлар уларни кўриб, ўзлари билмаган ҳолда ўша ҳолатларнинг негатив тўлқинига тушиб қолишяпти. Тўлқинлар одамга жуда тез таъсир қилиш кучига эга. Мана, сиз менга савол беряпсиз ва жавобларимни бутун танангиз билан эшитяпсиз, хулоса чиқаряпсиз. Худди шу тарзда негатив тўлқинларнинг частотаси бор, у герцларда ўлчанади.
Мен ўзимга мурожаат қиладиганларга инстаграмни кўрмайдиган бўлсанг қабулимга кел, дейман. Инстаграм – томоша майдони. Ўз устингда ишлайман десанг, вақт ажратишинг, инстаграмни йиғиштиришинг керак. Масалан, китоб ўқиш, жисмоний машқлар қилиш зарур. Уйга ҳам меҳр керак, уйда ҳам қандайдир парвариш керак. Инстаграмда эса ўзига жалб қилиш учун кучли руҳий ҳиссиётни ифодалашади ва бошқалар унинг таъсирига тушиб қолади. Дейлик, молини сотиш учун ҳар хил «упаковка»лар, ялтир-юлтирлар тайёрлашади, одамларга керакми-йўқми, бу қизиқтирмайди.
Эътибор бераётган бўлсангиз, бугун эмоцияга таъсир қиладиган қайғули нарсалар тарқалди. Позитив, масалан, бировнинг ютуғидан қувониш, тан олиш йўқ даражада. Негатив ёзаётганлар ҳаётда бирор нарсага эришолмаётганлар аслида. Дейлик, уларга океанда сузиш ўргатилган бўлса, қайси томонга сузишни билишмаяпти. Бу иқтисодий ҳаётга ҳам бориб тақалади. Масалан, боласига ўқигин деса, айрим ўқимаганлар иш тополмай ўтирибди. Ўқима деса, баъзи жойда диплом керак бўляпти. Оила қуриб, сабр қилиб ўтир деб бўлмайди, эркак оиласини боқиш учун қаёқларгадир кетиб қоляпти. Рўзғорни бутлаб қўймагач, ўзини оила бошлиғи дея олмайди-да. Аёллар эса эркаклар масъулиятини бўйнига олишга мажбур бўлишяпти. Хуллас, яшаб қолиш, «ўзининг жонини сақлаш» жараёни кетяпти.
Негативлик кўпроқ билимсизлик, дангасаликдан бўляпти. Улар ўқишни хоҳламайди. Енгил ҳаётга интилади. Пулим бўлса, бахтли бўламан, деб ўйлайди. Аслида, бахтли бўлишни ўрганса, пул келишини билмайди. Юқорида айтганимдек, интернетда ахборот ниҳоятда кўплигидан инсон мияси қабул қилишида зўриқиш юз бермоқда, қайси тўғри, қайси нотўғри эканлигини билишга улгуришмаяпти. Ҳали беш-ўн йил шундай бўлади, чунки ҳозир сараланиш давридамиз.
Маҳмуд Эргешов, психолог:
– Бугун одамлар орасида эгоизм (ўзим бўлай, кибр)га берилиш кучайган. Одамлар хатоларини англаш ўрнига нотўғри тушунишади ва тан олишади.
Бизга берилаётган билим кимдан, қаердан ёки қандай қилиб келаётганига қизиқиш – шахсий муҳимлик туйғусига асосланган. Қай биримиз, айтайлик, ёш боланинг гапларини жиддий қабул қиламиз? Ҳатто унинг гаплари тўғри эканини тасдиқловчи вазиятларга дуч келсак ҳам, «муштдек бола» ҳаётни биздан кўра тўғрироқ баҳолаганини тан олишимиз қийин.
Бу ҳолат ота-она ва фарзандлар ўртасида турли зиддиятлар келиб чиқишига сабаб бўлади. Ота-она ўз ҳаётий тажрибаси ва ҳаётга мослашиб улгурган тушунчаларига асосланиб фарзандига йўл-йўриқ кўрсатади. Фарзанд эса шаклланиб бораётган шахсияти қарорларига ўзгалар хоҳиши аралашишига қаршилик қилишга мойил.
Ўсмирлик даври – одамдаги шахсий муҳимлик туйғуси энг гуллаб-яшнаган муддат. Устозлар айтганидек, бу ёшда болага битта гап кам, иккитаси ортиқча! Бу ёшда одам ўзини ўраб турган дунёда қандай бўлмасин ўрни борлигини билиш эҳтиёжи билан яшайди. Ўсмирнинг катталар ҳаётига кириб бориш, у ерда ўзгалардан кам бўлмаслик ҳаракати кучаяди.
Аммо улғайиб улгурган одамларда ҳам шахсий муҳимлик туйғуси кучли бўлиши мумкин. Бунга, одатда, қуйидаги ҳолатлар сабаб бўлади:
Биринчиси – инсон ҳаётида эришган ютуқлар. Агар кимдир шу пайтгача кўплаб чўққиларни забт этган бўлса, ўзини муҳим шахс деб ҳисоблаши мумкин. Унда эришган ютуқлари шахсиятининг меваси эканлиги ҳақида асоссиз ишонч ҳосил бўлади. Энг кулгили ҳолат – киши ўзи амалга оширган ишларни ютуқ деб ҳисоблашидир. Бунда у ўзи ва атрофдагиларга кам фойда келтирган ишларни ютуқ санаб, уларга (ва натижада уларнинг бажарувчиси – ўзига) ортиқча баҳо бериб юборади. Биз эришган ҳар қандай ютуқда ўзгаларнинг ҳам ҳиссаси борлигини унутмаслик зарур. Камида сизни ўз мақсадлари йўлида тиришқоқ ва топқир қилиб тарбиялаган ота-онангиз меҳнатларини эсланг. Шунда шахсий муҳимлик туйғунгиз бир оз босилади.
Иккинчи сабаб – ортиқча масъулият. Агар атрофдагилар сизга кўплаб масъулият юкласа, ўзингизни жудаям керакли одам деб ўйлаб қолишингиз мумкин. Оилада хотин барча қарорларни қабул қилишни тўлиғича эрига топширса, эркак ўзини ўта муҳим ҳисоблаб юборади. У аралашмаса, ҳеч бир иш битмайдиган, айтмаса – ҳеч ким ҳеч нима қилмайдигандек туюлаверади. Кўп нарса ва кўпчилик учун жавобгарлик ҳисси ўта кучли ривожланган одам – ҳақиқий ғалванинг уяси. У кўпчилик номидан қарор қабул қилишни ва бу қарорини ҳаммага мажбуран ўтказишни ўзига одат қилиб олади.
Сиз – хатти-ҳаракатларингиз ва ўй-фикрларингиздан бошқа ҳеч нарсага жавобгар эмассиз. Агар ўзингизни кимнидир бахтли қилишга жавобгарман деб билсангиз – буни унутинг. Тангри бир бандасининг бахтини бошқасининг қўлига бериб қўймайди. Сиз фарзандларингиз тарбияси учун масъулсиз, аммо уларнинг ўрнига қарор қабул қилишга жавобгар эмассиз. Шахсий муҳимлик туйғуси сиз ва яқинларингиз ҳаётини заҳарлашига йўл қўйманг.
Гули Тўраева, клиник психолог:
– Инсон ҳар қандай воқеа-ҳодисага салбий ёки ижобий муносабат билдириши табиий. Лекин негатив фикрловчиларнинг кўпайиши – таҳлил ва тафаккур қилиб кўриш керак бўлган руҳий жараён. Фикрлар – бизнинг руҳиятимиздаги ҳис-туйғуларимизнинг акс ифодасидир.
Ақл, қалб, тана уйғунлиги бўлган инсоннинг руҳияти соғломдир. Носоғлом руҳият, қалби хасталикнинг сабабларини кўриб чиқамиз. Руҳиятимизга ақлимиз ва танамизнинг ҳолати таъсир қилади. Ақл ва тана маънавий ва моддий озуқа олади. Ҳозирги кунда информация жуда кўп. Талай маълумотларни таҳлилу тафаккур қилишга улгурмаймиз, ошқозонда ҳазм бўлмаган овқат мисоли. Илм бор, амал йўқ.
Унутманг, чарчоқлар, стресслар танада қон айланиши ва кислород таъминотини бузади ва руҳиятимизга салбий таъсир кўрсатади.
Биз тирик биологик мавжудотмиз. Экологик тоза маҳсулотлардан узоқлашиб қайта ишлов берилган, сунъий озуқалар рационимизни эгалламоқда. Бу қон муҳити, гомеостазга путур етказади. Натижада тана озиқланиши бузилади. Мияда кислород танқислиги келиб чиқади. Тана ҳолати руҳиятимизга салбий таъсир қилади. Соғ танда – соғлом ақл.
Хулоса қилиб айтганда, ақл шошиб келажакка кетган ёки ўтмиш стресс хотиралари билан банд. Тана ақлга бўйсунмай, касалликлар билан оғрийди. Натижада ақл, тана, қалб уйғунлиги бузилиб, руҳият носоғлом бўлади. Бундай инсон доимо негатив томонларни кўради, чунки унинг қалби хаста, руҳий хотиржам эмас.
Ҳаёт шундай тузилган: оқ ва қора, кеча ва кундуз, қиш ва ёз. Агар бизнинг руҳиятимиз соғлом бўлса, ойнинг ўн беши ёруғ эканига эътибор қаратамиз. Умримизнинг қиши ўтиб, албатта баҳори келишига, ҳаётимиздаги ҳар бир ёмонлик ортидан яхшилик ташриф буюришига ишонамиз.
Агар сиз ҳаётнинг ёрқин тарафларини кўра олмай қолган бўлсангиз, тафаккурингизни салбий туйғулар эгаллаган бўлса, тўхтанг!!! Ўзингизни ислоҳ қилиш вақти келибди.
Инсон ақли тафаккур учун берилган. Дейлик, сиз овқатланаётган чоғда ақлингиз қайсидир хафагарчилик ёки эртанги ишлар билан банд бўлса, таомнинг мазаси, ҳидини сезасизми? Ҳазм ферментлари тўғри ажралиб, озуқангизни парчалаб, ҳужайраларингизга етиб боряптими?!.
Сиз айни дамда ва шу ерда яшаяпсиз! Бахтни излаётгандирсиз балки, эҳтимол, у шундоқ ёнингиздадир? Илм олишда шошилмасдан тафаккур ва таҳлил қилиб ёндашинг. Танангиз касалланса, қаттиқ стрессдан азият чексангиз, тана ва руҳият тикланиб олишига имкон ва вақт бериб сабр қилинг. Моддиятга қаттиқ боғланмай, дунё кўриш, саёҳатларга чиқиш керак.
Яқинларингизга меҳр беринг. Ўзингиз хоҳламаган ҳолда негатив фикрларингиз кўпайиб, назорат, ислоҳ қилишга кучингиз етмаётган бўлса, албатта, мутахассисга мурожаат қилинг.
Акбар Фатҳуллаев ёзиб олди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter