Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Низоли вазиятда қандай йўл тутиш керак? Таниқли уламолар Қорақалпоғистондаги вазиятга муносабат билдирмоқда

Низоли вазиятда қандай йўл тутиш керак? Таниқли уламолар Қорақалпоғистондаги вазиятга муносабат билдирмоқда

Сўнгги кунларда Қорақалпоғистонда кузатилган нохуш вазият мамлакатимиздаги таниқли уламоларни ҳам бефарқ қолдиргани йўқ.

Қорақалпоғистон мусулмонлари қозияти қозиси Шамсуддин Баҳоуддинов видеомурожаат билан чиқиб, аҳолини провокацияга берилмасликка даъват этди.

«Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида «Икки неъмат борки, одамларнинг кўплари уларнинг қадрига етмайдилар – улар тан саломатлиги ва тинчликдир», дедилар. Азизлар, бир-икки кундан бери элимизда бўлиб турган воқеалардан ҳаммамизнинг хабаримиз бор. Шу мақсадда ҳурматли президентимиз Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳрига келиб, депутатлар, фаоллар ва нуронийлар билан учрашиб, халқимизнинг тилак-истакларини эшитди. Бугунги кунда норозилик уйғотаётган баъзи масалаларга ойдинлик киритди», – деди Шамсуддин домла.

Уламо давлат раҳбари Ўзбекистон Конституциясининг 17-бобида кўрсатилган Қорақалпоғистон Республикасига тегишли моддалар ўзгаришсиз қолишини маълум қилгани, демак, халқнинг фикри инобатга олинганини таъкидлади.

Шамсуддин Баҳоуддинов тинчликдек улкан неъматнинг қадрига етиш ҳар бир фуқаро, мўмин-мўминанинг бурчи эканини урғулаб, қорақалпоғистонлик ёшларни вазминликка ундаган, билим олиб, юрт равнақига ҳисса қўшишга чорлаган.

Таниқли уламо Мубашшир Аҳмад эса вазиятни «нозик ва низоли» деб баҳолар экан, бундай паллада қандай йўл тутиш лозимлигини тушунтирди.

«Кеча ёзган муносабатимда расмий хабар ва муносабатлар бўлмагунча Қорақалпоғистон масаласида фикр ёзмай туришни сўраган эдим. Бугун алҳамдулиллаҳ, воқеалар ҳақида расмий хабарлар ҳам, муносабатлар ҳам берилди. Асосийси, Президентимиз воқеаларга жойида баҳо бериб, Конституциянинг Қорақалпоғистон суверенитетига тегишли қисми таҳрирсиз аввалгидек қолиши кераклиги ҳақидаги қарорлари эълон қилинди. Президентнинг қарорларини икки сабаб билан тўлиқ қўллаб-қувватлайман:

  1. Вазият кўпроқ у киши ва атрофидаги қарор соҳибларига аёнроқ ва тушунарлироқ. Бизга улар бир томондан ва ноаниқ шаклда кўринади.
  2. Инсонлар ҳис-туйғуларга бериладиган бундай нозик ва низоли вазиятларда фақатгина олий раҳбарга итоат этиш ва можароларни узил-кесил ҳал қилишда улар ваколатли эканини эътироф этиш ислом динимиз таълимотларидан ҳисобланади», – деб ёзди у.

Уламо ўзбек ва қорақалпоқ халқи дини, мазҳаби ва тили бир икки жондош эл эканини таъкидлади.

«Можароли вазиятга нуқта қўйилди. Энди ҳамма томон тинчланиши керак. Хусусан, қорақалпоқ биродарларимиз. Чунки уларни норози қилган муаммо ечилди. Энди буёғига қондош ўзбеклари билан олдингидай яхши қўшничилик, тинч-тотувлик ва ўзаро ишонч билан келажакларини қурмоқлари керак. Чунки неча асрдан бери елкама-елка яшаётган ўзбекдан яқин дўсти йўқ қорақалпоқнинг. Қолганлар фақат миллат фожиасидан ўзининг манфаати учун «йиғлайдиган дўстлар» ҳисобланади. Бу йиллар исботлаб қўйган ҳақиқатдир», – дейди Мубашшир домла.

Ижтимоий тармоқда катта аудиторияга эга Аброр Мухтор Алий ҳам провокаторларнинг гижгижлашидан огоҳ этди.

«Вазиятни қалтис тарафга оғдириб, миллатни бир-бирига қирдиришни хоҳлайдиган сиёсатчилар ҳеч қачон миллат учун фойдали ишга бош қўшмайди. Ҳозирда барча қорақалпоқ қардошларимизни сокинлик билан иш тутишга, провокаторларнинг гижгижлашига қулоқ солмасликка чақираман! Чунки бир неча бор такрор ва такрор айтиб келаётганим ҳодисалар утопия эмасди, балки хоҳ сепаратизмни, хоҳ пантуркизмни ва хоҳ атеизм-ЛГБТизмни баҳона қилиб, ривожланиб келаётган Ўзбекистонда инқилоб ҳаракатлари бор эди. Гапимиз тўқима эмасди, пиар учун айтилган гап ҳам эмасди. Бу фитнанинг шарафсиз «актёр»лари кимлар эканини ҳам кўрсатиб келаётгандик. Огоҳ бўлинг! Хуллас, бу фитна ўчоғига тушманг, азиз қорақалпоқ қардошим» – дея бонг урди Аброр Мухтор Алий.

Ҳолат бўйича муносабат билдираётган уламолар «Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир. Бас, сизлар икки оға-инингизнинг ўртасини ислоҳ қилинглар! Аллоҳдан қўрқинглар – шояд У зот томонидан бўладиган раҳматга эришсангизлар» (Қуръони каримнинг «Ҳужурот» сураси, 10-оят) деган илоҳий амрни қайта-қайта эслатмоқдалар.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг