«Обод марказ» туфайли уйи бузилган фуқароларнинг муаммоси ҳал этилди
Наманган вилоят адлия бошқармаси жорий йилнинг 7-8 октябрь кунлари Мингбулоқ туманида яшовчи бир гуруҳ фуқароларнинг ижтимоий тармоқларда тарқалиб муҳокамага сабаб бўлган муаммолари ўрганиб чиқилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.
Хусусан, ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотларда Мингбулоқ туманида «Обод марказ» дастури доирасида бир қатор турар ва нотурар бино-иншоотлар бузилганлиги, бироқ компенсация тўланмаётганлиги кўрсатилган.
Туман ҳокимининг 2019 йил 18 августдаги қарори билан Жомашуй шаҳарчаси ҳудудида жойлашган турар ва нотурар бино-иншоотлар рўйхати тасдиқланган ва у ердаги кўчмас мулклар тўлиқ ёки қисман бузиб, замонавий лойиҳалар асосида қайта қуришга рухсат берилган.
Бироқ, ҳозирги кунга қадар туман ҳокимининг 2019 йил 1 июндаги қарорига асосан рўйхатдаги 5 нафар фуқароларга якка тартибда уй-жой қуриш учун ер майдонлари ажратилган, бироқ қолган фуқароларга эса ер майдонлари ажратиб берилмаган.
Маълум бўлишича, бузилишга тушган бино-иншоотлар бозор қийматида 2,5 млрд. сўмга баҳоланган ва туман ҳокимлигига юборилган, бироқ ушбу пул маблағлари фуқароларга ўз вақтида ва тўлиқ тўлаб берилмаган.
Наманган вилояти ҳокимининг 2019 йил 27 июндаги фармойиши доирасида мазкур мурожаатчилардан яна бири фуқаро У.Э.нинг ногиронлиги бўлган қизи Г.Ў. номига ушбу туманда қурилаётган уй-жойлардан бири ажратилиб, бошланғич пул маблағлари тўлаб берилиши таъминланди.
Шунингдек, ушбу туманда бир неча йиллардан буён ижарада асосида бошқа уйда яшаб келаётган фуқаро М.Х.га «Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга арзон уй-жойлар бериш тартиби тўғрисида»ги Низомга асосан туман хотин-қизлар қўмитасига мурожаат қилиши таклиф этилган.
Бундан ташқари, ушбу туманда яшаётган фуқаро И.Р.га, унинг шароити инобатга олиниб, ҳомийлик маблағлари асосида 2 хонали турар жойни қуриш ишлари амалга оширилмоқда. Ҳозирда фуқаро И.Р.га кўп қаватли турар жойлардан вақтинча яшаб туриш учун хонадон ажратиб бериш чоралари кўрилмоқда.
Ўрганиш давомида аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича Мингбулоқ туман адлия бўлими томонидан туман ҳокимлигига жорий йилнинг 8 октябрь куни тақдимнома киритилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter