Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Одам савдоси қурбонлари USAID кўмагида Ўзбекистонга қайтарилди

Одам савдоси қурбонлари USAID кўмагида Ўзбекистонга қайтарилди

Фото: Халқаро миграция ташкилоти

2021 йил октябрдан ҳозирга қадар одам савдосидан жабрланган 35 нафар Ўзбекистон фуқароси ватанига қайтарилди, уларга AҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) кўмагида, «Istiqlol avlodi» нотижорат ташкилоти томонидан тиббий-ижтимоий реабилитация хизмати кўрсатилди. Бу ҳақда АҚШ элчихонаси матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон фуқаролари мажбурий меҳнат ва жинсий эксплуатация мақсадида хорижий давлатлар, жумладан, Россия ва Қозоғистонга олиб чиқиб кетилган.

«Одам савдоси – инсондан олди-сотди объекти сифатида фойдаланиш ва эксплуатация қилиш кўринишидаги глобал жиноятдир. Жинси, ёши ва насл-насабидан қатъи назар ҳар қандай шахс ҳудуд ва чегара билмас ушбу жиноят қурбонига айланиши мумкин. Одам савдосига қарши дунё миқёсида кураш олиб бориш USAID ҳамда АҚШ ҳукуматининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади», – дейди USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори в.б. Луанн Гронховд.

Қайд этилишича,  2005 йилдан буён AҚШ ҳукумати USAID орқали Ўзбекистонда одам савдоси тўғрисидаги хабардорлик даражасини ошириш ва ундан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш учун 9,6 миллион доллардан зиёд маблағ ажратди.

Одам савдосидан жабрланган шахсларни аниқлаш мақсадида, USAID Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси ҳамда маҳаллий шериклар, жумладан, ушбу комиссия аъзоси бўлган «Istiqlol avlodi» нодавлат-нотижорат ташкилоти билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Яқинда эса USAID кўмагида Жиззах шаҳрида мигрантларга мўлжалланган ахборот-ресурс маркази ишга туширилди. Марказда одам савдоси қурбонларини аниқлашга ёрдам бериш билан бирга, меҳнат муҳожирлари ва уларнинг оила аъзоларига маслаҳат хизмати кўрсатилади.

Одам савдосидан жабрланган шахслар аниқлангач, USAID уларни ватанига хавфсиз тарзда қайтариш ва жамиятга қайта интеграциялашда кўмаклашади. Мигрантлар, шу жумладан, одам савдоси қурбонларига психологик хизмат, ҳуқуқий маслаҳат, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва касбий таълим олиш имконияти берилади. Бундан ташқари, хавф гуруҳига мансуб шахсларга ҳам ёрдам кўрсатилади.

Аввал хабар берганимиздек, USAID Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши кураш борасида ҳам мамлакат ҳукумати билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг