Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Оддий фуқаро карантинни бузса – 15 сутка, амалдорга эса «ҳайфсан»! «Уйчидаги маишат»га ойдинлик киритилди

Оддий фуқаро карантинни бузса – 15 сутка, амалдорга эса «ҳайфсан»! «Уйчидаги маишат»га ойдинлик киритилди

Фото: Видеолавҳадан скриншот

Наманганнинг Уйчи тумани ҳокими дейилган шахс бир неча улфатлари билан карантинда маишат қилаёганига оид лавлаҳалар тарқалгани ҳақида хабар берилганди. Воқеликка бир қадар ойдинлик киритилди.

Уйчи тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбарининг «Дарё» мухбири Миролим Исажоновга маълум қилишича, дарҳақиқат, шундай зиёфат бўлиб ўтган ва у 28 июнь куни тумандаги емакхоналардан бирида уюштирилган (маълумот учун, 26 июнь ҳолатига кўра, Уйчи тумани «қизил» ҳудуд бўлган, шу боис тумандаги умумий овқатланиш муассасаларида зиёфат ўтказиш мумкин эмасди).

Эътиборли янгилик шуки, тарқалган лавҳада туман раҳбари деб қайта-қайта таъкид этилган шахс аслида ҳоким эмас, балки унинг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Мухторжон Бобожонов бўлиб чиқди. «Бундан ташқари, зиёфатда туман ИИБнинг ташкилий ишлар бўлими бошлиғи Ҳусанбой Тўхтабоев ҳамда Наманган шаҳар Давлат хизматлари маркази бошлиғи Нодирбек Исомиддинов ҳам қатнашган», дейилади хабарда.

Зиёфатда берилиб доира чалаётган фуқаро эса уйчилик созанда Мухторжон Турсунов экани аниқланган.

Туман ҳокимлиги мутасаддиси «гарчи ушбу ҳолат дам олиш куни, ишдан ташқари пайтда бўлиб ўтган бўлса-да», касб одоби ва этикасига тўғри келмаслигини таъкидлаган. Унга кўра, Мухторжон Бобожонов масъул раҳбар бўла туриб, карантин қоидаларига амал қилмагани, хатога йўл қўйганлиги ва мазкур хатти-ҳаракатлари учун унга туман ҳокимининг 12 августдаги фармойиши билан «ҳайфсан» интизомий жазоси қўлланилган.

Айни пайтда зиёфатда иштирок этган ИИБ ходимига нисбатан хизмат текшируви олиб борилмоқда.

Воқелик юзасидан охирги хабар шу. Кафдеккина маълумот билан танишар экансиз, кўнгилда оғриқли савол туғилади. Мутасаддилар «карантин қоидаларига амал қилмай» маишат қилгани инкор этилаётгани йўқ. Шунга қарамай, ҳоким ўринбосари «ҳайфсан» билан қутилиб қоляпти, холос. Агар унинг ўрнида оддий фуқаро бўлганида 15 сутка «илиб» кетиши эҳтимоли юз фоизга тенг эди. Шунинг ўзиёқ амалдаги қонун-қоидалар олдида барча баробар эсмаслигини кўрсатмаяптими?

ИИБ ва ДХМ масъулларига қандай чора кўрилиши ҳозирча номаълум. Уларга келганда қонунлардан «қувват» йўқоладими-йўқми, яқин келажакда аён бўлади, насиб...

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг