Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Оҳангаронлик ҳомиладор аёл туғуруқхонада вафот этди

Оҳангаронлик ҳомиладор аёл туғуруқхонада вафот этди

Иллюстратив фото

Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳрида ҳомиладор аёл қорнидаги ҳомиласи билан вафот этгани ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқларда тарқалди. Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ва Бош прокуратура матбуот хизмати ҳолатга муносабат билдирди.

Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси маълум қилишича, 2024 йилнинг 3 апрель куни соат 02:45 да 1992 йил Оҳангарон шаҳрида туғилган Х.А. қорин ва белдаги оғриқ билан Оҳангарон шаҳар тиббиёт бирлашмаси туғуруқ бўлимига «Ҳомиладорлик 4, 39 ҳафта туғуруқ 3. Туғуруқнинг 1 даври, латент фазаси. Семизлик 3 даража» ташхиси билан қабул қилинган. Бемор шифокорлар назорати остида бўлган.

4 апрель куни соат 14:10 да аёлнинг тўсатдан аҳволи оғирлашиб, ҳаво етишмаслиги ва юрак соҳасида оғриқ билан нафас олиши қийинлашган. Шундан сўнг зудлик билан реаниматолог чақиртирилиб, беморда зарур реанимацион чоралар амалга оширилган.

Шунга қарамасдан, соат 14:35 да аёлда биологик ўлим ҳолати кузатилган.

Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, беморнинг ўлимига юрак ишемик касаллиги, ўткир коронар етишмовчилиги, юрак мушакларининг гипертрофияси ва ўткир миокард инфаркти сабаб бўлган.

Асорати: Ўткир юрак ва нафас етишмовчилиги. Ўпка шиши. Бош мия шиши.

Ёндош: Ҳомиладорлик 4, туғуруқ 3,  ҳомиладорлик 39-40 ҳафта.  Бачадон шиллиқ қаватларига қон қуйилиши. Семизлик 3 даража.  Спленомегалия. Ўткир жигар гепатози. Бачадонда жинси эркак ҳомила. Ҳомила ичи асфиксияси.  Ҳомила антенатал ўлими.

Бош прокуратура матбуот хизмати ҳолат юзасидан прокуратура томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди.

«Текшириш ҳаракатлари ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўтказилиши ва натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади», — дейилади хабарда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг