Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Оилам» видеолойиҳаси: Иккинчи ҳаёт (видео)

Бугун турли воқеаларга гувоҳ бўладиган, айниқса, салбий воқеаларни яшира олмайдиган замонда яшаяпмиз, ҳали қарасанг, қайнона келинни урган, ҳали қарасанг, қайнона келинни ҳайдаган, ҳали қарасанг, қайнона ўғлини келиндан совитган.

Аммо биз ҳикоя қилмоқчи бўлган қайнона — умуман бошқача. Нафақага чиқиб ҳам тиниб-тинчимаган, ортидан бошқа қиз-аёлларни эргаштира олган, келинларини ишли қилган тадбиркор аёл. Аёлнинг оқила бўлгани оилани мустаҳкамлайди, деб ўйлайдиган зукко она.

«Оилам» видеолойиҳасининг навбатдаги қаҳрамони — Гавҳар опа Астаноқулова Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида яшайди. Ирригация соҳасида ишлаган опа пенсияга чиққач, ўзи айтганидек, иккинчи ҳаёти бошланади.

Гавҳар опа юрак билан боғлиқ хасталикни бошидан ўтказганидан сўнг ётиб қолади. Аммо унга миллий қадриятларимиз сингдирилган каштачилик ҳунари иккинчи ҳаёт берди. Айни пайтда Гавҳар опанинг уйида кашталар ва бошқа ҳунармандлик меҳнати ортидан яратилган ижод музейи бор. Музейда энг ажойиб кашталар, кўйлаклар, чимилдиқлардан тортиб кўзаларгача бор. Гавҳар Астонақулова бугун нафақат маҳалланинг чевар онаси, балки ёш қизларга ҳунарини ўргатиб келмоқда.

«Келинларим — илк шогирдларим, — дейди қайнона. — Мен улар  учун қайнона эмас, ўз онасидекман ва устозиман. Танловларда қатнашаман, улар доимо ёнимда, қизларга дарс беришга борсам, улар ҳам билганларини бошқаларга ўргатишади. Келиним Лолахон менинг ўнг қўлим, — таъкидлайди Гавҳар опа. — Яқинда АҚШнинг USAID ташкилоти танловида 5 миллион сўмлик грант ютиб олди, пулига тикув машинаси олиб бердим.

Шогирдларимга, келинларимга ҳунар ўргатаётганимда тарихимиздан ҳам сабоқ беришга ҳаракат қиламан. Масалан, мана бу каштани қаранг, нима учун кашта чекаси чегараланган қора жонона дейилади, бу дегани ҳамма ўзининг ҳаддини, чегарасини билсин, дегани экан...

Ҳа, Лола опа ижодкормасми, ҳар бир гапининг, фикрининг мағзи тўқ. Видеолавҳа давомида опанинг ўз қўллари билан тиккан кашталари, урчуқ йигириш, ип калава қилиш сабоқларини ҳам кўришингиз мумкин. Шогирдлари сафи кенгаяётгани эса миллий ҳунарларимизнинг умри боқийлигидан дарак.

Муаллиф: Барно Султонова,
Тасвирчи: Фаррух Алиев,
Монтаж устаси: Шерзод Қаюмов

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг