Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тухумдан қолган товуқлар ОКМК ишчиларига тарқатилмоқда

Тухумдан қолган товуқлар ОКМК ишчиларига тарқатилмоқда

Фото: Олмалиқ тумани ҳокимлиги

Бугун Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати антиқа хабар тарқатди ва унга қўшиб фотоларни улашди. Бу хабар маълум вақтдан кейин ҳокимлик телеграм каналидан ўчирилди, аммо бунгача у ижтимоий тармоқларда кенг тарқалишга улгурди.

«ОКМК АЖ томонидан комбинат ишчи-ходимларининг ижтимоий ҳимояси намунали даражада таъминланиб келиниши барчамизга маълум.

Мана, айни кунларда ҳам комбинат томонидан навбатдаги ана шундай хайрли ишга қўл урилди. Яъни, комбинатнинг ҳар бир ишчи-ходимига ойлик маоши ҳисобидан арзон нархда, 8200 сўмлик 1 донадан товуқ тарқатилмоқда.

Умид қиламизки, келажакда ушбу паррандалар ҳамшаҳарларимиз хонадонларига қут-барака бахш этгуси...

Ишчи-ходимлар бундай ижтимоий ҳимоядан мамнун бўлишиб, раҳбариятга каттадан-катта миннатдорликлар изҳор этишмоқда.

Баракалла, ОКМК!» — дейилади ҳокимлик хабарида.

Бу жиддий ёзилган матнмиди ёки киноями бир нарса дейиш қийин, аммо у ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Орадан бироз вақт ўтиб, Олмалиқ кон-металлургия комбинати «хавотирга ўрин йўқ» деб изоҳ билан чиқди.

Унда айтилишича, комбинат раҳбарияти ҳамда комбинат ходимлари касаба уюшмаси Кенгаши таклифига кўра, комбинат ишчи-ходимларига тирик вазнда биттадан товуқ берилган. Ушбу товуқларнинг ҳар бир донаси 8200 сўмдан(ҚҚСсиз) баҳоланиб, бу маблағ ишчилардан ушлаб қолинмаган. Фақат ушбу маблағдан, ўрнатилган тартибда ишчиларнинг ойлик маошидан даромад солиғи (1020 сўм) ушлаб қолинган.

Истеъмол моллари ишлаб чиқариш бошқармасининг Паррандачилик фермаси ветеринари Анвар Ҳайдаровнинг маълум қилишича, фермада боқилган «Ломанн сенди» зотли товуқлари фақат тухум қўйишга мўлжалланган бўлиб, жўжа пайтидан 120 кунлик бўлганидан сўнг, тухумга киради ва тўхтовсиз 580 кун давомида тухум қўйишади. Германиянинг машҳур тухум қўйишга мўлжалланган бу товуқ зоти маҳсулдорлиги билан ажралиб туради. Паррандачилик фермасидаги товуқларнинг тухум қўйиш муддати ўтаб бўлинганлиги сабабли ҳамда иқтисодий самарадорлиги камайганлиги боис, ушбу товуқларни сотиш керак бўлган. Бу масалада тадбиркорлар комбинат раҳбариятига товуқларни сотиб олиш таклифи билан чиққан. Аммо, товуқлар комбинат ишчиларига ижтимоий ҳимоя ёрдами сифатида, беғараз тарқатилишга қарор қилинган.

«Айни пайтда бу паррандаларнинг туллаш мавсуми бўлганлиги сабабли товуқларнинг патлари тўкилган. Аммо, гўшти истеъмолга яроқли ва ҳеч қандай шубҳага ўрин йўқ», дейилади ОКМК ахборот хизмати хабарида.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг