«Опен бюджет» ёхуд овоз савдоси бозори: кимга бахт кимга қайғу?!

Ўтган йили худди шу пайтлари бировдан нарса сўрашни ўзига эп кўрмайдиган, иши тушса минг ҳижолат бўладиган танишим «Опен бюджет»(«ташаббусли бюджет») учун овоз беришимни айтиб қолди. Хўп, дедим, бир неча бор уриниб охири овоз беришга эришдим. Танишим тинмай рахмат айтди битта овозга, жуда ҳижолат бўлиб кетдим унинг рахматларига. Қариндошлар группасига илтимослар қилиб ёзди, ўзи салга ҳижолат бўлиб кетадиган одамнинг аҳволини тасаввур қилинг энди. Қийналган пайти ҳам ўзига бировдан нарса сўрамайдиган, ори кучли шундай одамларнинг қанчасининг юзи қизарди шу овозни деб. Тиламчилик қилмаса бўлмаса, ишхонасида қанчадир овоз йиғиши шарт қилиб қўйилган, бош кўтарса аниқ ишидан қуруқ қолади. Унга ёрдам дея икки-уч танишимни кўз остимга олдим, қани энди ҳижолатлигимни енголсам, қани энди овоз бериб юборинг деб айтишга юзим чидаса. Энди ўйлаб кўринг бир ходим 100 та овоз йиғиш учун юз минг марта ерга киргудек бўлишини, бу хўрликдан бошқа нарса эмаслигини ўша пайти ҳис қилгандим. «Опен бюджет» машмашаси бугуннинг муаммоси эмас. Яъни шоир айтганидек, биз баҳорни шундай қаршилаймиз: ҳар баҳор ҳам шу бўлар такрор, ҳар баҳор ҳам шундай ўтади. Бу ҳақда ижтимоий тармоқлар ва ОАВ нашрларида тинимсиз чиқишлар қилинмоқда. Аммо фойдасиз. Куни кеча метродан чиқаверишда жуда кўп овоз беришга чақираётганлар орасида бир йигит эътиборимни тортди: нақ қуллуқ билан, эгилиб илтимос қилаяпти-да. Наҳотки шу ҳолатларни «Опен бюджет» лойиҳаси ташкилотчилари кўрмаётган бўлса? «Опен бюджет» ҳақида миш-мишлар ва ҳақиқатлар наҳотки раҳбарларни бефарқ қолдирса, наҳотки улар ижтимоий тармоқлардаги муҳокамалардан кўз юмишса... Биргина facebookдаги овоз йиғиш воқеалари билан боғлиқ постларга на кулишни, на куйишни билмайсиз.
(Сурат интернет, очиқ манбалардан олинди)
Ҳатто бу ақли ноқисликдек иш, дегандек фикр билдирган ўз саҳифасида психолог Наргиза Қурбонова: «Метродан чиқсам «овоз, овоз» деб 20га яқин эркаклар бақириб туришибди. Олдинига тушунмадим, нима бўляпти деб. Кейин «Битта овоз 250 000», «Овозла 500 000 бўлиб кетди, иккитаси» дегандан кейин тушундим (нархни сарказм қилиб кўтариб айтишаётган эди).
«Опен бюджет» ва шунақа пул кетқазиб овоз йиғишни жорий қилганларни клиник психолог кўриги кейин психиатр кузатуви шарт шекилли... »
Шарофиддин Тўлагановнинг сарказм билан қўйган постини эса биров тушунди, биров тушунмади:
«Метронинг «Беруний» бекатига тушаверишда 10-15йигит «Опен бюджет 25минг сўм» деб бақириб турибди. Чиқишда ҳам шу ҳолат. Демак, 30 киши вақтинча бўлса ҳам иш билан таъминланган. Яна денг пул бериб муҳтожларнинг ҳожатини чиқаришмоқда. Шу сабабли, сиз ичи қоралар, негатив қидираверманглар».
Нодирбек Рахимовнинг ташвиши эса ҳаммасидан ўтиб тушди:
«Опен бюджет! Кеча ӯғлим 5 та овоз олиб берибди, таниш-билишларга телефон қилиб. 150 минг сўм ишлабди. Бугун репетиторига пул бераман десам, дада, пулим бор, бу ҳафта ичида сиздан пул олмай тураман деди. Энди, шу пулни мендан яширганида нима бўларди? Бошқа, ўзи қизиққан бирор ишга сарфлаб юборса нима бўларди? Энг қизиғи, берилган овозларнинг бирортаси системада саноқдан ўтмаган. Яъни, 150 мингга сотилган овозлар «Опен бюджет»системасидан ўтмай қолган.
Шунда ким айбдор?
Менинг ўғлимми ёки вояга етмаган ўсмирлардан овоз йиғаётганларми?
Балки, фарзандини яхши тарбиялай олмаётган, замоннинг тобига тутиб бераётган мен айбдорми?»
Тўғри бу борада яъни мажбурлаб овоз йиғишларга барҳам бериш мақсадида ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаяпти: «Ўзбекистон Республикаси президентининг ПҚ-117-сон қарори 6-бандига асосан, ташаббусли бюджетлаштириш жараёнлари доирасида бюджет ташкилотларининг раҳбар ходимлари томонидан мажбурий овоз йиғиш бўйича ходимларга топшириқ беришлари тақиқланади. Бу мажбурий меҳнатга жалб қилиш сифатида таснифланади.
Меҳнат кодексининг 5-моддасига асосан мажбурий меҳнат тақиқланган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддасигa мувофиқ меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шу ҳаракат такроран ёки вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилса, Жиноят кодексининг 148²-моддасиa асосан жавобгарликка тортилади. Мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатларига дуч келсангиз Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг 71 200-06-00 ишонч телефонига қўнғироқ қилинг», дейилади Бандлик вазирлиги ахборотида.
Куни кеча Фарғонада «Опен бюджет»учун пул йиққан мактаб директори ишдан олинди.
Аммо бу ҳужжатлар тор доирада ишлайди. Юқорида ёзилганидек вояга етмаганлардан овоз олиш-чи? Умуман нима учун маблағ сарфланиб овоз йиғилиш керак. Ахир овоз бераётганларнинг ўша мактабга ёки кўчага ёки касалхонага умуман алоқаси бўлмаса-чи? Қани бу ерда адолат?
Пойтахт кўчаларида кузатишларимизга қараганда овоз йиғиб юрганлар асосан вилоятларидан келишган. Уларнинг айтишича, овоз тўплашга кетадиган маблағни оддий аҳоли, нафақадагилар ва ҳатто чет элда ишлаётган муҳожирлардан олаётган эмиш. Энди савол туғилади, аҳолидан овоз олиш учун йиғилган пулларга ўша муаммоларни ҳал қилса бўлмайдими ёки «Опен бюджет» баҳона бунинг ортида бошқа мақсадлар борми? «XXI аsr» газетасидаги «Опен бюджет: ҳалол ва ғирром «ўйинлар»ми?!» мақоласида ҳам шу саволлар ўртага ташланган:
«Ака, ишонинг, неча йилдан бери жонимизни жабборга бериб ана шу «Опен бюджет» да қатнашамиз. Ҳатто Россияда мардикорликда юрган бечора ҳамқишлоқларимиз ҳам қанча миллион-миллион пул ташлашди. Неча юзлабдир, миллион сўм пул йиғилди. Барибир ютолмадик. Ёнимиздаги ...қишлоқ иккинчими, учинчи мартаям ғолиб чиқибди. Ёқамизни ушладик, ҳалоли бўлсин дедик. Лекин улар қандай ютаяпти, ҳамма ҳайрон. Охири ўша қишлоқда яшаётган яқин бир танишимдан сўрадим. «Опен бюджет»ниям чалғитаётган устамонларнинг «махинацияси»ни эшитиб, қотиб қолдим. Улар, масалан, ўтган йилги «Опен бюджет»да асфальт учун ажратилган маблағнинг маълум бир қисмини тендерда ана шу лойиҳани ютиб олган ҳалиги «йўлсоз-тадбиркор» билан ўзаро келишиб қолдиришаркан ва ўша пулни кейинги «овоз бериш»га ишлатишаркан. Натижа эса яна шу қишлоқ аҳли ғолиб! Яқинда яна шу қишлоқ иккита мини-стадионча учун овоз тўплаётган экан.
«Минг югурганимиз билан улар яна ютади, бизлар куйиб қолаверамиз» деди у ғамгин овозда... »
«Опен бюджет» машмашаси бугунги ёки кечаги гап эмас. Бу ҳақда таниқли блогерлардан бири Фотима Жўраева 2023 йил март ойида тўғридан тўғри Президентимизга, Танзилла Норбоевага, Сардор Умрзақовгача мурожаат билан чиқди: «Бозорга бориб, ҳар қадамда халқимизнинг овоз сўраб юрганини кўриб, кўнглим ноҳуш аҳволга тушдим, рости....
Бу сизларга ҳам ғалати эмасми?!
Наҳот, бирор бир йўлни, мактабни, касалхонани таъмири учун аҳоли овоз тиланиб юрсалар?!
Янгиликларда эса деярли ҳар куни миллиардлаб давлат бюджети маблағларини талон-тарож қилинганлиги ҳақида ўқиб қоляпмиз. Талон-тарож қилганлар жавобгарликка тортилиши ҳақида ёзиляптию, лекин талон-тарож қилинган пулларни қайтарилиши ҳақида ҳеч гап йўқ...
Ўша талон-тарож қилганлардан пулларни ундиртириб, мана бу ялиниб юрган халқимиз орзуларига яъни равон йўллар, гўзал мактаблар, касалхоналарга йўналтирилса, бўлмайдими?!»
Умуман олганда овоз йиғишчалик танқид қилинмаган воқелик бўлмаса керак. Шоирдан тортиб қўшиқчигача, аскиячидан тортиб каррикатура рассомигача бу мавзу энг долзарбга айланган.
(Сурат интернет, очиқ манбалардан олинди)
Элдор Мадатов овоз йиғувчиларни шайтонга ўхшатади:
«Одамлар бор гуноҳ қилса мени «шайтон йўлдан урди» деб, шайтонга ағдаради. «Қачон ички йўллар асфальт қилинади? Неча йиллардан бери шу аҳволда юрибмиз» – деб амалдорларга юзлансангиз «опен бюджетга овоз йиғинглар» деб қутулишмоқда. Шу амалдорларга баҳона топиб берганлар қайси қишлоқдан чиққан экан-а? Халқ сўровига «Опен бюджет» дан бошқа йўли йўқ деб, ўзидан юкни соқит қилиб, оппоқ бўлиб юрганлар кечаси виждонингиз қийнамаяптими? Яхши ухлаяпсизми? Бир донишманд айтган экан, тўнғизнинг терисини виждонни ўлдиради деб. Омадингизни берсин… шайтонлар».
Одил Оға эса «Опен бюджет»чиларни тўртлик ёзиб уялтирмоқчи:
Ўйлардим: ҳайқирсам етади ойга,
Бўйин эгмас эдим мансабдор, бойга.
Ғурур – овозимни нархлашди бугун –
Овозимни сотдим бир кило мойга!
(Сурат интернет, очиқ манбалардан олинди)
Муаллифи номаълум ушбу шеър эса неча марталаб улашилди экан:
«Опен бюджет» деган сўз,
Тилимизга ёд бўлди.
Кимга қувонч, шодлигу,
Кимгадир фарёд бўлди.
Минг овоз эвазига,
Машинасин қўйган ким!?
Кўчам асфалт бўлсин деб,
Қўчқорини сўйган ким!?
Омон бўлсин майлига,
Бир йўлини топганлар.
Бир баклашка ёғ учун,
Овозини сотганлар.
Кимнинг кўнгли тор келиб,
Кимнинг феъли кенг бўлар.
Бир овознинг баҳоси,
Тиллоларга тенг бўлар.
Шошилинг, чопинг дўстлар,
Кундузидир ё тундир.
Улгуриб қолмоқ керак,
Овоз йиғиш ўн кундир!
Овозим қиммат, дея,
Нархин ошириб, нозлар.
Кейин бир пулга қиммат,
Берилмаган овозлар.
Овоз излаб ҳар ёқдан,
Қадамлар ҳам ташланди.
Ва ниҳоят, дўстларим,
«Опен бюджет» бошланди!
Шу овоз йиғишни деб одамлар нималарни ўйлаб топишмоқда, бунақаси ҳеч қаерда бўлмаса керак. «Халқлар дўстлиги» метро бекатида бир овоз нархи 50 мингга чиқибди. Бундан ташқари ҳар овоз берганга жонли ижрода «Жононим» қўшиғини айтиб беришяпти. Халқ буюк ижодкор», деган пост эса жуда ачинарли ҳолатдан дарак.
(Сурат интернет, очиқ манбалардан олинди)
«Опен бюджет» авжига чиқмоқда.
Авғонбоғ автостанциясида битта овозга уч литр ёғ бериладиган бўлибди».
Ушбу постга ёзилган изоҳларни айтинг-айтинг хорижликлар ўқиб устимиздан кулмасин...
Баҳром Аҳмедов: Қўзи бўлса битта овоз бор.
Шукуржон Исроилов: Наврўзгача беш литрга кўтарилиб қолар.
Зокир Шокиров: Ҳар баҳор ёғ заводида байрам!!!
Қаҳҳоржон Умаров: Янги бозорда 2 литрга чиққанига анча бўлдику...
Овоз бериш машмашаси ҳақидаги ижод намуналаридан энг креативи у ҳақдаги мақоллар бўлди:
Онангни отангга овоз бермаса, кўрсатма!
Бошингга қилич келса ҳам, «опен бюджет»га овоз бер.
Овоз берганнинг бетига қарама.
Келинни келганда кўр, овозни берганда кўр!
Дўст«Опен бюджет»га овоз сўраганингда билинади!
«Опен бюджет» билан обод кўчанг, гар бўлса у вайрона ҳам.
Гар смс бўлмаса, вайронадир кошона ҳам.
Овоз берган кишини тиллодан қил тишини.
Овозинг ҳалол бўлса, кўчада бер!
Йигит кишига 40 овоз ҳам кам.
Олтин олма, овоз ол, овоз олтин эмасми?
Оғзи қийшиқ бўлса ҳам, «Опен бюджет»га овоз берган гапирсин.
Опен бюджетдан аразласанг, кўчангга зарар.
Овоз йиғолмаган қиз эрга ёлчимас.
Овоз берган сенга гапираман, овоз бермаган, сен эшит!
Ва ниҳоят Сирожиддин Рауф айтганидек, апанди, апанди, сакраб эшакка минди, деган қўшиққа ўхшайди шу овоз йиғиш. Энди бу «иннавация»дан қайтиш қийинми?...
Барно Султонова тайёрлади
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter