Оққўрғон воқеаси. Айбдорларга жиддий чора кўрилади
Хабар берганимиздек, бугун Оққўрғон воқеаси ортидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш масалалари комплексининг раҳбари Зойир Мирзаев ўз вазифасидан озод этилиши кутилмоқда.
Таъкидлаш керакки, Оққўрғонда рўй берган ҳодисалар ортидан Бош вазир ўринбосарининг ишдан олинаётгани Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида мажбурий меҳнатнинг барча кўринишига қарши курашиш ҳамда инсон қадр-қиммати давлат сиёсати даражасига кўтарилаётганидан дарак бермоқда.
«Xabar.uz»нинг ҳукуматдаги манбасига кўра, Оққўрғон воқеаси Президентга қадар етиб борган. Айтилишича, бундан кейин бу борадаги курашда мансабдор шахснинг эгаллаб турган лавозими ва даражасидан қатъи назар кескин кураш олиб борилади. Оққўрғон воқеаси пухта ўрганилиб, воқеага алоқадор ва айбдор шахслар фақатгина лавозимидан бўшаш билангина кифояланмайди. Иш жиддий жавобгарликка қадар етиб бориши мумкин.
Бугунги ўзгаришларни Ўзбекистон ҳукуматининг халқаро меҳнат нормалари талаблари доирасида, инсон шаъни, унинг ҳуқуқ ва кафолатларини том маънода таъминлаш учун амалга ошираётган амалий ҳаракатларнинг намунаси сифатида эътироф этиш мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter