«Ўзбектелеком»: Иш юритиш ва мурожаатлар билан ишлаш бўйича ўқув курси ўтказилди

Иш юритиш, ижро интизоми, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш, шунингдек, архив ишини ташкил этиш фаолиятнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу мақсадда «Ўзбектелеком» АКнинг «Телекоммуникация ва персонални ривожлантириш маркази» филиали томонидан ушбу мавзуда навбатдаги ўқув курси ташкил этилди.
Мазкур курс компания ва унинг ҳудудий филиалларида ушбу йўналишларда фаолият юритаётган ходимлар учун онлайн форматда ўтказилди. Унда иш юритиш, ижро интизомини таъминлаш, мурожаатлар билан ишлаш ва архив ишини ташкил этишга оид муҳим жиҳатлар қамраб олинди.
Уч кун давом этган ўқув машғулотлари доирасида Ўзбекистон Миллий архиви, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, «Ўзбектелеком» АК марказий аппарати ва бошқа илмий-амалий ташкилотларнинг тажрибали мутахассислари томонидан маърузалар тингланди.
Тингловчилар иш юритиш ва архивлаштиришнинг ҳуқуқий асослари, фармойиш ва буйруқлар билан ишлаш тартиби, идоралараро ҳужжатлар айланиши, мурожаатлар билан ишлашда давлат сиёсати ва қонунчилик талаблари, шунингдек, мурожаатларни кўриб чиқишда давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари борасидаги билимларини мустаҳкамлашди. Бундан ташқари, стрессга бардошлилик ва низоларни бошқариш бўйича амалий психологик машғулотлар ҳам ўтказилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter