Отага кўтарилган қўл

Бизга болаликдан ҳар бир инсоннинг Яратганни таниши ва фақат Ундан мадад сўраши, ота-онага ҳурмат, кичикларга иззатда бўлиш кераклигини қон-қонимизга сингдириб келишган. Айниқса, оилада отанинг ҳурматини жойига қўймоқ фарзи айн ҳисобланган. Авваллари бола ота ўтирган уйнинг томини кураши (қор ёққанда) беодоблик саналган экан.
Камина мулла бўлган отам ўқиган китобларни тинглаганимда, Яъқуб, Юсуф алайҳиссаломлардан ёзиб қолдирилган кечмишларидан бу ҳақда кўп эшитганман. «Отанг тентак бўлса, бойлаб боқ» деган нақл бор. Буларнинг ҳаммаси бизни бунёдга келтирган, едириб-ичирган, вояга етгазган ота аталмиш инсонга ҳар қанча ҳурматимиз, хизматимиз камлигини англатади.
Афсуски, ҳали ҳам орамизда имони мужмал, келажакни ўйламайдиган ўғиллар учраб туради. Исботи учун ўзим дуч келган бир воқеани сўзлаб берай.
Хўжаликда ишлаб юрган пайтларимда бир қўшним бўларди. Даромади катта эди шекилли, тезда бойиб кетди. Босар-тусарини билмай қолди. Юз-икки юзта қўй олди. Қари отаси бор эди, шу қўйларга қарарди. Мен авваллари бир-икки марта отасини, қўйга қарамаяпсан, деб жеркиганини эшитгандим. Бир куни эса...
Эрталаб турсам, ғовур-ғувур овоз эшитиляпти. Тинчлик эмас-ов деб ўтиб бордим. Бойвачча қўшним, нега қўйни барвақт ҳайдамадинг, деб отасини уряпти! Ўзининг отасини!
– Ҳой, нима қиляпсиз? – деб югуриб бордим. – Бу киши отангиз, ахир! Қўйларни боқаётган бўлса, яна нима қилсин? Охири яхши бўлмайди.
Бойвачча қўшним менга ҳам хезланди:
– Тур, йўқол! Сен кимсан, менга ақл ўргатадиган? Ҳозир сениям абжағингни чиқараман.
Отасини билмаган бу нонкўрга сўзим ҳайф эканини билдим ва ичимда минг дард билан орқага қайтдим. Шу-шу, у кўзимга балодек кўринадиган бўлди, кўзим тушса, кайфиятим бузиларди. Аммо дунёни мол билан ўлчовчилар учун бу қўшним ҳурмат-эҳтиромга сазовор одам эди...
Йиллар ўтди. Унинг отаси кўпга бормай ўлиб кетди. Қўшним қатор-қатор қўйлар сўйиб, маъракаларини ўтказди. Яна йиллар ўтиб, ўзи ҳам кексая бошлади. Аста-секин отасининг ҳолига тушди. Болалари шу тарбия билан ўсган-да! Охири нима бўлди, денг!
Бир куни эрталаб турсам, ҳовлимизда дусур-дусур. Олдинда ўша қўшним, орқасидан иккинчи ўғли ўроқ билан қувлаяпти. Ё, тавба, дедим. Қўшним бечора нажот истаб, ҳовлимизга қочиб кирган экан. Жон ҳолатда чопдим. Молхонага етганда ўғил отасини уриб ерга йиқитди.
– Ҳой ука, нима қиляпсан, ахир бу отанг-ку!? – дедим етиб бориб.
– Сиз аралашманг, нари туринг, – ўдағайли ўғил. – Акс ҳолда сизга ҳам ёмон бўлади.
Турган жойимда карахт бўлиб қолдим. Авваллари «қирқ йилда қайтади» дейишарди. Буларники йигирма йилга ҳам бормади.
Бола отасини нимадир деб туртар, ота эса кўзи тўла жиққа ёш, менга қараганча жавдираб нажот кутарди...
Абдуғаффор Шодмонқулов.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter