Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент Ойдин Ҳожиеванинг вафоти муносабати билан таъзия билдирди

Президент Ойдин Ҳожиеванинг вафоти муносабати билан таъзия билдирди

Ўзбек адабиёти оғир жудоликка учради. Ўзбекистон халқ шоири, таниқли ижодкор, жамоат арбоби Ойдин Ҳожиева 81 ёшида вафот этди.

Ойдин Ҳожиева 1942 йил 22 апрелда Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги Бўстон қишлоғида туғилди. Ушбу тумандаги ўрта мактабни тугатганидан сўнг Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг филология факультетида таҳсил олди. «Шарқ юлдузи» журналида адабий ходим, бўлим мудири, кейинчалик «Гулхан» журналида бош муҳаррир вазифасида хизмат қилди.

Ойдин Ҳожиева машҳур Зулфияхонимнинг муносиб издоши сифатида Ўзбекистон хотин-қизларининг «Саодат» журналида самарали ишлаб, кўп йиллар унга бош муҳаррирлик қилди. Бу даврда ушбу нашр мамлакатимиз хотин-қизларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қиладиган, опа-сингилларимизнинг ҳаёти, орзу-интилишларини ҳаққоний акс эттирадиган нуфузли сўз минбарига айланди.

О.Ҳожиева эл-юртимизнинг юксак эътирофи ва меҳрига сазовор бўлган устоз ижодкорлардан бири эди. Унинг «Шабнам» деб номланган дастлабки  шеърий китоби 1970 йилда нашр қилинди. Ўзининг қарийб олтмиш йиллик ижодий фаолияти давомида шеърият ва публицистика жанрларида «Манзиллар», «Мен севган қўшиқ», «Наво», «Хушхабар», «Мушфиқ онажон», «Чашмаларни излайман», «Танланган асарлар» номли ва бошқа ўнлаб бетакрор асарлар яратиб, Ватанга муҳаббат ва садоқат, онага, аёл зотига юксак эҳтиром, қадрдон заминга беқиёс меҳр каби туйғуларни ўзбек шоираларига хос юксак назокат ва ёниқ қалб билан куйлаб ўтди.

Унинг асарлари дунёнинг ўнлаб тилларида нашр этилган эди.

Ўз навбатида Ойдин Ҳожиева кўплаб жаҳон ва қардош халқлар адабиёти етук намояндаларининг шеърий асарларини ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг фаол аъзоси сифатида мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб этиш, адабий жараёнларни янги босқичга кўтариш, ёш истеъдод эгалари, айниқса, ижодкор қизларни тарбиялаш борасида ҳам ибрат кўрсатди.

Ойдин Ҳожиеванинг миллий адабиётимизни ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У «Ўзбекистон халқ шоири» фахрий унвони, «Эл-юрт ҳурмати», «Фидокорона хизматлари учун» орденлари билан мукофотланган эди.

Таниқли ижодкор, меҳрибон устоз, самимий ва камтарин инсон Ойдин Ҳожиеванинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.

Ш.Мирзиёев, Т.Норбоева, Н.Исмоилов,

А.Арипов, З.Маҳкамова, С.Саидов

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг